Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:03

Толиб Ёқубов: “Ўзбекистонда аҳвол кескин ёмонлашган”


Жаҳон жамоатчилиги 1950 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кундан икки йил ўтиб, 10 декабрни Халқаро инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонлашни бошлаган эди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси. Бу ҳодиса умуман постсовет мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон учун деярли янги ҳодиса.

Мамлакат матбуоти, радио ва телевидениеси инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, уларнинг қилаётган ишлари тўғрисида деярли ҳикоя қилмаслиги сабабли ўзбекистонликларнинг аксарияти ҳуқуқ ҳимоячиларининг фаолиятидан хабардор бўлмаса керак.

Мазкур сана муносабати билан “Озодлик” мухбири айни пайтда Европа мамлакатларидан бирида муҳожиратда яшаётган таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов билан суҳбатлашди.

- Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари одамларни кимдан ва нимадан ҳимоя қилади? Ахир давлатнинг, прокуратура, милиция, суд каби махсус идоралари бор-ку?!

- Аввало, демократик тузумлар билан авторитар ёки тоталитар тузумларнинг фарқига эътибор берайлик. Демократик давлатда, асл демократияларда демоқчиман, куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралар қонунга риоя қилади, одамларнинг ҳам қонунга риоя қилишини талаб қилади. Биринчи навбатда, ўзи қонун доирасидан ташқарига чиқмасликка ҳаракат қилади. Онда-сонда қонунни бузиб қўйгудай бўлса, жуда қаттиқ жазоланади. Авторитар ёки тоталитар тузумларда эса тамоман аксинчадир. Бундай тузумлар шароитида кучишлатар идоралар ўша авторитар шахсни, доҳий ҳисобланган бир одамнинг манфаатларини ҳимоя қилади. Идоралар Конституцияни, қонунларни ҳар қадамда бузишга мажбур. Натижада оддий фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳар қадамда бузилади ва мана шундай шароитда давлатга боғлиқ бўлмаган баъзи кишилар ҳуқуқлари бузилган одамларни ҳимоялашга отланади.

- Толиб ака, архимиздаги овозлардан бир-иккитасини сизга қўйиб бермоқчиман. Уларни ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида шарҳлаб берсангиз. Биринчи овоз ўзини “Бирдамлик” ҳаракати аъзоси, деб таништирган шаҳрисабзлик Ойша Маманазарованики.

Яқинларимиз қамалгандан сўнг Тошкентда пикет уюштирган эдик. Ўшандан бери милиция назорати остидаман. Милиция бошлиғи суратларимни Самарқанд постларига илиб ташлаган. Судланмаганман. Бирор жойга боришимга рухсат беришмайди.

- Шаҳрисаблик аёлнинг бу гапларини қандай шарҳлаган бўлардингиз?

- Мутлақо нотўғри, қонунга хилоф ҳаракат. Бу аёл судланмаганини айтяпти. Демак, жиноятчими-йўқми, бу ҳақда суднинг қарори йўқ. Мана шундай шароитда бу аёлнинг суратлари ёпиштириб қўйилиши Ўзбекистон қонунларини оёқ ости қилиш билан баробар.

- Энди иккинчи овозни эшитинг. Унинг соҳиби яқинда АҚШдан Андижонга қайтган қочқинлардан бири.

Келганимиздан бери ҳафтада бир учраб турамиз уларга (ҳуқуқ-тартибот органларига –С.У.) Вазият тўғрисида, оиладаги ҳолат тўғрисида, нима ишлар билан бандлигимиз тўғрисида маълумот бериб турамиз.

- Демак, Андижон воқеаларидан кейин аввал Қирғизистонга, сўнгра АҚШга борган, яқинда эса Андижонга қайтган қочқинлардан бири бўлган бу йигит ҳуқуқ-тартибот органларига ҳафтада бир учраб турар экан. Буни қандай шарҳлаган бўлардингиз инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида?

- Бу ҳам зўравонликка асосланган тузумнинг кўринишларидан биридир. Бу одамнинг шахсий ҳаётига аралашишдир. Шахсий ҳаётга аралашишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Одам жиноят қилган тақдирдагина унинг ҳаётига маълум органлар ходимлари аралашишга ҳақли. Қонунда шундай дейилган.

- Толиб ака, 2005 йилнинг 10 декабридан, яъни Халқаро инсон ҳуқуқлари куни cўнгги бор нишонланганидан бери Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазият қай томонга ўзгарди?

- Кейинги бир йил ичида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазият жуда кескин ёмонлашиб кетди. Аслида бу вазият ҳеч қачон яхши бўлган эмас. Лекин кейинги бир йилда аҳвол жуда аянчли кўриниш касб этди. Шу кунда 15-16 нафар инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси қамалиб ётибди. Ўзбекистоннинг энг янги тарихида бундай воқеа ҳеч бўлмаган эди. Шундан ҳам кейинги бир йил ичида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида биронта ижобий қадам ташланмагани кўриниб турибди.
XS
SM
MD
LG