Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:24

ЕИ вакилларининг Тошкентдаги учрашувлари


Европа Иттифоқининг махсус гуруҳи Ўзбекистон ҳукумати билан Андижон воқеалари ва мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини муҳокама қилиш учун душанба куни Тошкентга келди.

Бу ишчи гуруҳнинг Тошкентга келиши ҳақида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг ўтган ойда Брюсселга ташрифи чоғида келишиб олинган эди.

Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонга қарши жорий этилган жазо санкциялари юмшатилишига эришган В.Норовнинг ЕИ расмийларини Тошкентга 13 май воқеаларини муҳокама қилгани таклиф этиши Брюссел сиёсатчилари томонидан ижобий қадам ўлароқ қабул қилинди, аниқроқ айтганда, талқин қилинди.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел “Озодлик”ка 13 ноябрь куни берган суҳбатида мазкур ишчи гуруҳ муҳокамалари халқаро ҳамжамият, жумладан, ЕИ талаб қилган мустақил текширувнинг ўрнини босадими, деган саволга жавоб бериб: “Буни аввалдан айта олмайман, лекин бу учрашув ҳақида келишиб олдик. Ҳозир келишувни бажариш борасида тадбирларни амалга оширяпмиз, яъни мазкур ишчи гуруҳнинг учрашувини йилнинг охиригача ўтказишга ҳаракат қиляпмиз”, - деганди.

Пьер Морел Тошкентдаги учрашувларда ЕИ вакиллари Ўзбекистон ҳукумати тақдим этган ҳужжатлар билан бирга ЕИда мавжуд маълумотлар билан бирга халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари тақдим этган ахборотларни ҳам муҳокама қилишини таъкидлаган эди.

“Ўзбекистон расмийлари Европа томони талабларидан яхши хабардор. Ўзбекистон тақдим этган маълумотларни аллақачон кўриб чиққанмиз. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматига бошқа манбалардан олинган маълумотларимиз ҳам борлигини айтганмиз. ЕИ мутахассислари мазкур нозик масалага турли манбалардан олинган маълумотларга асосланиб баҳо беради ва бу борадаги фикрларини ишчи гуруҳ учрашувида тақдим этади”, - деганди Пьер Морел.

У айтаётган турли манбалардан бири “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотидир.

Мазкур ташкилотнинг ЕИ бўйича раҳбари Лотте Лайхт хоним Андижон воқеалари хусусида Тошкентда ўтказиладиган муҳокамалардан холис хулосалар ясалишига шубҳа билдиради.

“Биз бу тадбир бирор натижа беришига ишонмаймиз. ЕИ Ўзбекистон масаласида принципиал позиция эгаллашига умид қолмади. Биринчидан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашиб бораётгани, халқаро ҳамжамиятнинг Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказиш талаби бажарилмаганига қарамай, Тошкентга нисбатан қўлланган санкциялар юмшатилди”, - деди Лайхт хоним.

“Энди эса ЕИ Андижон воқеалари борасида экспертлар учрашуви, деб айтилаётган майнавозчиликка рози бўлди,- сўзини давом эттирди у. - Бу учрашув жами икки кун давом этади ва 13 май воқеалари юзасидан ўтказилиши талаб этилган мустақил ва холис терговнинг ўрнини босмайди. Аксинча, бу учрашув Ўзбекистон ҳукумати учун Андижон қатлиоми ҳақидаги ўзининг ёлғон версиясини яна бир такрорлашга имкон беради”.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийларидан бири ЕИ ишчи гуруҳи Бош прокуратура вакиллари билан учрашишини айтиб, мазкур масала юзасидан у ерга мурожаат қилишни тавсия этди. Бироқ Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова кун давомида мажлисларда бўлгани боис, у билан боғланишнинг иложи бўлмади.

ЕИ расмийлари эса Тошкентдаги учрашувлар ҳақидаги маълумотларни негадир сир сақламоқда.

“Ҳьюман райтс уотч”нинг Германия бўлими раҳбари Мариан Ҳювеген ЕИ мутахассисларининг Андижон воқеаларини муҳокама қилгани Тошкентга келгани сир тутилаётгани муайян шубҳаларга сабаб бўлишини айтади.

“Биласизми, ЕИ мутахассисларининг Тошкентга бориши каби масаланинг сир тутилаётгани ЕИ тамойилларига тўғри келмайди. Чунки бу каби масалалар сир тутилиши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятининг яхшиланишига мутлақ ҳисса қўшмайди, аксинча Ўзбекистон ҳукуматининг тегирмонига сув қўяди”, - деди М.Ҳювеген.

Шу йилнинг 13 ноябрида Европа кенгаши Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан жорий этилган санкцияларни юмшатди, бунда санкциялар жумласидан виза чеклови ва қурол эмбаргоси сақлаб қолинди. “Ҳьюман райтс уотч” вакиллари шу кунларда Андижон воқеаларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳнинг Тошкентда ўтказилаётган учрашуви натижаси ўлароқ, шундоқ ҳам юмшатилган санкциялар мутлақ бекор қилинишидан хавотир билдирмоқда.
XS
SM
MD
LG