Линклар

logo-print

АҚШ ва Буюк Британия Ироқдаги стратегиясини ўзгартиради

  • Ҳасанжон

Буюк Британия бош вазири Тони Блэр Ироқ борасидаги стратегияни ўзгартириш мақсадида пайшанба куни Вашингтонда АҚШ президенти Жорж Буш билан музокара ўтказди.

Улар АҚШ Конгрессидаги республикачилар ва демократлар вакилларидан тузилган “Ироқдаги вазиятни ўрганиш гуруҳи” ҳисоботидан ўрин олган тавсияларни олқишлади. Ҳужжатдаги 79 та тавсия орасида АҚШ Ироқдан қўшинларини олиб чиқиш режасини аниқ белгилаши лозимлиги тўғрисидаги таклиф ҳам бор.

Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида АҚШ раҳбари Ироқдаги вазият жуда оғир, деган фикрга қўшилишини айтди.

“Ироқда вазият ёмон ... Мен буни кўп марта айтганман. Мен вазият қанчалар оғирлигини биламан ва бу тўғрида Америка халқига айтиб келяпман. Халқ буни билади. Асосий масала - биз мақсадга эришмоғимиз учун дастурга эгамизми? Душман тактикасини ўзгартирганда биз ҳам ўз стратегиямизни ўзгартирамизми?”, – деди Жорж Буш.

Тони Блэр ҳам “Ироқдаги вазиятни ўрганиш гуруҳи” эълон қилган ҳисобот мураккаб вазиятдан чиқиш йўлларини кўрсатишини билдирди.

“Ироқда вазият ўта оғир эканига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Гуруҳ ҳисоботида биз Ироқни тарк этишимиз ёки этмаслигимиз ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Ҳужжатда мақсадга етишимиз ўта муҳим экани ҳақида сўз борган. Шу боис, нима қилиш керак, деган савол пайдо бўлади. Менимча, бу борада ҳисоботда амалий тавсиялар ва одамларни бирлаштириш борасида таклифлар берилган”, – деди Т.Блэр.

Икки давлат раҳбарлари ўз стратегияларини ўзгартиришга келишиб олганини маълум қилди. Жорж Буш Мудофаа вазирлиги, Давлат департаменти ва Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг ўзгаришлар юзасидан ҳисоботлари берилишини кутаётганини маълум қилди.

Конгресс вакилларидан ташкил этилган гуруҳ Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш учун Жорж Буш маъмуриятига Эрон ва Сурия билан музокара бошлашни тавсия қилган. Вашингтондаги матбуот анжуманида Жорж Буш ва Тони Блэр бу тавсияга эътибор қаратмади. Британия бош вазири шунчаки музокара ўтказиш билан муаммо ҳал бўлиб қолмаслигини таъкидлади.

Ж.Буш эса АҚШ Ироқ келажаги борасида Яқин Шарқ масалаларини ҳам ўз ичига олган музокараларда иштирок этишига қарши эмаслигини айтди. Аммо у Сурия ва Эрон бундай сўзлашувда қатнашишга тайёр эканига шубҳа билдирди.

“Ироқ масаласини муҳокама қилиш учун одамлар музокара столи олдига террорчиларни молиялаштирмаслик, ёш демократик давлатга иқтисодий ва бошқа соҳаларда ёрдам бериш масъулиятини ҳис қилган ҳолда келиши керак. Агар Сурия ва Эрон бундай қилиш ниятида бўлмаса, улар музокарада қатнашмаса ҳам бўлади”, – деди АҚШ раҳбари.

Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий 6 декабрь куни Нидерландияга сафари чоғида ўз мамлакати Ироқдаги бўҳронни ҳал этишда ёрдам бериши мумкинлигига ишора қилган эди.

Аммо Сурия “Ироқдаги вазиятни ўрганиш гуруҳи” ишлаб чиққан тавсияларга расман муносабат билдиргани йўқ.

Германия канцлери Ангела Меркель Италияга сафари чоғида Миланда қилган чиқишида бу гуруҳ ҳисоботига ўз муносабатини билдирди.

“Менимча, дипломатик ташаббуслар, айниқса, Ироққа қўшни давлатлар билан дипломатик сўзлашувлар жуда муҳим. Агар Европа Иттифоқи бу борада ёрдам бера олса, биз Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш учун бор имкониятни ишга соламиз. Мен буни янги йилдан ЕИга президентлик қиладиган Германия номидан очиқ айтяпман”, - деди А.Меркель.
XS
SM
MD
LG