Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:34

П. Хойнонен: "Махбусларнинг исмлари ошкор этилмаслиги ҳақида келишиб олганмиз"


Фарруҳ Юсуфий Андижон воқеаларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга сафар қилган Европа Иттифоқи экспертларининг бир гуруҳи пайшанба куни Андижонга борган, делегациянинг бир неча аъзоси Тошкентда қолиб, ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашиши керак эди. Жума куни эрталаб олинган маълумотларга кўра, Андижонга бормасдан, Тошкентда қолган ЕИ экспертлари Андижон воқеаларида айбланиб, қамалганлардан икки нафари билан учрашган. Озодлик мухбири Европа Иттифоқи делегациясига етакчлик қилаётган Финляндия ташқи ишлар вазирлиги мулозими Пекке Хойнонен билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлди.

Мухбир: Жаноб Хойнонен, Тошкентдан келган хабарларга кўра, пайшанба куни сиз етакчилик қилган экспертлардан баъзилари Андижон воқеаларида айбланиб қамалган махбуслар билан учрашган, буни тасдиқлай оласизми?

П. Хойнонен: “Ҳа, улар икки махбус билан учрашган”

Мухбир: Махбусларнинг исмларини айта оласизми?

П. Хойнонен: “Йўқ, уларнинг исмлари ошкор этилмаслиги ҳақида келишиб олганмиз”.

Мухбир: Европалик экспертлар улар билан нималар ҳақида гаплашди?

П. Хойнонен: “Улар ўша куни, яъни 2005 йил, 13 май куни Бобур майдонида отишмалар қандай қилиб бошланиб кетгани ҳақида гапириб беришди”.

Мухбир: Хўш, улар нималарни гапириб беришди? Ҳақиқатан ҳам Андижон воқеаларини келтириб чиқарганмиз, дейишдими ёки ўзларининг айбсизлигини айтиб беришдими?

П. Хойнонен: “Биласизми, уларнинг айбдор ёки айбдор эмаслиги масаласи суд томонидан ҳал этилган ва бу махбуслар суднинг қарорига эътироз билдирмади”.

Мухбир: Жаноб Хойнонен, Европа Иттифоқи экспертларининг бу махбуслар билан учрашишдан мақсади нима эди?

П. Хойнонен: “Бизни улар қандай шароитда сақланаётганлари ва ўзлари нималарни гапириб беришлари қизиқтирди. Асосий мақсадимиз ўша қизиқишимизни қондириш эди. Бу учрашувда қандайдир жиддий далилларни кашф этишни кўзламаган эдик. Лекин, шу пайтгача расмий ҳужжатларда кўрсатилмаган баъзи маълумотларга эга бўлдик”.

Мухбир: Бу маълумотлар нималардан иборат бўлди?

П. Хойнонен: “Кечирасиз, лекин бу ҳақда ортиқча ҳеч нарса айта олмайман”.

Мухбир: Жаноб Хойнонен, бу махбуслар қандай сақланаётгани масаласига тўхталсак. Улар қандай сақланмоқда экан?

П. Хойнонен: “Ҳар қалай улар ҳеч нарсадан шикоят қилмади. Менимча, саволингизга бундан аниқроқ жавоб беролмасам керак”.

Мухбир: Жаноб Хойнонен, аввалги суҳбатимизда Андижонга бормасдан, Тошкентда қолган европалик экспертлар инсон ҳуқуқлари ташкилотлари билан ҳам учрашади, деган эдингиз. Улар қайси ташкилотлар билан учрашди?

П. Хойнонен: “Менимча, улар бугун Ўзбекистон Омбудсмани ҳамда Американинг АйЭнБи инсон ҳуқуқлари ташкилоти билан учрашди”.

Мухбир: Жаноб Ҳойнонен, Ўзбекистон Омбудсмани ҳукумат мулозими ҳисобланиши, АйЭнБи ташкилоти эса унчалик номи чиқмаган ташкилот бўлгани боис, саволни бошқача қўйсам: Ўзбекистонда фаолият юритаётган ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда фаолроқ ва таниқли ташкилотлар, хусусан Хьюман райтс уотч ташкилоти вакиллари билан учрашмадингизми?

П. Хойнонен: “Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари биз билан учрашиш ҳақида мурожаат қилганми-йўқми, билмайман, бундан хабарим йўқ. Сиз айтаётган ташкилотлар билан ҳам учрашганимиз йўқ”.
XS
SM
MD
LG