Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:57

12 афғон маҳбуси Ўзбекистон қамоқхоналаридан озод этилди


Афғонистон ташқи ишлар вазири Рангин Додфар Спантанинг 1-4 декабрь кунлари Тошкентга қилган сафари чоғида Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган афғонистонлик маҳбусларнинг 12 нафари озод этилди.

Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ходими Бахтиёр Ниғматов сўзларига кўра, улар Ўзбекистонда Конституция куни муносабати билан эълон қилинган амнистияга тушган.

“Мазкур шахслар чегара тартибини бузгани, контрабанда билан шуғуллангани ва бошқа сабаблар туфайли қўлга олинган. Улардан ташқари ҳам ҳибсхоналарда афғонистонлик кўплаб маҳбуслар бор”, - деди Б.Ниғматов.

Унинг билдиришича, Рангин Додфар Спанта Тошкентда Ўзбекистон бош вазири ўринбосарлари Шоисматов ва Хонов, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев ҳамда ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан музокаралар ўтказган. Учрашувлар чоғида томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни таъкидлаб, халқаро террор, экстремизм ва гиëҳвандликка қарши кураш масалалари бўйича фикр алмашган.

Ўтган асрнинг 60-80 йилларида Ўзбекистон Афғонистондаги йўллар, қурилишлар, гидроэнергетика ва қишлоқ хўжалиги ривожида фаол қатнашган эди. Сўнгги бир неча йил ичида ҳам Ўзбекистон Афғонистон учун 10дан ортиқ кўприкни таъмирлаб, янгиларини қуриб берди.

Афғонистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Фаруқ Барақий яқинда “Озодлик”ка интервью бериб, Ўзбекистон Афғонистонни қайта тиклаш ишларига яқиндан ëрдам кўрсатаётганини алоҳида таъкидлади.

Элчи Афғонистондаги беқарор вазият ва деҳқончиликнинг кўкнори етиштиришга мослашиб қолгани минтақага салбий таъсири ўтказмайдими, Ўзбекистон раҳбарининг бу ҳақдаги гапларида қанчалик жон бор, деган саволларига жавоб берар экан: “Мен яқинда Ислом Каримов билан ўтказган учрашувимда Афғонистон кейинги 30 йил ичида жангу жадаллардан бўшамаганини айтдим. Афғон халқи уруш фожеасини чуқур ҳис қилгани учун ҳам минтақадаги қўшниларига доимо тинчлик истаб келган ва минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришдан манфаатдор эмас. Мен Афғонистоннинг расмий вакили сифатида шуни айтмоқчиманки, мамлакатим ҳеч қачон минтақа тинчлигини бузиши мумкин бўлган ëт унсурларга ўз ҳудудидан жой бермаган. Наркотик моддаларни етиштириш ва контрабанда масаласи кейинги 10 йилда пайдо бўлди”, - деди.

Сиëсатшунос Тошпўлат Йўлдошев афғон-ўзбек муносабатларини ижобий баҳолади, аммо расмий Тошкентнинг айрим ҳаракатлари Кобулнинг ғашини келтираётганини қўшимча қилди.

“Ўзбекистон ҳукумати баъзида расмий Кобул билан эмас, дала қўмондонлари, масалан, Абдурашид Дўстим ëки унга ўхшаганлар билан алоқага чиқади. Бу эса қайсидир маънода Афғонистон ҳукуматининг ғашини келтиради”, - деди сиëсатшунос.
XS
SM
MD
LG