Линклар

Шаҳрисабзликларга байрам ҳам татимади

  • Сарвар Усмон

“Бирдамлик” ҳаракати аъзоларининг Конституциянинг 14 йиллигига бағишлаб Шаҳрисабзда махсус байрам паради ва митинг ўтказиш ташаббуси маҳаллий маъмурлар қаршилиги туфайли амалга ошмади.

Ҳаракат аъзолари бу ташаббус ҳақида Қашқадарё вилоятидаги Шаҳрисабз тумани ҳокимлигини бир неча кун олдин огоҳлантирган эди. Бироқ маъмурлар фақатгина тадбирни бекор қилибгина қолмай, унда қатнашиш ниятида бўлганларга ҳам тазйиқ ўтказишни бошлаб юборди.

Байрам ўтказиш ниятида Шаҳрисабз марказига келганларни ҳам милиция ходимлари ушлаб олиб кетди.

Телпакни олиб кел, деса бошни кесиб келишга ўрганган орган ходимлари ҳаракатидан шу куни Шаҳрисабз марказига тасодифий ёки бирор иш билан бориб қолган фуқаролар ҳам жабр кўрди. Уларнинг айримлари эса ҳе йўқ, бе йўқ милиция бўлимларига олиб кетилди.

Яккабоғлик Муборак Исмоилова ҳам 8 декабрь куни Шаҳрисабзнинг мелисахонасига олиб кетилганлардан бири. Айтишича, “Бирдамлик” ҳаракати-ю, улар ўтказмоқчи бўлган байрам паради у ёқда турсин, 8 декабрь Конституция куни эканидан ҳам у бехабар бўлган.

“Озодлик” мухбири у билан суҳбатлашди.

- Мен бозорда бировни кутиб турган эдим. Нотўғри фикрга боришдими, мелисахона олиб бориб, сўроқ қилишди. Кейин қўйиб юборишди.

- Нима деб сўроқ қилишди?

- Нима учун келдингиз, кимни кутиб турибсиз, бугун кўчага чиқиш мумкин эмас, деган гапларни айтишди, бўлди...

- Нима учун бугун кўчага чиқиш мумкин эмас экан?

- Билмайман, ака. Мен билмайман буни.

- Бугун байрам эканини биласизми?

- Йўқ, ака, менинг мутлақо хабарим йўқ.

- Бугун Конституция куни эканидан хабарингиз йўқми?

- Йўқ. Билганимда келмасдим бозорлик қилишга.

- Бозорга боришга ҳаққингиз бор-ку?!

- Билмасам, улар (милиция ходимлари – С.У.) нима учун келдингиз, кимни кутиб турибсиз, деб бирдан бўлимга олиб кетиб қолишди-да. Тушунтириш хати олиб, кейин қўйиб юборишди. Буларнинг дастидан юриб бўлмай қолдими, билмайман...

- Бозорга келишга ҳаққим бор, демадингизми?

- Мен айтдим. Ҳаққим бўлса керак, дедим. Йўқ, дейишди.

- Ҳаққингиз йўқ эканми?

- Билмайман у ёғини. Бошим оғриб қолди. Жуда чарчаб қолдим.

- Нима учун борувдингиз бозорга?

- Бозорлик қилгани борувдим.

- Конституция кунини ўзингиз учун байрам, деб биласизми?

- Йўқ, ака, мен бозорга билмасдан бориб қолибман. Бугун байрам, деган гапни уйда дадам айтувди. Лекин бундай қилиб олиб кетишларини билганим йўқ.


Хуллас, “шонли” милиция тарихида ана шундай қовун туширишлар кўп бўлади. Чунки уларга буйруқ бўлса, ҳўлу қуруқ баробар ёниши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.
XS
SM
MD
LG