Линклар

logo-print

Кофи Аннан кетиш тараддудида

  • Ҳасанжон

БМТга 10 йил раҳбарлик қилган Кофи Аннан бош котиблик муддати тугаши арафасида бу лавозимда сўнгги бор расмий маъруза қилди. У ўз нутқида кўплаб муаммоларга тўхталди.

Кофи Аннан охирги расмий нутқини Миссури штатидаги АҚШнинг собиқ президенти Ҳарри Трумэн номидаги кутубхонада сўзлади. 1945 йилда БМТ тузилишида Ҳ.Трумэн муҳим рол ўйнагани учун рамзий маънода унинг хотирасини ёд этган К.Аннан сўнгги нутқи учун шу кутубхонани танлади. 68 ёшли бош котиб ўз чиқишида АҚШни барча соҳада халқаро ҳамжамиятга етакчилик қилишга чақирди.

“Президент Трумэн айтганидек, буюк давлатларнинг вазифаси дунё халқларига ҳукмронлик қилиш эмас, балки уларга хизмат қилишдир. У агар АҚШ бу масъулиятни ўз зиммасига олса, нималар қилиш ва қандай ютуқларга эришиш мумкинлигини кўрсата олди. Агар АҚШ бош қўшмаса, ҳозирги кунда ҳам дунёнинг ҳеч бир ташкилоти жиддий ютуқларга эриша олмайди. Агар АҚШ бир ишга астойдил киришса, натижа кутилгандан зиёда бўлади”, – деди К.Аннан.

БМТ Бош котиби лавозимни тарк этаётган К.Аннан дунёнинг етакчи давлатларини бешта тамойил, яъни коллектив масъулият, қонун устиворлиги, дунё хавфсизлиги, ўзаро ҳамкорлик ва кўп томонламалик тамойилларига риоя қилишга даъват этди.

“Бошқалар устидан ҳукмронлик қилишга уринган ҳар қандай давлат хавфсиз бўла олмайди. Умумий хавфсизлигимиз учун ҳаммамиз масъулмиз. Бошқалар хавфсизлигини таъминлаш орқалигина биз узоқ муддат хавфсиз яшашга умид қилишимиз мумкин”, – деди бош котиб.

Халқаро сиёсат бобида сўзлаган К.Аннан бош котиблик лавозимида давлатлар нафақат ўзининг, балки бошқаларнинг хавфсизлиги учун ҳам масъул бўлиши кераклигини тушуниб етганини билдирди.

“Шу маънода, бизнинг ҳозирги вазифамиз Ғарб ёки Шарқ маданиятини эмас, балки барча маданиятни сақлаб қолишдир. Ҳамма халқлар бир ёқадан бош чиқариб саъй-ҳаракат қилсагина, биз бу вазифани уддалай оламиз”, – деди К.Аннан.

Кофи Аннан БМТга раҳбарлик даври мобайнида фақат инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинган ва қонун устиворлиги таъминланган жамиятда хавфсизлик ва тараққиётга эришиш мумкинлигини англаб етганини таъкидлади. У иқтисодий глобаллашув жараёни кучайиб бораётганига қарамай, динлар, анъаналар ва маданиятлар ўртасидаги бўлиниш сақланиб қолаётганини айтди.

“Инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилиш ҳаракатида АҚШ пешқадам бўлиб келди. Агар Америка терроризмга қарши курашда ҳам ўз принципларига содиқ қолса, у ўз етакчилигини сақлаб қола олади. Агар АҚШ ўз ғояси ва мақсадларидан ортга чекинса, хориждаги дўстлари жиддий муаммоларга дуч келади”, – деди К.Аннан АҚШга мурожаат қилиб.

У БМТ бош котиби сифатида давлатлар глобал муаммоларга якка ҳолда ечим топа олмаслиги, масалани ҳал қилиш учун ноҳукумат ташкилотлар, касаба уюшмалари, хайрия жамғармалари, таълим муассасалари ва тадқиқот марказлари билан мувофиқлашган ҳолда ҳаракат қилиши кераклигини тушуниб етганини билдирди.

К.Аннаннинг ваколат муддати шу йил охирида тугайди.
XS
SM
MD
LG