Линклар

Россияда яшаётган қирғизистонликлар қурилтой ўтказдилар

  • Сарвар Усмон

Москвада Россияда истиқомат қилаётган қирғизистонликлар 12 декабрь куни қурултой ўтказдилар. Анжуманга Россиянинг йигирмадан зиёд шаҳрида яшаб, меҳнат қилаётган мигрант ишчилар вакиллари қатнашдилар. Қирғизистон ва Россия ҳукуматларининг масъул лавозимли амалдорлари иштирокида ўтказилган издиҳомда қирғизистонлик мигрант ишчилар ва савдогарларнинг муаммолари муҳокама қилинди.

Аввало, шуни айтиш керакки, ўз тирикчилигини Россияда ўтказаётган қирғизистонлик мигрантлар анча ижтимоий фаол. Уларнинг кўплаб жамоат ташкилотлари мавжуд.

Қирғизистонликларнинг Умумроссия йиғилишига Россия ҳукуматининг янги йилдан кучга кирадиган қарори сабаб бўлган кўринади.

Қурултойда иштирок этган Қирғизистон республикаси Давлат котиби Адахан Мадумаров Озодлик мухбирига бундай деди.

“Бу ерда ишлаётган қирғизистонликларнинг 40 фоизга яқини Россия фуқаролигини олган. Биз қолган мигрантларнинг муаммоларини ечиш устида иш олиб бораяпмиз”.

Қирғизистон давлат миграция қўмитасининг Москвадаги вакили Тожимамат Шабўлўтовнинг айтишича, Қирғизистон ҳукумати янги йил кириши биланоқ пайдо бўладиган муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўз таклифларини Россия ҳукумати эътиборига ҳавола қилмоқда.

“Шу кунда Россиядаги қирғизистонлик мигрантларнинг 50-60 фози бозорларда ишлайди. Агар уларни мамлакатдан чиқариб юборгудай бўлишса, бу жуда катта муаммога айланади. Шунинг учун ҳам биз Россия ҳукумати билан шу масала устида ишлаяпмиз”, - деди Қирғизистон давлат миграция қўмитасининг Москвадаги вакили.

Унинг айтишича, расмий Бишкек вакиллари Россия бозорларида ишсиз қолиши кутилаётган фуқароларни бошқа иш билан таъминлаш масаласини Россия ҳукумати билан муҳокама қилмоқда.

Қирғизистонликлар қурултойи ишида Россия президенти ҳузуридаги Миллатлараро маданий алоқалар бошқармаси бошлиғи Мадес Ожегов иштирок этди. У қирғизистонликларга ўзларининг Россиядаги ҳуқуқий мақомини тезроқ расмийлаштириб олишни тавсия қилди.

Россия ҳукуматининг 2007 йилнинг 1 январидан кучга киражак қарорига кўра, келаси йилнинг апрелигача Россия бозорларида меҳнат қилаётган ҳорижий фуқаролар сони 40%гача туширилиши, йилнинг охиригача эса, бозорларда биронта ҳам россиялик бўлмаган савдогар қолдирилмаслиги керак.

Қурултойга Сургут шаҳридан келган Қуваничбек Айдаров бундай деди.

“Тўғрисини айтганда, бу қарор белимизни синдирадиган қарор бўлди. Шунинг учун уни бизга нисбатан бироз енгиллатиб беришармикин, деган мақсадда ўтказаяпмиз қурултойимизни”, - дейди қирғизистонлик мигрант ишчи.

Россияда истиқомат қилаётган қирғизистонликларнинг 12 декабрь куни Москвада ўтказилган қурултойи Россия ҳукуматининг миграцияга оид сўнгги қарори чиққанидан буён ҳорижликлар ўтказган биринчи йирик, кенг миқёсли тадбирдир.
XS
SM
MD
LG