Линклар

Ўзбекистон президенти россиялик юқори мартабали расмийга орден берди


Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 12 декабр куни Россия президенти ёрдамчиси Жаҳон Поллиева бошлиқ делегацияни қабул қилди. Учрашувда асосан Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги илмий, маданий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради “Интерфакс” ахборот агентлиги.

“Регнум” ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, президент Ислом Каримов Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги алоқаларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Россия президенти ёрдамчиси Жаҳон Поллиевани “Дўстлик” ордени билан тақдирлаган.

Шундан сўнг, Россия президенти ёрдамчиси Тошкентда Москва Давлат Университети филилалининг расмий очилиш маросимида иштирок этган. У ерда қилган чиқишида, Жаҳон Поллиева Россия ва Ўзбекистон “малакали кадрлар тайёрлашдаги ўзаро ҳамкорлик”дан манфаатдор эканлигини таъкидлаган.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Бахтиёр Исабеков эса Россия президенти ёрдамчиси баёнотига сезиларли тузатиш киритади:

“Ўзбекистонда ҳукуматни бошқараётган элита ва муаян табақа бор. Уларнинг тили ва дили русчадир. Президентдан тортиб, унинг атрофидаги барча русча-советча таълим олганлардир. Улар жуда яхши биладиларки, ҳокимиятда туришларининг асосий сабаби ўша русча-советча таълим шарофатидир. Чунки улар ҳокимятга шўро даврида келганлар. Уларнинг фарзандлари бор. Уларнинг келажагини таъминлаш мақсадида ташкил этилди Москва Давлат Университетининг Тошкент филилали. Мен у ерга бориб, кимлар ўқиётгани билан қизиқиб кўрдим. Бу университетда бирорта вилоятдан келган талаба йўқ экан. Деярли ҳаммаси амалдорларнинг фарзандлари. Бу университет рус руҳиятидаги одамларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган. Демак ўз-ўзидан бундан энг аввало Россия манфаатдор, деган хулосага келиш мумкин”.

Россия расмий делегациялари сўнгги пайтларда Тошкентга тез-тез келадиган бўлиб қолдилар. Лекин кузатувчиларга кўра, бу учрашувларда икки давлат ҳамкорлигига оид декларатив масалалар кўриладию, оддий ўзбекнинг бошини оғиртаётган муамолар бир четда қолиб кетаверади.

Масалан, Россияда 2007 йилдан бошлаб меҳнат мигрантларига алоқадор янги қарор кучга киради. Бу қарорга биноан 2007 йил оҳиригача, Россия бозорларидан савдогар мигрантлар ҳайдаб чиқарилади. Лекин, Ўзбекистон президенти Тошкентга келган Кремл расмийси билан ҳам бу масала тўғрисида гаплашишни унитиб қўйган кўринади. Нега шундай? Москвалик таҳлилчи Юрий Дубновнинг бу борадаги фикри мана бундай:

“Ўзбекистон ҳамма вақт ўз ички барқарорлиги, фаровонлиги ва ўз имкониятлари етарли даражада экани тўғрисида баёнот бериб келди. Россия билан ўз ижтимоий муаммоларини муҳокама қилиш, бундай муаммоларни тан олиш деганидир. Иккинчидан эса, ўз ҳукуматига моддий қарам бўлишни истамаган ҳолда ўз тирикчилигини ҳорижда ўтказаётган ўзбекистонликларни ўзига душман, деб билади. Чунки ҳукуматдан моддий мустақил бўлган ҳар қандай одам, эркин шахсдир”, - дейди Аркадий Дубнов.

Ўзбекистон ҳукуматидан амалий ёрдам кутиб чарчаган Россиядаги ўзбек меҳнат мигрантлари ниҳоят ўз ташкилотларига асос солишга аҳд қилдилар. Бу тўғрида Москвада яшаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев мана буларни айтди:

“Бизнинг ташкилотимиз айни пайтда давлат рўйхатидан ўтиш жараёнини бошлади. Бир вақтнинг ўзида Россия вилоятларида ташкилотимиз бўлимларини ташкил этмоқдамиз. Бизнинг асосий мақсадимиз Ўзбекистон ҳукумати ҳимоясидан маҳрум бўлган ўзбек меҳнат мигрантлари ва сиёсий қочқинлар ҳуқуқини ҳимоя қилишдир”, - дейди Баҳром Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG