Линклар

Газ сўрасанг, отасининг душманини кўргандек бўладиган ҳокимлар бор

  • Абдулла Искандар

Қиш изғирини кучайган сари газ тақчиллиги муаммоси ўзбекистонликларни янада кўпроқ ташвишга солмоқда. Ҳатто газ йўқлигидан шикоят қилиб ўтказилган норозилик чиқишлари ҳақида ҳам хабарлар келяпти.

“Ўзньюс.нет” сайтининг ёзишича, яқинда Андижонда шундай норозилик чиқиши бўлиб ўтган.

“Қўзғолон ва ҳукумат шафқатсизлиги тимсоли бўлган Андижон шаҳри яна ўз ҳуқуқларини талаб қилмоқда. 50 аëл уйида газ ва электр йўқлигидан шикоят қилиб, Бобур майдонидаги йўлни тўсиб қўйди”, - дейилади сайтдаги хабарда.

Мазкур сайт муаллифи Галима Бухорбоеванинг айтишича, бу хабар ўта ишончли манбага асосланиб тайёрланган.

“Андижондаги манбамиз шаҳардаги “Холис” савдо марказига йиғилган аëллар совуқ ҳукм сурган хонадонларда қандай қилиб бола боқамиз, деб йўлни тўсиб қўйганини билдирди. Аëлларнинг тадбири Андижон ҳокимлигидаги мулозимларни саросимага солган. Дарҳол етиб келган милиция отряди аëллар гуруҳини ҳайдашга уринган. Йўл ҳаракатини бошқариб турган автоинспекторлар қочиб кетган. Шундан сўнг Андижон вилоятига янги тайинланган ҳоким Аҳмад Усмонов келиб, барча хонадонларни газ билан таъминлашга ваъда берган”, - деди Г.Бухорбоева.

Бироқ “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган андижонликлар янги ҳокимнинг ваъдаларига ишонмаслигини айтади.

“Биз янги ҳоким бўлгач, газ, чироқ келармикин, деб умид қилдик. Қайтанга баттар бўлди. Уйларимиз совуқ ва қоронғи. Бола-чақамиз совуқдан касалга чалиняпти. Тошкентдан комиссия келиши олдидан газ ва электр бўлади, холос”, - дейди андижонликлар.

Андижонликлар айрим ҳамшаҳарлари ўзи газ йўқлигида қувурга махсус мослама қўйиб, газни сўриб олаётганидан ҳам шикоят қилди.

Хонадонларда газ ва электр йўқлигидан азият чекаëтган Андижон шаҳридан бир ярим минг километр узоқдаги Хоразм вилоятида, Ўзбекистоннинг Туркманистон билан чегарасида жойлашган Шовот туманида ҳам шу муаммо кун тартибига чиққан.

Шовотлик фуқаро Суҳбат Абдуллаевнинг сўзларига кўра, уйида бир неча кун давомида газ бўлмагани учун туман газ идораси бошлиғи Шуҳрат Вафоевга, туман ҳокими Бобохон Исломовга, вилоят газ таъминоти идорасига мурожаат қилган. Нукусга мурожааат қилиб, Ўтимбетов фамилияли диспетчерга айтганидан кейингина газ таъминоти салгина яхшиланган.

“Шовотда туманида 3 мингта хонадонда умуман газ йўқ экан. Сабаб шуки, Шовотда жуда катта ғишт заводи бор. Унга Бахтиёр Солаев деган одам директор экан. У Шовот тумани ҳокимининг божаси бўлиб, газ тақсимлагичларни қулфлаб кетар экан. У Аминбоев Аминбой деган одамга: “Мен қуруғини бериб қўйибман. Шовот туманига келиб турган газ меники”, - деб хоҳласа очар экан, хоҳласа газ бермас экан. Мени бу одамнинг газ идорасига умуман алоқаси йўқ бўлса-да, бундай ўзбошимчалиги қизиқтириб қолди. Бу қизиқиш мени вилоят ҳокими Ислом Бобожонов ҳузурига етаклади. Вилоят ҳокимига ҳаққингни талаб қилиб борсанг, у отасининг душманини кўргандай бўлар экан. Газ масаласини айтиб келсанг, ундан ҳам баттар аҳволга тушар экан. Ахир Хоразмда космодром қурилаётгани йўқ-ку, ўша ғишт заводи 3 ой тўхтаб турса нима қилади? 3 мингта бечора газдан фойдаланмаса бўлмасмикин”, - дейди С.Абдуллаев.

С.Абдуллаев қанча уринмасин, ҳокимнинг ҳузурига кира олмаган. У билан ҳоким ёрдамчилари гаплашиб, масала ўрганиб чиқилишини айтган.

Бундан ранжиган С.Абдуллаев қатъийроқ йўл тутишга бел боғлади.

“Мен Ислом Бобожонов бошчилигидаги импотент ҳокимият тизимига импичмент эълон қилишни ўзимга мақсад қилиб қўйдим. Биз тегишли материалларни йиққандан сўнг И.Бобожонов командасини Страсбургдаги Европа инсон ҳуқуқлари судига бермоқчимиз. Тайинланиб келадиган ҳокимлар балосидан шу тахлитда қутулсак керак, деб ўйлайман”, - дейди С.Абдуллаев.

Унинг маълум қилишича, газ таъминоти ёмонлигига қарши аҳоли чиқишлари ҳам бўлган.

“Бир ҳафта бурун Шовотда Беруний номидаги мактаб атрофидаги аҳоли чиқиб, кўчани тўсиб олган ва норозилик пикети ўтказган. У ерга ҳокимлик, милиция, прокуратура ходимлари бориб, халққа тушунтириш ўтказиш баҳонасида тазйиқ қилган. Бутун иттифоқ даврида етган газ энди етмасдан қолди. Ўзбекистонда 7,3 триллион куб метр газ бор. Бу газни бутун дунёга бериб қўйса, 2 йил кеча-ю кундуз тинмасдан ёқса, шундаям яна ортиб қолади. Шу газни бизга бермай, энди Россия, у ёқ-бу ёққа сотишни бошлади булар. Бундан ҳам фойдаланиб, халқниям ризқини туя қила бошлашди”, - дейди С.Абдуллаев.
XS
SM
MD
LG