Линклар

Ўзбекистонда БМТнинг қийноқларга қарши конвенцияси амалга тадбиқ этиляпти…ми?


Фарруҳ Юсуфий Ўзбекистон Олий мажлисида “БМТнинг қийноқларга қарши конвенцияси ижроси ҳақидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш мавзусида” давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги “Жаҳон” ахборот агентлиги сешанба куни тарқатган хабарномада айтилади. “Жаҳон” агентлигининг хабарига кўра, давра суҳбатида Ўзбекистон парламентининг иккала палатаси, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги, Адвокатлар уюшмаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ вакиллари қатнашган.

Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистонда БМТнинг қийноқларга қарши конвенцияси амалга тадбиқ этилаётгани ҳақида гапириб бу ҳақда БМТнинг тегишли қўмиталарига учта ҳисобот юборилганини маълум қилганлар. “Озодлик” радиоси мухбири БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Манферд Новак билан Ўзбекистон расмийлари юборган ҳисоботлар ҳақида сўради.

Жаноб М.Новак: “Ҳа, албатта. Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасига ўз ҳисоботларини топширган. Бу ҳисоботлар мендан олдинги махсус маърузачи жаноб Тео ван Бовеннинг Ўзбекистонга бориб, у ерда қийноқлар систематик тус олгани ҳақидаги хулосаларидан келиб чиққан тавсиялар қандай амалга оширилаётгани борасидаги маълумотлардан иборат. Бу ҳисоботлар шунингдек, БМТнинг инсон ҳуқуқлари кенгашига ҳам берилган”.

Мухбир: Жаноб Новак, бу ҳисоботлардаги маълумотлар нималардан иборат ва улар ишончлими?

Жаноб М.Новак: “Менинг фикримча, Ўзбекистон маълум тавсияларни амалга тадбиқ этмоқда, албатта. Бу асосан қонунчиликка киритилган баъзи ўзгаришлардан иборат. Лекин амалда, Ўзбекистонда қийноқлар ҳали ҳам кенг қўлланилаётгани ҳақида хабарлар келяпти. Жаноб Тео ван Бовеннинг ўзи ҳам, тавсияларининг асосий қисми амалга оширилмаганини айтмоқда. Ўзбекистондаги маҳбуслар билан шахсан суҳбатлашиб, у ердаги вазиятни ўз кўзим билан кўриш мақсадида, Ўзбекистон ҳукуматига мени таклиф этишларини сўраб, шахсан мурожаат қилдим. Ўзбекистон ҳукумати, ҳозирча, менинг мурожаатимга жавоб қатаргани йўқ”.

Мухбир: Жаноб Новак, Ўзбекистон ҳукумати БМТга юборган ҳисоботларда мамлакатда қийноқлар ҳамон қўлланилаётгани эътироф этилганми?

Жаноб М.Новак: “Йўқ, Ўзбекистон ҳукумати буни эътироф этгани йўқ. Аксинча, бу ҳисоботларда, улар жаноб ван Бовеннинг ҳисоботини нохолис, дея танқид қилган. Шуни айтишим мумкинки, мен жаноб ван Бовенни жуда яхши танийман ва ҳисоботнинг холислигига шубҳам йўқ. Айни пайтда, Ўзбекистонда қийноқлар ҳамон кенг қўлланаётгани ҳақида кўплаб хабарлар келяпти. Улар нафақт Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланган кишилар, балки ундан кейин ҳам қийноқлар қурбони бўлаётган кишиларга оид. Муаммонинг асосий сабаби, мамлакат ичкарисида қийноқлар вазиятини кузатиш имконининг йўқлигидадир. Масалан, вазиятни охирги яқингача кузатиб келган ЕХҲТ ёки бошқа нодавлат ташкилотларига бундай имконият берилмаяпти. Шунинг учун, шахсан мен Ўзбекистондаги қийноқлар вазиятидан жуда хавотирдаман ва мени у ерга таклиф қилишса миннатдор бўлардим”.

Мухбир: Жаноб Новак, Ўзбекистон ҳукумати ҳисоботларида қийноқлар қўлланилмаётгани, бошқа манбалардан келаётган хабарлада эса, қийноқлар ҳамон кенг қўлланилаётгани айтилади, дедингиз. Кимга кўпроқ ишонасиз?

Жаноб М.Новак: “Биласизми, бундай вазият кўп учрайди. Қийноқлар хуфёна тарзда ҳар доим қўлланилган ва шу боис қийноқлар борлигини тасдиқловчи далилларни топиш қийин бўлади. Шунинг учун вазиятни жойида ўрганиш муҳимдир. Бошқа томондан эса, қийноқларни қўллайдиган ҳукуматлар одатда, буни инкор қилади. Чунки улар бундан манфаатдор. ЕХҲТ ёки бошқа нодавлат ташкилотлар эса, бундан манфаатдор эмаслигини назарга олиб, мен, ўзини яхши қилиб кўрсатишга уринаётган ҳукуматлардан кўра, мустақил манбалардан келаётган хабарларга кўпроқ ишонаман”.
XS
SM
MD
LG