Линклар

logo-print

Биринчи гуруҳ ногирони ҳизбчиликда айбланмоқда

  • Алишер Сиддиқ

Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланаётган ногиронлар сони яна биттага ошди. Бу сафар биринчи гуруҳ ногирони “Ҳизб ут-таҳрир” оқимига аъзолик айбилан судга тортилди.

40 ёшли Иброҳим Маҳмудов Тошкент шаҳри жиноят ишлари судига ўз оёғи билан келгани йўқ. Бу ерга у ногиронлар аравачасида олиб келинди.

И.Маҳмудовга қарши кўрсатма берганлар қийноққа тутилгани учун тергов протоколларига имзо қўйганини судда оқизмай-томизмай айтди. Барча гувоҳлар уни ҳатто танимаслигини билдирди.

Қонун олдида барча баробар, аммо И.Маҳмудовга қўйилган аксилконстуциявий фаолият айби Ўзбекистонда ёш танламайди. Айбланувчининг қандай аҳволда экани ҳам аҳамиятсиз қолиб кетади.

Ноқонуний диний-сиёсий фаолиятда айбланиб қамалганлар орасида ногоронлик аломатлари яққол кўринганлар талайгина. Икки кун олдин И.Маҳмудов билан кўришган мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов энди унинг судга тортилаётганидан ҳайратда эканини яширмади.

“Бу одамнинг иккала оёғи ишламайди. У фақат ногиронлар аравачасида ўтиради. Ички аъзолари ҳам касал. Ўнг қовурғаси олиб ташланган экан. У қаровсиз ҳеч нарса қила олмайди. Шунинг учун бундай ногирон нега судга тортилганидан ҳайрон бўлдим”, - дейди С.Икромов.

Аммо Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланиб қамалганлар орасида ногиронларнинг борлиги ҳайратланарли ҳодиса бўлмай қолгандек. Вояга етмаганлар, аёллар ёки ёшини яшаб бўлган қариялар ҳам бундай айблар қўйилиб қамалгани маълум. Ногиронлар эса умумий манзарани тўлдиради, холос.

2004 йилдаги Тошкентдаги портлашларга алоқадорликда айбланиб қамалган юзлаб диндорлар орасида 42 ёшли кўзи ожиз Суннатулла Таласов ҳам бор эди. Ногиронлигини ҳам ҳисобга олмай, судья уни 10 йилга озодликдан маҳрум этиш тўғрисида қарор чиқарганди.

С.Таласовнинг қамоқда тортаётган азоблари ҳақида унинг турмуш ўртоғи гапириб берди.

“Бошқа маҳбуслар бирор иш билан машғул бўлса, хўжайиним эрталабдан кечгача бир жойда ўтиради. Айрим маҳбуслар унга ёрдам берса, бошқалари кўзи ожизлигидан фойдаланиб, уни масхара қилар экан”, - дейди кўр маҳбуснинг хотини.

Тошкентдаги аёллар колониясида саратон касалига чалинган иккинчи гуруҳ ногирони 28 ёшли Нилуфар Ҳайдарова ҳам бор. Касалванд Нилуфар конституциявий тузумга тажовуз қилиш айби билан 2,5 йил аввал қамалган эди. Унинг маҳбусликдаги умри, асосан, қамоқхонанинг тиббий ёрдам кўрсатиш пунктида ўтишини айтади Нилуфарнинг онаси Лидия Ҳайдарова.

“У тиббий ёрдам кўрсатиш қисмида ётади, бироз даволаниб чиқади, кейин яна ётади. Қамоқдалигида унга саратонга қарши кимё терапияси қилинган. Энди юраги касал. Докторлар унинг юрагини сал даволаса бўлиши, аммо ўзини тўла тузатиб бўлмаслигини айтяпти”, - дейди Лидия опа.

Халқаро қизил хоч ташкилоти маълумотига кўра, аксар постсовет давлатлардаги каби Ўзбекистон қамоқхоналарида ҳам кўпчилик маҳбуслар сил билан касалланган ногиронлардир.

Ўзбекистон Констициясининг 14 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия ноқонуний диний-сиёсий фаолиятда айбланиб қамалган маҳбусларнинг кўплари учун умид бағишлаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG