Линклар

“Халқаро Амнистия” ташкилоти уйғур фаоли тақдири хусусида ташвиш билдириб баёнот эълон қилди

  • Барно Анвар

“Халқаро Амнистия” ташкилоти шу йил март ойида Ўзбекистонда қўлга олинган ва 27 июнь куни Хитойга экстрадиция қилинган Канада фуқароси, асли Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном республикасидан бўлган Ҳусайн Жалил тақдиридан чуқур хавотир билдирди. Ташкилот эълон қилган баёнотда айтилишича, Ҳусайнжон Жалил ҳисбга олингандан тортиб, то ҳозирги кунга қадар унинг аҳволи ҳақида бирор бир маълумот йўқ ва уни бирор бир яқини кўрмаган. Ўтган ойда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Хусайн Жалилга нисбатан ўлим жазоси қўлланмаслиги ҳақида баёнот берган, аммо, у Хитой фуқароси экани ва Хитой қонунларига биноан жазога тортилажагини таъкидлаган эди.

Ҳусайнжон Жалилнинг рафиқаси Комила Жалил турмуш ўртоғи Хитойга топширилганидан буён у ҳақда бирорта хабар олмаган. “Аввал ўзбек, кейин хитой қамоғида ўтирган турмуш ўртоғим аҳволидан жуда қаттиқ хавотирдаман”, дейди Комила.

“Июн ойидан буён бирорта хабар йўқ. Хитой ҳукумати ҳамма мурожаатларимизни жавобсиз қолдираяпти. Уни ҳеч кимга, ҳатто, Канада консулига ҳам кўрсатишмади. Хўп, унинг Канада фуқароси эканини тан олмаса ва Хитой фуқароси, деб туриб олса, у ҳолда нега оила-аъзолари кўрсатмайди?! Хитой қамоқларидаги вазиятни эса яхши биламиз. У ерда одамни ўлдириб юбориш ҳеч нарса эмас. Шунинг учун жуда қаттиқ хавотирдаман”.


Сешанба куни Хитой ташқи ишлар вазирлиги ҳозир Хитой қамоғида сақланаётган Ҳусайн Жалил устидан тергов жараёни якунланганини маълум қилди. Бироқ, унга айнан қандай айб қўйилган ва судда айби тасдиқлангудай бўлса, уни конкрет қандай жазо кутаётгани ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Ўтган ойда Осиё-Тинч океани давлатлари анжуманида иштирок этган Хитой президенти Ху Цзинтао ва Канада ташқи ишлар вазири Стивен Харпер ўртасидаги мулоқотда ҳам Хусайн Жалил масаласи тилга олинди. Орадан бироз ўтиб, икки давлат ташқи ишлар вазирлари ҳам шу масалани муҳокама қилганда, Хитой расмийлари Ҳусайн Жалилга нисбатан ўлим жазоси қўлланмаслигини ваъда қилди. Бироқ, у Хитой фуқароси сифатида жазо олажагини билдирди.

Ҳусайн Жалил эса Канада фуқароси ҳисобланади ва унинг Ўзбекистонда ҳибсга олингани, кейин эса Хитойга бериб юборилгани мутлақо ноқонунийдир, демоқда унинг ҳимоячилари. Хусусан, Канададаги Уйғурлар жамияти раиси Муҳаммад Тўхта шундай дейди:

“Хитой қонунчилиги икки фуқароликни инкор этади. Яъни, бир фуқаро бошқа давлат фуқаролигини олган заҳоти автоматик равишда Хитой давлати фуқаролигидан маҳрум бўлади. Хитой қонунчилигининг ана шу меёрларига асосан Ҳусайн Жалил Канада фуқароси эмас. Аммо, Хитой буни тан олмаяпти”.


“Халқаро Амнистия” ташкилотининг Канада бўлими раҳбари Алекс Нев Ҳусайн Жалилга тегишли барча ахборот ўта махфий сақланаётгани ва бу борадаги сўровларга ҳеч бир маълумот берилмаётганини айтар экан, Хитойда Ҳусайн Жалилга ўхшаган уйғур фаолларига нисбатан, шунингдек, инсон ҳуқуқлари фаолларига нисбатан таъқиб, зўравонлик кучайиб бораётганини таъкидлади.

Шу ўринда эслатиш мумкин шу йил 26 март куни Тошкентда қўлга олинган ва июн ойида Хитойга бериб юборилган Канада фуқароси Ҳусайнжон Жалил Қирғизистондаги уйғурлар жамоаси етакчисини ўлдиришда ва яна бошқа бир неча террорчилик ҳаракатларида қатнашганликда айбланмоқда. У 2002 йилда Интерпол қидирувига берилган.

Шинжон-уйғур мухтор республикасида эса Ҳусайнжон Жалилни фаол диний арбоб, имом сифатида таниқлидир. Ҳуқуқ ҳимоячилари фикрича, у Хитойдаги уйғурлар манфаатини ҳимоя қилгани учун шундай таъқибга олинган, жазога тортилмоқда.
XS
SM
MD
LG