Линклар

Москвадаги ёнғин 45 кишини ҳаётдан олиб кетди

  • Ҳасанжон

Москвадаги наркологик шифохонада юз берган ёнғинда 43 бемор аёл ва икки ҳамшира ҳалок бўлди, 10 киши жароҳатланди. Айрим беморлар оғир аҳволга шифохонага ётқизилди, юздан ортиқ бемор хавфсиз жойга кўчирилди.

Оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, ёнғин маҳаллий вақт билан тонгги бирдан 42 дақиқа ўтганда бошланган. Ўт ўчирувчилар воқеа жойига 10 дақиқадан кам вақт ичида етиб борган ва 20 дақиқага қолмай ёнғин ўчирилган.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг воқеа жойини бориб кўрган юқори лавозимли вакили Юрий Ненашев ёнғин қасддан ўт қўйиш оқибатида содир этилганига кўпроқ ишонишини билдирди.

“Ёнғин манбаси ошхонада бўлганини ҳозирданоқ айтиш мумкин. Бу ёнғин қасддан ўт қўйиш оқибатида содир бўлганига биз 90 фоиз ишонамиз”, - деди Ю.Ненашев.

Москва шаҳри прокурори Юрий Сёмин ёнғин чиқишига олиб келган бошқа сабаблар ҳам ўрганилаётганини маълум қилди.

Ёнғин қурбонларининг аксарияти наркотик моддалар истеъмол қилиш ва спиртли ичкиликка рўжу қўйишдан даволанаётган беморлардир. Улар ёнғин пайтида тутундан заҳарланиб ўлгани хабар қилиняпти.

Ю.Ненашевнинг айтишича, шифохона эшиклари қулф бўлгани ва деразаларга панжаралар ўрнатилгани учун ёнғин пайтида беморлар бинодан ташқарига қочиб чиқа олмаган.

“Қурбонлар сони кўп бўлишининг асосий сабаби шуки, хавфсизлик йўлаги бўлишига қарамай, бир эшикка ўрнатилган панжара қулф бўлган, иккинчи эшик қуюқ тутундан кўринмай қолган. Шунинг учун одамлар бинодан ташқарига қочиб чиқа олмай нобуд бўлган. Ёнғин пайтида шифохонанинг тўрт ходими иш жойида бўлган. Аммо улар беморларни ташқарига олиб чиқишга ёрдам бера олмай, ўзи бинодан қочиб чиқишга мажбур бўлган”, - деди Ю.Ненашев.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жорий йил бошида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани, яъни деразалар ва йўлакларга панжаралар ўрнатилгани учун мазкур шифохонани ёпмоқчи бўлган, бироқ суд вазирлик талабини қондирмаган эди.

Аввал ҳам Россиядаги наркологик ва руҳий хасталар даволанадиган шифохоналарда ёнғин рўй бериб, бир неча одам нобуд бўлгани кузатилган.

Ўтган йил декабрда Москва яқинидаги асаб касалликлари шифохонасида рўй берган ёнғинда 7 киши ўлганди. 2005 йил март ойида эса Самара шаҳридаги наркологик шифохонада чиққан ёнғин 7 кишини ҳаётдан олиб кетган эди.
XS
SM
MD
LG