Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:22

АҚШ ва Россия ЕХҲТ келажаги борасида баҳслашди


Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг 4-5 декабрь кунлари Брюсселда бўлиб ўтган йиғилишида аҳамиятли бирорта қарорга келингани йўқ.

Бунга ЕХҲТдаги етакчи давлатларнинг бир фикрга кела олмагани сабаб бўлди.

Йиғилиш тугагандан сўнг АҚШ давлат котиби ўринбосари Николас Бернс Европа ва Марказий Осиё давлатларида демократияни мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилашда ЕХҲТнинг роли оширилиши кераклигига урғу берди.

“Евроатлантика жамоатчилиги олдида турган долзарб масалалардан бири Болқон, Марказий Европа, Кавказ ва Марказий Осиёдаги ёш демократик республикаларнинг қандай қилиб ҳақиқий демократик давлатларга айланиши масаласидир. Бу жараёнда ЕХҲТ барчамиз, хусусан, Евроатлантика жамоатчилиги учун энг муҳим ташкилот ҳисобланади. Чунки бу ташкилот сайловларни объектив кузатади, демократия, инсон ҳуқуқларини яхшилаш ва адолатли сайлов ташкил этишда холис маслаҳат беради”, - деди АҚШ расмийси.

Н.Бернс Россия АҚШнинг ЕХҲТ ролини ошириш ҳақидаги декларация лойиҳасини қўллаб-қувватламаганини билдирди. Ундан олдин Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ таклиф этган декларация лойиҳаси ҳозирги кун муаммолари, яъни халқаро терроризм ва наркотиклар контрабандаси каби муаммоларга эътибор қаратмаганини айтганди.

Россия инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ноҳукумат ташкилотларнинг ЕХҲТга аъзо давлатлар томонидан ҳимоя қилинишини назарда тутган бошқа бир ҳужжат лойиҳасини ҳам қўллаб-қувватламади.

ЕХҲТ раислигини тарк этаётган Бельгия ташқи ишлар вазири Карел де Гуҳт йиғилишдаги бу ҳолатдан норозилик билдирди.

“Мен инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳақида муҳим қарор қабул қилинишига тўсқинлик қилинганидан афсусланаман, холос”, - Карел де Гуҳт

У ўзининг якуний нутқида ЕХҲТга аъзо давлатларнинг аксари инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари муҳофаза қилиниши керак, деган фикрда эканини таъкидлади.

Николас Бернс эса АҚШ ва Россия ўртасида Грузия ва Молдова масаласида ҳам жиддий келишмовчилик борлигини маълум қилди. У Россия бу икки давлат билан боғлиқ можарога оид декларациянинг қабул қилинишига қарши бўлганидан афсусланиш билдирди.

ЕХҲТ йиғилишида Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал этиш борасида бироз олға силжиш рўй бергани маълум қилинди.

Қозоғистон 2009 йилда ЕХҲТга раислик қилиш учун ўз номзодини қўйган эди. Брюссель учрашувида бу масала келаси йил ноябрь ойигача муҳокама этилиши ҳақида қарор қабул қилинди.
XS
SM
MD
LG