Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:22

Ироқ яна қон гирдобида


12 декабрь куни Ироқда сўнгги вақтлардаги энг йирик қўпорувчиликлардан бири амалга оширилди. Бағдоднинг Тайран майдонида икки юк автомобили портлатилгани оқибатида камида 60 киши ҳалок бўлди, 221 киши жароҳатланди.

“Франс пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, худкушлар ҳужуми қурбони бўлганларнинг аксарияти шиалар бўлиб, улар майдонга иш излаб келган.

Ироқ бош вазири Нурий ал-Маликий ҳужум оқибатида ўлган камбағал ироқликларнинг оила аъзоларига таъзия изҳор қилди. У ҳужум учун масъулиятни сунний экстремист гуруҳлар ва Ироқнинг собиқ президенти Саддам Ҳусайн тарафдорлари зиммасига юклади.

Ироқ парламентининг сунний мазҳабдаги раиси Маҳмуд Машҳаданий ҳам Тайран майдонидаги ҳужумни қоралаб, мамлакатдаги барча қуролли гуруҳларни икки ой давомида ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Бағдодда АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари ва Ироқ хавфсизлик кучларининг ўн минглаб аскари бор. Шунга қарамай, пойтахтдаги аҳвол оғирлигича қолмоқда. Баъзилар Ироқда фуқаролик уруши бошланганини айтмоқда.

Ироқда вазиятни фуқаролик уруши сифатида қабул қилиш-қилмаслик масаласи бир неча ҳафтадан буён қизғин мунозаралар мавзусига айланган.

АҚШ президенти Жорж Буш ўтган ҳафта Буюк Британия бош вазири Тони Блэр билан Оқ уйда учрашгандан кейин Ироқда вазият оғир эканини, бироқ мамлакатда фуқаролар уруши бормаётганини айтган эди.

Бошқалар эса Ироқда фуқаролар уруши аллақачон бошланган, деган фикрда.

Ироқлик журналист Лейт Аҳмад “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ироқдаги вазият ҳақида гапириб: “Баъзилар Ироқда фуқаролар уруши бўлмаётганини айтмоқда. Мамлакат ичида эса сиз ҳақиқий фуқаролик урушини кўришингиз мумкин. Аммо бу уруш фуқаролар эмас, балки қуролли гуруҳлар ўртасида боряпти. Сунний ва шиа қуролли гуруҳлари бир-бирига қарши ўч олиш ҳужумларини уюштирмоқда. Ҳужумларда эса тинч аҳоли нобуд бўлмоқда”, - деди.

Лейт Аҳмад сўзларига кўра, Ироқда матбуот ходимлари жуда оғир шароитда ишлаяпти. Ироқ ҳукумати журналистларнинг Бағдоддаги “яшил зона”дан ўтган барча йўллардан фойдаланишини чеклаб қўйган. Бундан ташқари, ОАВ мухбирлари Ироқ кўчаларида интервью олиши ўта хавфли. Чунки уларга ҳужум уюштирилиши ёки қуролли гуруҳлар журналистларни ўғирлаб кетиб ўлдириши мумкин. Текширув пунктларида журналистнинг қайси мазҳабга мансублиги ҳам сўралади. Бу эса Ироқдаги журналистлар ҳаётини таҳликали қилиб қўймоқда.
XS
SM
MD
LG