Линклар

П. Хойнонен: “Андижон фожеасининг Ўзбекистон ҳукумати нуқтаи назаридаги манзарасини чиза олдим“


Фарруҳ Юсуфий Андижон воқеаларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга келган Европа Иттифоқи экспертлари пайшанба куни Андижонга борди. Озодлик мухбири Европа Иттифоқи делегациясига етакчилик қилаётган Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Пекке Хойнонен билан телефонда боғланишга муваффақ бўлди.

П. Хойнонен: “Мени яхши эшитяпсиз, деб умид қиламан, чунки биз ҳозир Андижонда, автобусда ўтирибмиз”.

Мухбир: Мен сизни яхши эшитяпман, жаноб Хойнонен, Андижонда нималарни кўрдингиз, кимлар билан учрашдингиз?

П. Хойнонен: “Биз маҳаллий прокуратура, ички ишлар бошқармаси ходимлари билан учрашдик. Бизни 2005 йил, 13 май кунги воқеалар рўй берган жойларга олиб боришди, хусусан бизни Андижон турмаси, милиция бўлими, Бобур майдони ва ҳокимликка олиб боришди. Хуллас, Андижон воқеалари билан боғлиқ деярли ҳамма жойга бордик”.

Мухбир: Жаноб Ҳойнонен, Андижон сафари давомида фақатгина маҳаллий расмийлар билан учрашдингизми, ё оддий андижонликлар билан ҳам гаплашдингизми?

П. Хойнонен: “Йўқ, бунга имконимиз бўлмади. Вақтимиз етмади. Бизга бундай имконни беришди, лекин биз бу имкондан фойдалана олмадик”.

Мухбир: Демак, Андижонга бориб, маҳаллий ҳокимият вакилларидан бошқа ҳеч ким учрашмадингиз?

П. Хойнонен: “Йўқ расмийлардан бошқа ҳеч ким билан учрашмадик”.

Мухбир: Айтингчи, Андижонда кўрганларингиздан бундан бир ярим йил аввал рўй берган воқеалар манзарасини чиза олдингизми?

П. Хойнонен: “Ҳа, воқеанинг Ўзбекистон ҳукумати талқинидаги версияси бўйича аниқ манзарага эга бўлдим. Ва менимча, бу манзара аслида рўй берган воқеаларга мос келади”.

Мухбир: Аниқроқ айта олсизми, аслида рўй берган воқеалар деганда, нимани назарда тутяпсиз?

П. Хойнонен: “Рўй берган воқеалар манзараси демоқчиман”.

Мухбир: Сизнингча, қандай воқеалар рўй берган экан, Ўзбекистон ҳукумати айтаётганидай террорчилар ҳуружими амалга оширилганми, ё маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари таъкидлаб қелаётгандай тинч намойишчилар ўққа тутилганми?

П. Хойнонен: “Кечирасиз, мавзуга жуда чуқур кириб кетяпмиз, мен айта олишим мумкин бўлган маълумотлар чегарасидан чиқиб кетяпмиз. Биз Европа Иттифоқига ҳисоботимзни топширамиз, улар кейин бу маълумотлардан қандай фойдаланишни ҳал қилади. Бундан ортиқ ҳеч нарса дея олмайман”.

Мухбир: Жаноб Ҳойнонен, ноқулай саволим учун узр, лекин фақатгина Андижон расмийлари билан учрашиб, оддий андижонликлар билан учрашмасдан, қандай қилиб 13 май воқеалари ҳақида аниқ манзарани чиза олдингиз?

П. Хойнонен: “Ўзбекистон ҳукумати нуқтаи назаридаги аниқ манзарани чиза олдим, демоқчиман. Улар менга керак бўлган маълумотларнинг барчасини берди”.

Мухбир: Жаноб Ҳойнонен, Сиз етакчилик қилаётган делегация Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари аҳволини ҳам муҳокама қилиши керак эди. Бу мавзуда Ўзбекистон томони билан гаплашдингизми?

П. Хойнонен: “Йўқ, бу нотўғри. Аслида, инсон ҳуқуқлари ва бу борадаги мулоқот масаласи кейинроқ, ҳисоботимизни Европа Иттифоқининг мутасадди идораларига топширганимиздан кейин ҳал этилади”.

Мухбир: Жаноб Хойнонен, бизга келган хабарларга кўра, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари сизлар билан учрашишни ният қилган, лекин уларга бундай имкон берилмаяпти экан, бу ҳақда нима дея оласиз?

П. Хойнонен: “Биласизми, балки шундай бўлгандир ҳам. Лекин бизнинг делегациямиз иккига бўлинди. Делегациямиздан кимлардир инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан учрашиши керак эди. Лекин ким учрашиши кераклиги аниқ эсимда йўқ”.

Мухбир: Сиз Ўзингизчи, Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари сифатида, ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари билан учрашишни режалаштирмаганмисиз?

П. Хойнонен: “Йўқ, ҳамма билан учрашишга улгура олмайман. Мен масалалар орасидаги энг муҳимини танлашим керак эди. Бугун Андижонга боришим муҳимроқ бўлгани учун, бу ерга келдим”.

Мухбир: Лекин Европа Иттифоқи экспертлари Ўзбекистонга ҳар куни бораётгани йўқ-ку, наҳотки, инсон ҳуқуқлари масаласига аввалдан вақт ажратилмаган бўлса?!

П. Хойнонен: “Йўқ, улар билан учрашиш режаларимизда бор эди. Айтяпманку, экспертларнинг баъзилари улар билан учрашган бўлиши керак. Аниқ билмадиму, лекин делегациямиздан бир-икки киши инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан учрашиши керак эди. Фақат мен, бу учрашувга бора олмади”.
XS
SM
MD
LG