Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:32

Рақамлар, сирли рақамлар, топилмас рақамлар...


Ўзбекистонда кириб келаётган янги, 2007 йил “Ижтимоий ҳимоя йили”, деб эълон қилинди. Мамлакатда йилларга ном бериш анъанаси 1997 йилдан буён давом этиб келмоқда.

“Йилларни қандай номламайлик, асосий мақсадимиз инсон, унинг ҳаёти, дарду ташвишларини эътиборимиз марказига қўйишдир”, - деди Конституция куни муносабати билан ўтказилган маросимда янги йилнинг номини эълон қилган мамлакат президенти Ислом Каримов.

Хўш, давлатнинг муҳофазасига муҳтож ўзбекистонликнинг ижтимоий ҳимояланганлик даражаси 2007 йилда қанчага кўтарилади?

Бу савол жавобида, албатта, рақамлар бўлиши керак. Рақамсиз иш битмайди. Уни президентнинг Конституция куни арафасида қилган
1 соату 20 минутлик нутқидан излаш маъқул кўринди.

Керакли рақамларга етиб боргунча, нутқни диққат билан тинглашга тўғри келади. Лекин вақт зое кетмайди. Президент айтган рақамлар ўз жозибаси билан ром этади.

Ислом Каримовнинг айтишича, 2006 йили ҳомийлар ҳисобидан кам таъминланган оилаларга “10 миллиард сўмликдан зиёд” қорамол олиб берилган. Бундан ташқари, “ҳашарлардан тушган маблағлар ҳисобидан 2 минг нафар ёлғиз кекса, 66 минг кам таъминланган оиланинг 3 миллион 570 минг квадрат метрли уй-жойи таъмирлаб берилган”.

Ислом Каримов келтирган шу ва бошқа рақамларни эшитган одамнинг қўллари ўз-ўзидан қарсакка қовушиб кетаверади.

Баъзилар рақамни ҳиссиз бир чизги ҳисоблайди. Аслида бундай эмас. Умри республиканинг ҳисоб-китобини қилиб ўтган президент ҳам жиззахлик фермердан эшитган бир рақамдан ҳайратини яшира олмади.

“Шу одам чиқиб гапиряпти... Ҳавасим келдики, мен миллионерман, деяпти бу киши. Ўтган йили 56 миллион сўм соф фойда олдим, дейди...”, - деди ҳайратларини сиғдира олмаган президент.

Ўзи аслида миллиони билан мақтаниш мақтанчоқ америкаликлардан чиққан. Миллион долларим бор, юз миллионим бор, деб жар солишади. Мана энди Ўзбекистонда ҳам пайдо бўлибди миллионерлар.

Жиззахлик фермернинг 56 миллион сўми бугунги курс бўйича 45 минг 345 долларга тенг ақча бўлар экан.

Яхши пул.

Рақамларнинг жозибаси асосий мавзудан чалғитаёзади. Асосий мавзу эса Ижтимоий ҳимоя йилида ўзбекистонликнинг ижтимоий ҳимояланганлик даражаси қанчага кўтарилиши.

“Яқинда тасдиқланган 2007 йилнинг давлат бюджетида бу йўналиш, яъни аҳолини ижтимоий ҳимоялаш бўйича ажратиладиган молиявий маблағлар миқдорини анчагина ошириш кўзда тутилган”, - дейди президент.

Президентнинг айнан мана шу гапдан кейин айтганларини диққат билан эшитиб кўриб, овора бўлманг. Мақсад конкрет рақамларни билиш эди. Лекин Ўзбекистон раҳбари конкрет рақам айтмади. Умуман, Ўзбекистоннинг бюджети неча пуллик эканини негадир ҳеч ким билмайди. Ҳатто сенаторлар ҳам.

Сенатор Абдурашид Олтиев мамлакатнинг аҳолини ижтимоий ҳимоялашга йўналтирилган 2007 йилги бюджетини ишлаб чиқишда шахсан қатнашган халқ вакилларидан.

“Озодлик” мухбири ундан бюджетга оид конкрет рақамларни сўраганда сенатор: “Бюджет параметрлари Сенатда жуда маъқулланди. Параметрлар макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича бюджет солиқ сиёсатининг прогнозлар доирасида даромад қисмиям, харажат қисмиям шаклланган”, - дейиш билан чекланди.

Сенаторнинг бу жавоби таркибида биронта ҳам рақам айтилмагани учун ўжар мухбир ундан конкрет рақамлар келтиришни сўради.

“Рақамлар муҳим эмас-ку ахир. Асосийси бюджетнинг йўналиши-ку...”

Бу Ўзбекистоннинг 2007 йилги давлат бюджети устида ишлаган сенаторнинг жавоби.

Хўш, нима учун қўшни давлатларнинг, боринг ана Россияю Американинг ўнг чўнтагига қанча пул тушиб, чап чўнтагидан қанча пул чиқиши тўғрисидаги маълумотларни ҳар бир ўзбекистонлик истаса топиши мумкин-ку, ўз мамлакати бюджети тўғрисидаги маълумотларни ҳатто сенатори билмайди? Президенти айтмайди?

Бу саволлар қанчалик ҳақли бўлмасин, уларга ўралашилса, лавҳанинг мавзусидан узоқлашиб кетилади. Мавзу қаратилган саволга жавоб эса президент нутқидан топилди:

“Давлат бюджетининг социал соҳа ва аҳоли ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган умумий харажатлари 2006 йилда 51 фоизни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич келгуси 2007 йилда 54,1 фоизни ташкил этади”.

Демак, давлат муҳофазасига муҳтож ўзбекистонликнинг ижтимоий ҳимояланганлик даражаси Ижтимоий ҳимоя йилида аввалги йилгидан 3,1 фоиз ортадиган бўлди.
XS
SM
MD
LG