Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:01

Қозоғистон коррупция ботқоғига ботиб бормоқда


Жорий йилнинг дастлабки 10 ойида биргина Жанубий Қозоғистонда коррупция билан боғлиқ 600га яқин ҳолат қайд этилди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 13 фоиз ортиқдир.

Чимкент шаҳри ҳокимлигида коррупцияга қарши кураш мавзуида ўтган йиғилишда шаҳарда коррупцияга тааллуқли 39 ҳолат рўйхатга олингани, уларнинг аксарияти давлат хизматчилари томонидан содир этилгани айтилди.

Шаҳар ҳокими ўринбосари Каримхон Қодирбеков сўзларига кўра, ўтган йили давлат хизматчиларининг пора олиши билан боғлиқ олти ҳолат аниқланган бўлса, бу йил 14 давлат хизматчиси пора билан қўлга тушган. Ҳуқуқ-тартибот соҳасида авж олаётган коррупцияга қарши кураш доирасида мазкур идораларнинг 10 ходими ушланган. Солиқ идораларининг 3 ходими шундай жинояти учун ҳибсга олинган. Маҳаллий ҳокимлик идоралари ва соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам коррупция кучайган.

“Трансперенси интернейшнл” халқаро ташкилотининг дунё мамлакатларида коррупция бўйича рўйхатида Қозоғистон илк бор 1999 йилда пайдо бўлганди. Ўтган йили эса бу рўйхатда мамлакат 107-ўринни эгаллади.

Ташкилот маълумотига кўра, Қозоғистонда коррупция, айниқса, нефть соҳасида ривожланган бўлиб, Ғарб компанияларидан олинган пора маҳаллий амалдорларнинг чўнтагини қаппайтирмоқда. Бошқа соҳалар, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш ҳам бу салбий ҳолатдан холи эмас.

”Жума таймс” газетаси мухбири Бобораҳим Кенжақораевнинг айтишича, янги гўдак дунёга келгандан бошланган пора бериш жараёни у вафот этганда, яъни дафн этилаётганда ҳам давом этади.

“Мактабда пора, институтга кириш пора, ишга кириш пора, амалга эришиш пора, барча-барчаси фақат пора эвазига амалга оширилади”, - дейди журналист.

Қозоқ мухолифати лидери Жармахон Туяқбой “Озодлик”ка берган интервьюсида мамлакатдаги деярли барча олий ўқув юртларида коррупция билан боғлиқ ҳолатлар кўплаб учраётганини айтади.

“Пора олиш оммавий тус олмоқда. Институтга кириш учун пора, зачёт топшириш учун пора, имтиҳон учун пора. Энг ёмони, тўла билим бермаса ҳам пора олинади. Ҳамма офат шунда. Халқни кўр-кўрона алдаш билан шуғулланишмоқда. Порани умуман йўқотишнинг иложи бўлмаса керак. Лекин уни камайтириш мумкин. Биринчи навбатда, раҳбар шахс пора олмаслиги шарт. Шундагина унинг қўл остида ишловчи ходимлар пора олмайди”, - дейди Ж.Туяқбой.

Ҳукумат доираларидаги жиноятчилик ва коррупция бўйича маҳаллий эксперт Владислав Максимов сўнгги вақтларда Қозоғистонда порахўрлик авж олиб кетаётганини таъкидлади.

”Ёрдам пулига муҳтож қанчалаб бахтсиз аёллар бор, пенсия ололмаётган пенсионерлар, ветеранлар сони қанча. Улар ёрдам сўраб ҳукумат вакилларига мурожаат қилади. Чунки пора беришга пули йўқ. Маҳаллий ҳокимлар бўлса оддий одамлар тақдирини ўйинчоқ қилади. Коррупция Қозоғистонни емиряпти. Оддий халқнинг аҳволи жуда ёмон. Бунинг олди олинмаса, жуда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин”, - дейди эксперт.
XS
SM
MD
LG