Линклар

logo-print

Мустабиднинг ўлими байрам қилинди


Чилининг 10 декабрь куни 91 ёшида вафот этган собиқ раҳбари, диктатор Аугусто Пиночетнинг ўн минглаб мухолифлари унинг ўлимини байрамона нишонламоқда. Тарафдорлари эса мотам кайфиятида.

1973 йилдан 1990 йилгача Чилини бошқарган мустабиднинг ўлими унинг тарафдорлари ва мухолифатларини Сантяго кўчаларига етаклади ва томонлар ўртасида тўқнашувлар бўлди. Полиция томонидан бостирилган бу тўқнашувлар Пиночет ўлимидан сўнг ҳам турли баҳс-мунозараларга ва қон тўкилишларга сабаб бўлиши мумкинлигини исботлади.

А.Пиночет 1973 йили Чилида ҳарбий тўнтариш уюштириб, ҳокимият тепасига келди. Ўша пайтда ҳокимиятдан ағдарилган президент Салвадор Альенденинг қизи Изабел “Озодлик” мухбири билан суҳбатда собиқ диктатор давлат миқёсида катта марозим ўтказилиб дафн этилишидан норозилигини билдирди.

“Мен унинг осойишталикда вафот этганидан афсусланаман. Лекин у содир этган жиноятлар унутилмаган ва юридик жараён якунига етказилиши лозим. Мен Пиночетни ҳурматга нолойиқ одам ҳисоблайман. У давлат миқёсида катта маросим ўтказилиб дафн қилинишига қаршиман. Пиночет диктатор эди, у одамлар томонидан сайланмаган”, - деди Изабел Альенде.

Чилида Пиночетни жиноятчи, деб ҳисобловчи одамлар кўпчиликни ташкил этишига қарамай, мамлакат ҳукумати собиқ диктатор ўлими муносабати билан давлат байроқларини туширишга қарор қилди. Ҳукумат аъзолари Пиночет оиласига таъзия изҳор этди.

“Чили ҳукумати Пиночет оиласига ҳамдарддир. Ҳукумат бундай вазиятда қабул қилинган тартиб-қоидаларга мувофиқ иш тутмоқда, шу билан бирга, мамлакатда барқарорлик сақланиб қолишига ҳам ҳаракат қилмоқда”, - деди Чили ҳукумати вакили Рикардо Лагос Вебер.

Унинг айтишича, ҳукумат Пиночет учун ҳарбийлар иштирокида барча тартиб-қоидаларга амал қилинган ҳолда дабдабали дафн маросими ташкил этади.

Пиночет ҳокимиятни 1973 йилда ҳарбий тўнтариш йўли билан эгаллаб олгандан кейин ўша пайтдаги президент С.Альенде ўлик ҳолда топилганди. Бу воқеа тафсилотлари ҳалигача аниқ эмас. Пиночет тарафдорлари Альенде ўз жонига қасд қилганини айтса, Пиночетга қарши гуруҳлар унинг ўлдирилганини таъкидлаб келади. Бундан ташқари, Пиночет ўзининг 17 йиллик ҳукмронлиги даврида минглаб одамнинг умрига зомин бўлгани ҳам таъкидланади. Пиночет ҳукмронлиги даврида мамлакатда инсон ҳуқуқларига амал қилинмади, матбуот эркинлиги бекор қилинди. Минглаб зиёлилар Чилини ташлаб, ўзга давлатларга чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Бироқ собиқ диктатор тарафдорлари Пиночет мамлакатни марксизмдан қутқариш учун шундай чораларни қўллашга мажбур бўлганини таъкидлайди. Пиночет 1974 йилдан 1990 йилгача ҳукмронлик қилди. Чилидаги иқтисодий вазият ёмонлашгач, у истеъфога чиқишга мажбур қилинди. У инсон ҳуқуқларини топташ, товламачилик, коррупция каби жиноятларда айбланди.

91 ёшида вафот этган диктатор ҳатто ўлимидан сўнг ҳам Чилини икки қутбга - ўз тарафдорлари ва мухолифларга бўлиб ташлади.
XS
SM
MD
LG