Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:00

Қирғизистондаги ўзбек қочқинларининг муаммолари талай


Андижон воқеаларидан сўнг Қирғизистонга қочиб ўтиб яшаётган ўзбекистонликлар ишсизлик ёки вақтинчалик қийинчиликлардан эмас, балки ўз ҳаётларига таҳдидлардан кўпроқ хавотирга тушмоқда.

“Мен бу ерда ҳам доим кузатувдаман. Таъқиб остидаман. Ортимдан бировларнинг кузатиб юрганини сезаман. Ярим кечаларда бировлар эшигимни тепиб кетади. Бир куни эшик тирқишидан қарасам, малласоч рус аёл турибди. Ўзбек тилида эшикни очинг, дейди. Қирғиз миллатига мансуб кишилар ҳам бор бир-иккита. Ўзбекистон махсус хизмати ходимлари ҳам юрибди”, - дейди андижонлик қочқин, ёши 60га чиққан Тоғбой Раззоқов.

Тўғри, эшикни тақиллатган малла соч аёл уйида тузи тугаб қолган қўшни бўлиши ҳам мумкин. Айтишади-ку, қўрққанга қўш кўринади, деб. Лекин Т.Раззоқовнинг ваҳималари учун асос йўқ эмас.

“Ўшдан беш кишини ўғирлаб кетганларини ўзингиз яхши биласиз”, - дейди хавотирини асослашга уринган Тоғбой ака.

БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Бишкекдаги ваколатхонаси масъул ходими Виталий Масловский ҳам “Озодлик”ка берган интервьюсида ўзбекистонлик қочқинларнинг хавфсизлиги таъминланмаганини эътироф этар экан, Т.Раззоқов айтган ва ўз вақтида жаҳон оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилган воқеаларни эслади.

“Жорий йилнинг ёзида шахси номаълум кимсалар бир неча қочқинни Ўзбекистонга қайтарди. Қочқинлар икки марта ўғирлаб кетилди. Бир мартасида қочқинларни олиб кетган машинанинг номери Ўзбекистонники бўлган ва қочқинлар қаерда ғойиб бўлди, деган саволнинг жавоби равшан”, - деди В.Масловский.

Ўзбекистонга мажбурлаб қайтарилганлардан бири “Эрк” демократик партияси аъзоси Исроилжон Холдоровдир. Андижон воқеаларидан кейин қўшни Ўшга қочиб ўтган И.Холдоров ёзда йўқолиб қолган ва ўшандан бери унинг қаердалиги номаълум қолаётган эди. И.Холдоровнинг Андижонда, тергов органлари қўлида экани яқинда маълум бўлди.

“Адвокат унинг иши билан танишиб чиқди. Жиноят кодексининг 157-моддаси бўйича террорчиликда айбланаётган экан. Бу модда бўйича мол-мулки мусодара қилинармиш. 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши ёки ўлим жазоси берилиши ҳам мумкин экан”, - дейди И.Холдоровнинг яқинларидан бири.

Маълумотларга кўра, И.Холдоров устидан суд жорий ойда ўтказилиши кутилмоқда.

Ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаев ўзбекистонлик қочқинлар масаласи билан яқиндан шуғулланган, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатган. Унинг айтишича, бир неча қочқин Ўзбекистонга мажбурлаб олиб кетилгач, Ўшда яшаб турган қочқинларнинг аксарияти Бишкекка кетиб қолган. Ўшда қолган бир неча қочқин эса расмий қайддан ўтмаган.

“Ўшда 10га яқин қочқин бор. Улар қариндош-уруғ, таниш-билишиникида ёки ишлаётган жойида яшаб турибди. Улар қочқин сифатида қайддан ўтишга қўрқяпти. Чунки рўйхатдан ўтганларнинг қариндош-уруғлари Ўзбекистонда таъқиб қилиняпти экан”, - деди И.Раҳматуллаев.

Қайддан ўтмаганларнинг муаммолари қочқин сифатида рўйхатдан ўтганларникидан, албатта, кўпроқ ва янада чигалроқ. Лекин бу ҳолат қайддан ўтганларнинг кўнглига таскин бўла олмайди. Уларнинг назарида учинчи мамлакатга тезроқ чиқиб кетиш барча муаммоларнинг ечими бўлган бўлур эди. Бироқ бу ечим ўзини анча куттириб қўйди.

Франциядаги “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари уюшмаси” ўзбекистонлик қочқинлар муаммолари билан яқиндан шуғулланаётган халқаро ташкилотлардан бири. Уюшма вакили, асли ўзбекистонлик Надежда Отаеванинг “Озодлик”ка билдиришича, Бишкекдаги қочқинлар билан боғлиқ вазият яқин ҳафталар ичида яхши томонга ўзгаради.

Бироқ у нимага асосланиб бундай деяётгани, вазият ўзгариши учун нима ишлар қилинаётгани ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдирди.

Хўп, вазият яхши томонга ўзгарди, яъни ўзбекистонлик қочқинлар учинчи мамлакатга чиқиб кетилди ҳам дейлик. Шу билан уларни бугун қийнаётган муаммолар барҳам топадими?

“Қисман барҳам топади, махсус хизмат вакиллари мажбурлаб олиб кета олмайдиган масофага бориб олишади. Лекин одамларимиз ўз юртини тарк этиб бошқа мамлакатга борар экан, улар сиёсий бошпана сўраганлигини, яъни ўз ҳаёти учун хавфсиз ҳудуд сўраганини аниқ тушуниши керак. Улар қабул қилиб олаётган мамлакатга борар экан, ўзи учун махсус имтиёзлар берилишини кутмаслиги, тезроқ ўша жамиятга қўшилиши, тил ўрганиб, ишлашни бошлаши керак”, - дейди Н.Отаева.
XS
SM
MD
LG