Линклар

Ҳолва деган билан оғиз чучирмикин?

  • Алишер Сиддиқ

Ўзбекистон ҳукуматининг тарғибот-ташвиқот машинаси халқаро жамоатчиликка Ўзбекистоннинг “диний бағрикенглик мамлакати” эканини уқтиришга жон-жаҳди билан уринмоқда.

Бундай ҳаракатлар яқинда АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни диний эркинликларга риоя қилмайдиган ва бу борада алоҳида хавотир уйғотувчи давлатлар қаторига киритганига жавобан амалга оширилмоқда.


Ўзбекистон ҳукумати нуқтаи назарини ифодаловчи “Пресс-ўз.инфо” ахборот агентлиги эълон қилган мақолада собиқ дипломатларнинг Ўзбекистондаги диний бағрикенглик билан боғлиқ вазият бўйича ижобий фикрларини тўплашга уринилган.

Мақолада дунё ҳамжамияти фикрини билдираётганлар сифатида кўрсатилган дипломатларни мавқеи ва нуфузи жиҳатдан таниқли одамлар, деб бўлмайди. Булар Франциянинг Россия ва Германиядаги исми ошкор этилмаган собиқ элчиси, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчиси Фарид Муҳаммадшин, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Чанг Хун, Покистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Масъуд Холиддир.
Ўзбекистонда диний бағрикенглик бор, деган фикрларга Малайзия табиий захиралар ва атроф-муҳит вазири ҳам қўшилган.

Номи зикр этилган дипломатлар Ўзбекистон жамиятида бошқа динларга тоқатсизлик қилинмаслигини эътироф этган. Айримлари ҳукуматнинг бу борадаги сиёсатини олқишлаган. Масалан, Россия элчиси Ф.Муҳаммадшин каби. Улар мамлакатда масжиду черковлар, синагогларнинг ёнма-ён, тинч-тотув мавжуд бўлиб келаётганини айтган.

Аммо АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистон ҳукуматига қилган танқидларига бунинг нима дахли бор экан? Мустақил журналист Сергей Ежков фикрича, ҳеч қандай.

“Диний бағрикенглик масаласи тушунарли. Бағрикенглик бу жамиятга хос бир ҳолат, ҳукумат сиёсати эмас. Давлат департаменти эса Ўзбекистон ҳукумати томонидан диний эътиқоди учун ҳар йили ва айниқса, Андижон воқеаларидан кейин қамалган юзлаб мусулмонларни, рўйхатдан ўтиш ёки фаолият юритишга йўл қўйилмаётган бошқа диний ташкилотлар ҳамда Ғарбнинг ўнлаб нодавлат ташкилотлари насронийликни тарғиб этишда айбланиб мамлакатдан ҳайдалганини назарда тутган”, - деди журналист.

С.Ежковнинг таъкидича, Ўзбекистон ҳукумати танлаган ташвиқот йўли ҳукуматга фақатгина тескари натижа келтиради ва АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистондаги абгор диний эркинликлар тўғрисидаги хулосаларига кўпроқ диққатни жалб этади.

“Ўзбекистон ўзи учун аниқ ноқулай бир шароитда диний эркинликлар борасида тортишмоқда. Бундай баҳсни бошлашнинг ҳожати йўқ эди, чунки ҳукуматнинг ютқазиши аён”, - дейди С.Ежков.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси, Ўзбекистонда диний эркинликлар ва диндорларнинг таъқиб этилиши муаммоси билан яқиндан таниш бўлган Крэйг Мюррей АҚШ Давлат департаменти аллақачон Тошкент ҳукуматининг бу борадаги сиёсатини “хавотир уйғотувчи” сифатида эътироф этиши лозим эди, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, АҚШнинг бу ҳаракатидан таъсирланиб, қарши муносабат билдираётган Ўзбекистон ҳукуматига бу борада кўпроқ босим ўтказилиши керак.

“Улар дунё жамоатчилигидан ташқарида яшаб бўлмаслигини англай бошлаётган кўринади. Шунинг учун дунё ҳамжамиятининг фикри уларга таъсир этгандек бўлди. Аммо улар ўзини ҳимоя қилиш учун вазиятни ўзгартириш эмас, балки қандайдир арзонгаров тарғибот йўлини танлади. Шунинг учун жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистон ҳукуматига босимни кучайтириши керак”, - дейди К.Мюррей.
XS
SM
MD
LG