Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:58

Ироқда яна ўнлаб бегуноҳ одамлар қони тўкилди


Ироқ пойтахти Бағдод ва мамлакат шимолида жойлашган Киркук шаҳарларида 13 декабр куни бир неча портлаш амалга оширилди. Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили ҳужумлар оқибатида ўнлаб одам нобуд бўлганини маълум қилди. Айни пайтда, Бағдод расмийлари зўравонликларни тўхтатиш чорасини кўрмоқда.

Чоршанба кунги энг кучли портлаш Киркук шаҳрида амалга оширилди. Ғарб ахборот агентликлари хабарларига кўра, худкуш кимсалар портловчи моддалар ортилган иккита юк машинасини нефтни қайта ишловчи заводни қўриқлаётган Ироқ хавфсизлик кучлари ходимлари олдида портлатиб юборган. Оқибатда тўққиз нафар хавфсизлик ходими нобуд бўлган, 13 нафари яраланган.

Шу куни эрталаб Бағдоднинг асосан шиалар яшайдиган ал-Камолия туманида одамлар билан гавжум бозорда автомобилга ўрнатилган бомба портлатилгани оқибатида 10 нафар ироқлик нобуд бўлган 26 нафари яраланган эди. Бағдоднинг Жадида туманида амалга оширилган портлаш оқибатида эса беш нафар ироқлик мардикор нобуд бўлган, 10 нафари яраланган.

12 декабр куни Бағдоддаги “Таяран” майдонида худкуш кимсалар амалга оширган шу каби портлашлар оқибатида 60 дан зиёд ироқлик асосан, шиалар халок бўлган, 221 нафар фуқаро яраланган эди.

Айни пайтда, Бағдод расмийлари зўравонликларни тўхтатиш чораларини кўрмоқдалар. Ироқ раҳбарининг Хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Муваффақ ал-Рубоий фикрича, зўравонликларни жиловлаш учун АҚШ кучлари пойтахтдан олиб чиқилиши керак. Шунда Америка аскарлари сунний исёнчиларни таъқиб қилиш имкониятига эга бўлади. Ироқ кучлари эса Бағдодда мазхаблар ўртасида қон тўкилишини тўхтатиш билан шуғулланади. Ал-Рубоийга кўра, Ироқ Бош вазири Нурий ал-Маликий АҚШ президенти Жорж Буш билан яқинда Иорданияда учрашганида шу ҳақда келишиб олган. Ал-Рубоий “СиЭнЭн” телевидениесига берган интервьюсида коалиция кучлари ҳеч бир томоннинг тарафини олмаслиги мақсадга мувофиқ бўлишини, чунки Ироқда сунний ва шиа экстримист гуруҳлари ўртасида уруш бораётганини айтди.

Бош вазир Нурий ал-Маликий Ироқда давом этаётган зўравонликларни тўхтатиш мақсадида уч кундан кейин миллий ярашув анжумани ўтказишни режалаган.

“Франс пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, урушда қатнашаётган барча гуруҳлар раҳбарларининг мазкур анжуманда иштирок этишлари кутилмоқда. Аммо суннийларнинг “Мусулмон уламолар уюшмаси” анжуманга бойкот эълон қилган.

АҚШ Конгресси Оқ Уйнинг Ироқда юритаётган сиёсатини ўзгартириш мақсадида икки партия вакилларидан иборат “Ироқдаги вазиятни ўрганиш комиссияси”ни тузган. Ушбу комиссия 6 декабр куни ўз ҳисоботини эълон қилган эди. Комиссия Буш маъмуриятига Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш учун Эрон ва Сурия билан музокара ўтказишни тавсия қилган. Бироқ, Вашингтондаги Яқин Шарқ сиёсати тадқиқот маркази таҳлилчиси Деннис Росс Қўшма Штатлар Эрон ва Сурия билан Яқин Шарқ тинчлик жараёнининг бир қисми сифатида Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш борасида музокара ўтказиши керак деган фикрда.

АҚШ президенти Жорж Бушнинг отаси ва Бил Клинтон АҚШга раҳбарлик қилган даврда Американинг Яқин шарқ минтақаси бўйича махсус вакили бўлган Деннис Росс Ироқ масаласи Исроил-Фаластин можароси билан бирга муҳокама қилиниши кераклигини айтди.

АҚШ президенти Конгресс комиссияси тавсияларини жиддий ўрганиб чиқиб, Ироқдаги стратегияни ўзгартиришини айтган эди. Ўтган ҳафта Вашингтонда Британия Бош вазири Тони Блэр билан учрашганидан кейин Буш АҚШ ва Британия Ироқ бўйича ўз стратегияларини ўзгартиришга келишиб олганларини маълум қилганлар. Янги стратегия яқин кунларда эълон қилиниши кутилаётган эди. Бироқ Буш 12 декабр кунги чиқишида Оқ Уйнинг Ироқ бўйича янги стратегияси янги йил байрамига қадар эълон қилинмаслигини билдирди.
XS
SM
MD
LG