Линклар

Россия ўзбек газини 100 доллардан сотиб олишга рози

  • Барно Анвар

2007 йилдан бошлаб Россия ўзбек газининг ҳар минг куб метрини 100 АҚШ долларидан сотиб оладиган бўлди. “Газпром” компанияси раҳбари Алексей Миллернинг Тошкентда сафари чоғида шундай келишувга эришилди.

А.Миллер Ўзбекистон президенти Ислом Каримов, бош вазир ўринбосари Рустам Азимов, “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.

Маълум бўлишича, 2007 йилда Россияга сотиладиган газ ҳажмини 10 миллиард куб метрга етказишга ҳам келишилган. Бунга қадар Россияга йилига 8 миллиард куб метр ўзбек гази сотилаётган эди.

Ўзбекистонда бир йилда қазиб олинадиган табиий газ ҳажми тахминан 60 миллиард куб метрни ташкил этади. Расмий маълумотларга кўра, бу газнинг 40 миллиарди республика эҳтиёжи учун ишлатилади. Қолган 20 миллиард куб метр газнинг ярми Россияга, ярми эса Қирғизистон, Тожикистон ва қисман Қозоғистонга сотилмоқда.

Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистонга 2007 йилдан бошлаб минг куб метр газни 100 доллардан сотиб олишни таклиф этди. А.Миллер ўзбек газини 100 доллардан харид қилишга розилик билдиргани Ўзбекистоннинг ўз қўшнилари билан музокараларида кучли омил бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон барча ҳамкорларига шу нархни таклиф қиляпти. Албатта, бу аввалги нархдан қиммат, хусусан, Россия учун ҳам.

“Аввалига Ўзбекистон Россияга газни 45 доллардан сотарди. Кейин эса 55 доллар, сал ўтиб 60-65 доллар бўлди. Ҳозир нарх деярли икки баробар кўтариляпти. Аммо ўзбек ёки туркман газини сотиб олаётган Россия уни ўз эҳтиёжига ишлатмайди. Сўнгги маълумотларга кўра, бошқа давлатларга 260 доллардан сотади”, - дейди ўзбекистонлик таҳлилчи Комрон Алиев.

Унинг таъкидлашича, Россия шу вақтгача Ўзбекистондан сотиб олаётган газни Беларус, Украина каби давлатларга етказиб бериб, ҳар минг куб метридан қарийб 200 доллар атрофида фойда кўриб келаётган эди. Энди эса ўзбек гази Россия учун деярли икки баробар қимматлади.

Қай сабабларга кўра бунга келишилди?

“Биринчидан, бундан ҳар икки давлат манфаатдор. Яъни Россия ҳам зарар кўрмайди. У газни Украинага сотади ва ўз навбатида, нархни оширади. Украинага эса бир йилда 70 миллиард метр куб газ керак. У қиммат нархда бўлса-да, газни олишга мажбур”, - деди К.Алиев.

Россия газ сотишдан фақат иқтисодий эмас, балки сиёсий манфаатларни ҳам кўзлайди. Ўзбекистон ва Россия ўзбек гази нархи 100 долларгача кўтарилишидан Ғарбга интилаётган Украина, Грузия каби давлатларга иқтисодий босим ўтказишдек сиёсий манфаатни ҳам кўзлаётган бўлиши мумкин.

“Масалан, Россия газни ҳар бир давлатга турли нархда сотяпти. Беларус учун арзон нарх белгиланган, чунки у стратегик ҳамкор. Украина ва Грузияга эса қиммат сотади, чунки бу давлатлар билан муаммолар кўп”, - дейди ўзбекистонлик иқтисодчи олим Баҳодир Баҳриддинов.

Йилига 20 миллиард газни ташқи бозорга олиб чиқаётган Ўзбекистон нега энди ўз газини жаҳон бозоридаги нархда, масалан, 250 АҚШ доллардан сотмаяпти?

“Аввал бошданоқ Россия билан деярли мажбурий равишда ҳамкорлик битими имзолангани бунга биринчи сабаб бўлса, иккинчи сабаб газни сотишнинг бошқа муқобил йўллари йўқлигидир. Масалан, Эронга ёки Афғонистон, у орқали Покистон ва бошқа давлатларга чиқишнинг имкони йўқ, қувурларимиз йўқ. Айни вақтда Ўзбекистон ҳозир ўзига асосий стратегик ҳамкор билган Россияга хайрихоҳлик маъносида ҳам газини арзон сотишга рози. Ён қўшнилари Қирғизистон ва Тожикистон учун белгиланган нарх ҳам аввалдан Россия билан келишилган, дейиш мумкин”, - дейди таҳлилчи Комрон Алиев.

2002 йилда “Газпром” ширкати билан Ўзбекистондаги монополист “Ўзбекнефтгаз” компанияси ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолаган. Бу шартномада томонлар ўзбек газини Россияга етказиб бериш, транспортировка қилиш, қазиш ва янги захираларни аниқлашда 2012 йилгача ҳамкорлик қилишга келишган.
XS
SM
MD
LG