Линклар

АҚШ раҳбари Пентагон расмийлари билан Ироқ стратегиясини муҳокама қилди

  • Ҳасанжон

АҚШнинг Ироқда юритаётган сиёсатини ўзгартириш мақсадида АҚШ Конгрессида икки партия вакилларидан иборат “Ироқдаги вазиятни ўрганиш комиссияси” тузилган эди. Ушбу комиссия 6 декабр куни эълон қилган ҳисоботида президент Жорж Бушга Ироқ бўйича саксонга яқин тавсия берган. Чоршанба куни Буш мазкур комиссия тавсияларини Пентагон расмийлари билан муҳокама қилди. Конгресс аъзолари АҚШ раҳбарини Ироқ бўйича ўзининг янги стратегиясини тезроқ эълон қилишига чақирмоқдалар. Бироқ Жорж Буш у янги йилга қадар эълон қилинмаслигини айтди.

АҚШ армияси генераллари жумладан Доналд Рамсфельд ўрнига янги Мудофаа вазири бўлган Роберт Гейст билан президент Жорж Буш ўртасида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Оқ Уйнинг Ироқда юритаётган сиёсатида жиддий ўзгариш бўлмаслиги маълум қилинди. АҚШ раҳбари Ироқ стратегияси хусусида билдирилган кўп фикрларни ўрганиб чиққани аммо ушбу жиддий масала юзасидан шошилинч қарор қабул қилиш ниятида эмаслигини айтди:

“Мен мағлубиятга етакловчи бази фикрларни эшитдим. Мен мақсадга эришмай мамлакатни тарк этиш, ўз вазифасини бажара олиши учун зарур чоралар кўришда Ироқ ҳукуматига ёрдам бермаслик каби фикрларни рад этдим”, – дея баёнот берди АҚШ раҳбари.

“Ироқдаги вазиятни ўрганиш комиссияси” ўз ҳисоботида президентга 2008 йил бошида АҚШ қўшинларининг асосий қисмини Ироқдан олиб чиқишни тавсия қилган. Бундан ташқари, агар Ироқ ҳукумати мамлакатда хавфсизликни таъминлаш вазифасини тезроқ ўз зиммасига олмаса, Бағдод расмийларига кўрсатилаётган ёрдамни тўхтатиш АҚШ президентига маслаҳат берилган. Жорж Буш қандай қарор қабул қилганини телевидение орқали Америка халқига қиладиган мурожаатида маълум қилишини билдирди.

АҚШ Конгрессининг бази аъзолари президент Бушни Ироқ масаласида қарор қабул қилишни пайсалга солаётганликда айбламоқда. Хусусан, янги сайланган Сенатда демократлар етакчиси бўлиши кутилаётган Гарри Рейд 12 декабр кунги чиқишида Ироқ бўйича қарор қабул қилишни кечиктириш “ҳеч кимнинг манфаатига хизмат қилмайди”, деди. Республикачи сенатор Чак Хагел эса “The New York Times” газетаси мухбирига берган интервьюсида Ироқ бўйича қарор қабул қилишни кечиктириш “кечириб бўлмас ҳол” эканини айтган.

Президент Буш маъмуриятининг бирорта юқори лавозимли расмийси танқидларга оммавий ахборот воситалари орқали ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

Маълумотларга кўра, Давлат котиби Кондолиза Райс Ироқнинг сунний уламолари Бош вазир Нурий ал-Маликийни қўллаб-қувватлаши кераклигини айтган. Райс фикрича, Ироқда барқарор вазиятни қайта тиклаш учун сунний ва шиалар коалициясини тузиб, исёнчиларни ҳар томонлама изоляция қилиш керак. Бироқ АҚШ вице президенти Дик Чейни бу режа натижа бермаслигига ишора қилган. Чейни АҚШ Ироқда кўпчиликни ташкил этган шиалар ҳукуматини кўпроқ қўллаб-қувватлаши керак деган фикрда.

Пентагондаги учрашувдан кейин президент Жорж Буш Сурия ва Эрон билан музокара ўтказиш ҳақида ҳеч нарса гапирмади. Эрон ядровий қуролга эга бўлишга интилаётгани учун Вашингтон расмийлари Теҳрон билан сўзлашувлар ўтказишга қизиқиш билдирмаяпти.

АҚШ Ироқда кўпчиликни ташкил этган шиалар ҳукуматини қўллаб-қувватлаши кераклиги ҳақидаги Дик Чейни билдирган фикр Саудия Арабистони эътирозига сабаб бўлди. АҚШнинг Яқин шарқ минтақасидаги яқин иттифоқчиси бўлган Риёд расмийлари агар АҚШ Ироқдан ўз қўшинларини олиб чиқса, мамлакатда кенг миқёсда фуқаролар уруши юз бериши ҳақида Оқ Уй расмиларини бир неча марта огоҳлантирган.

“The New York Times” газетасининг билдиришича, Дик Чейни яқинда Риёд шаҳрига борганда Саудия раҳбарлари уни - агар АҚШ Ироқнинг шиа ҳукуматини қўллаб-қувватласа, Саудия Арабистони ироқлик суннийларни молия билан таъминлашга мажбур бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Айни пайтда, 11 декабр куни саудиялик бир гуруҳ уламолар дунёнинг сунний мусулмонларини Ироқдаги шиаларга қарши сафарбарликка чақирди.

Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчиси шахзода Туркий ал-Файсал эса кутилмаганда Вашингтондан ўз ватанига жўнаб кетди. У лавозимидан истеъфога чиқмоқчи экани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG