Линклар

Қирғизистондаги ўзбек қочқинларининг муаммолари кўп

  • Сарвар Усмон

6 декабрь куни ўзбекистонлик қочқинлардан бир гуруҳи Қирғизистон пойтахти Бишкекдан Европа мамлакатларидан бирига жўнатилди. Улар “Бирлик халқ ҳаракати” партияси аъзоси ва унинг оила аъзолари экани айтиляпти.

БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Бишкекдаги ваколатхонаси мазкур воқеа тафсилотлари тўғрисида маълумот беришни истамади.

Қирғизистонда эса ўзбекистонлик анчагина қочқин бор.

“Мен Раззоқов Тоғбойман. Янги йилда 60га кираман. Пенсияга чиқиб энди дам олай деганимда бошимга шундай кўргиликлар тушиб турибди. Сабаби ҳақиқатни очиб қўйганим бўлди, холос. Андижон воқеаларини ўз кўзим билан кўрганман ва шунинг учун одамларга халқ аскарларга қарата ўқ отмагани, аксинча, аскарлар одамларга отганини айтганман. Ахир нима учун тўғрисини айтишмайди, деб у ер бу ерда гапирганим учун мени таъқиб қилиш бошланди”, - дейди ҳозир Қирғизистонда яшаётган қочқинлардан бири.

“Аслида, - дейди Т.Раззоқов, - мен Андижон воқеаларигача ҳам “Бирлик” партияси аъзоси бўлганим учун эмин-эркин яшаган эмасман, лекин фожеадан сўнг таъқиблар мунтазам тус олди. Кечалари бир неча бор уйимдан олиб чиқиб кетиб, милицияхоналарда сўроқ қилишган. Нима дединг, қаерда дединг, инсон ҳуқуқлари ташкилотига алоқанг бор экан... Бир неча бор сўроқ қилишди. Ҳукуматнинг мендан ҳадиксираши иззат-нафсимга тегди. Ҳақорат бўлиб туюлди. Ахир мен бутун ҳаётимни, кучимни шу давлатга берганман-ку ?!”

Т.Раззоқов сўроқлар таҳдидга айланиб боравергани, бу иш яхшилик билан тугашига умид қолмагани учун Андижонни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтди.

Ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатулла Раҳматуллаев ўзбекистонлик қочқинлар масалалари билан яқиндан шуғулланган. Унинг билдиришича, ҳозир Бишкекда ўзбекистонлик 120га яқин қочқин бор. Хавфсизлигига таҳдид бўлгани учун Ўшдагилар ҳам Бишкекка кетиб олган. Лекин учинчи мамлакатга жўнатилишини кутаётган ўзбекистонлик қочқинларнинг Қирғизистондаги ҳаётини енгил, деб бўлмайди.

“Ўтган ҳафтада Бишкекка бориб келдим. Қочқинлар ишсиз. Ётоқ масаласи ҳам жуда қийин”, - дейди И.Раҳматуллаев.

Бишкекда кўпқаватли уйдаги бир хонали квартирани бир ойга 100 долларга ижарага олиш мумкин. БМТ ваколатхонаси ҳар бир қочқинга ойига 2 минг қирғиз сўми миқдорида ёрдам пули ажратади. Лекин бу пул квартира ҳақини тўла қоплай олмайди. 2 минг қирғиз сўми 50 долларга тенг ақча. Қолган пулни қочқиннинг ўзи топиши керак.

Бундан ташқари, БМТ ваколатхонаси қочқинларни баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари билан ҳам таъминлайди.

“Комиссарлик бизга ун, гуруч, ёғ, кир ювиш воситалари беради, - дейди Тоғбой Раззоқов. - Лекин қўл билан берганга қуш тўймас. Учинчи мамлакатга кўчиб кетгунча ишлаб турай десак, иш йўқ”.

БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Бишкекдаги ваколатхонаси масъул ходими Виталий Масловский ҳам “Озодлик” мухбири билан суҳбатда кўрсатилаётган ёрдамнинг етарли эмаслигини тан олди ва айни пайтда ўзбек қочқинлари “қирғизистонлик фуқаролар ўз ҳукуматидан ёки бошқа халқаро ташкилотлардан оладиганидан кўпроқ нарса олиши”ни таъкидлади.

Бу лавҳада Қирғизистонда жон сақлаётган ўзбекистонлик қочқинлар ҳаётининг бир кўриниши тўғрисидагина ҳикоя қилинди. Уларнинг муаммолари эса кўп. Бу муаммолар, афтидан, улар учинчи мамлакатга кўчиб кетмагунча тугамайдиганга ўхшайди.
XS
SM
MD
LG