Линклар

logo-print

“Бирдамлик” ташаббуси рад қилинди

  • Барно Анвар

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги “Бирдамлик” ҳаракатининг Ўзбекистон Конституциясининг 14 йиллиги муносабати билан парад ва 30 дақиқалик митинг ўтказиш ҳақидаги мурожаатига рад жавоби берди.

“Бирдамлик” ҳаракати АҚШда рўйхатдан ўтган ва Ўзбекистонда рўйхатдан ўтиш учун ҳозирлик кўраётган ташкилот бўлиб, ўз сафида 800 аъзони бирлаштиргани айтилади.

Туман ҳокимлиги ҳаракатнинг Шаҳризабздаги вакиллари ташаббусига рад жавоби берилганига бу ташкилот рўйхатдан ўтмаганини асос қилиб келтираётганини айтади “Бирдамлик” етакчиларидан бири Ойша Маманазарова.

“Туман ҳокимлигидан бизга келган мактубда ҳаракатимиз Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмагани учун байрам паради ўтказишга рухсат берилмаслиги айтилган. Туман ҳокимлиги бизнинг атиги 30 дақиқага мўлжалланган тинч байрам тадбири ўтказишимизга рухсат бермаяпти”, - деди у.

Тадбирда Конституция куни муносабати билан тинч байрам паради ва митинги ўтказиш, йиғилганлар олдида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ҳақида чиқишлар қилиш, бундан мутлақ хайрли ва тинч мақсад кўзлангани таъкидлаб келинмоқда.

Шунга қарамай, сўнгги кунларда вилоят расмийлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳаракат аъзоси эканини билдирган фуқароларнинг уйига кириб, тушунтириш хати талаб қилмоқда.

“Биз 2004 йил 3 май куни Америка элчихонаси олдида чиқиш қилган эдик. Ўшандан буён мунтазам назорат остидамиз. Пикетда қатнашганларнинг рўйхати бор. Кеча тунда туман ҳокимининг хотин-қизлар масаласи бўйича ўринбосари ва ички ишлар бўлими раҳбарлари ана шу рўйхатдагилар, ҳаракатимизга алоқаси борликда гумон қилинганлардан тушунтириш хати ёздириб олган”, - дейди О.Маманазарова.

Ҳаракат етакчиларидан бири Зулфия Ҳайдарова ташкилотнинг аксар аъзолари қўрқиб хавотирга тушиб қолгани, ҳатто телефонда гаплашишга ботина олмаётганини билдирди.

“Мен улар билан кўришганим йўқ. Сўнгги 3-4 кун ичида улар ҳам менга телефон қилмади. Учрашгани қўйишмаяпти. Ҳаммамизнинг кўчамиз махсус машиналарда назорат қилиняпти. Буни кўриб-билиб турибмиз”, - деди З.Ҳайдарова.

У назорат кучаяётганига қарамай, “Бирдамлик” ҳаракати ўз мақсадидан қайтмаслигини маълум қилди.

“Биз ниятимиздан қайтганимиз йўқ. Агар эртага эрталабдан ҳибсга олиб кетишмаса, биз, албатта, тадбирни ўтказамиз. Бу Ўзбекистон фуқароларига берилган қонуний ҳаққимиз”, - деди З.Ҳайдарова.
XS
SM
MD
LG