Линклар

“Дискавери” Халқаро космик станцияга йўл олди

  • Фаррух Юсуфий

АҚШнинг Флорида штатидаги Кеннеди номидаги космодромдан маҳаллий вақт билан кечки соат 8:47да Халқаро космик станция томон учирилган “Дискавери” фазо кемаси Ер орбитасига чиқди.

Кўп марта фойдаланиладиган фазо кемасининг парвози об-ҳаво ёмонлиги боис бир марта қолдирилган, шанба оқшомида Флорида осмонида кўтарилган қаттиқ шамол туфайли “Дискавери” парвози яна қолдирилиши мумкин эди. Лекин шамол тез орада тинчланди ва парвозларни назорат қилиш маркази фазогирларга “Дискавери” бортидаги жойларини эгаллашни буюрди.

“Дискавери” бортида экипаж командири Марк Полански, фазогирлар Уильям Оуфелайн, Николас Патрик, Роберт Кёрбим, Жоан Ҳиггенботам, Европа фазо агентлиги вакили, биринчи швед астронавти Кристер Фуглесанг бор.

“Дискавери” кемаси сўнгги тўрт йилдан бери биринчи марта куннинг қоронғу пайтида учирилди.

АҚШнинг фазони тадқиқ қилиш агентлиги - НАСА 2003 йилда кўп марта ишлатиладиган “Колумбия” шаттли ҳалокатидан кейин фазо кемаларини тунда учиришни тақиқлаб қўйган эди. Бундан уч йил аввалги ҳалокатда “Колумбия” экипажининг етти аъзоси ҳалок бўлганди.

“Колумбия” ҳалокати кема сатҳи қизишига қарши қопламадаги носозликлар сабаб юз берганди. “Колумбия” атмосферага кираётиб парчаланиб кетган эди.

НАСА кундузи кемадаги носозликларни пайқаб олиш осонроқ бўлгани учун тунги парвозларни амалга оширмаётган эди. Радар ва бошқа назорат тизимлари такомиллаштирилгандан кейин агентлик фазо кемаларини тунда учиришга рухсат берди.

НАСА расмийси Лерой Кейн мухбирлар билан мулоқот чоғида ҳозирча “Дискавери”да ғайриоддий ҳолат юз бермаганини маълум қилди.

“Парвозни назорат қилиш марказидаги ҳамкасбларимнинг билдиришича, ҳеч қандай муаммолар кузатилгани йўқ, ҳатто кема кўтарилаётган пайтда юз бериши мумкин бўлган кичик носозликлар ҳам рўй бермаган. Хуллас, кеманинг ишлашида ҳеч қандай носозлик ёки муаммо йўқ”, - деди НАСА расмийси.

12 кунлик парвоз давомида “Дискавери” экипажи Халқаро космик станцияда қўшимча лабораторияларни ташкил этиш мақсадида унинг электр тизимини такомиллаштиришни режалаштирмоқда.

НАСА Халқаро космик станцияни қуришни 2010 йилгача якунлашга ёрдам беришни ният қилган. 2010 йилдан бошлаб кўп марта фойдаланиладиган шаттларни учириш тўхтатилади.
XS
SM
MD
LG