Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:11

Эронда маҳаллий кенгашларга сайлов ўтказилди


Эронда маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтди. Кузатувчилар фикрича, мазкур сайловлар 2005 йил ҳокимият тепасига келган президент Маҳмуд Аҳмадийнажод учун биринчи жиддий синовдир. Ушбу сайлов ҳукумат сиёсатига таъсир этмасада, унинг натижалари халқ президент рақибларини қанчалар қўллаб-қувватлашини кўрсатиши айтилмоқда.

15 декабр куни эронликлар шаҳар ва қишлоқ кенгашлари ҳамда катта таъсирга эга бўлган Экспертлар Ассамблеяси аъзоларини сайлаш учун овоз бердилар.

Пойтахт Теҳрондаги сайлов участкаларидан бирида овоз берган президент Маҳмуд Аҳмадийнажод мухбирларга Эрон “буюклик йўлидан бораётгани”ни айтди:

“Биз ташқи душманларимиз Эрон халқига нисбатан ўз адоватини ўзгартириши ва тўхтатишига умид қиламиз. Чунки Эрон халқи катта қарор қабул қилиб буюклик йўлидан оғишмай, қатъий бормоқда”, – дея баёнот берди Эрон раҳбари.

Ушбу икки сайлов халқаро ҳамжамият Эроннинг ядровий дастури борасида Теҳрон расмийларига босим ўтказаётган бир пайтга тўғри келди. Ядровий масалалар бўйича Эроннинг Бош музокарачиси Али Ларижоний сайловда кўп фуқаролар қатнашиши халқ ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлаётгани кўрсатишини айтди.

86 ўриндан иборат Экспертлар Ассамблеяси аъзолиги учун сайловида қатнашишни сўраб 500га яқин фуқаро ариза топширган. Бироқ уларнинг учдан икки қисмига рад жавоби берилган. Экспертлар Ассамблеяси аъзолиги учун сайловда қатнашишга рухсат берилган 160 номзоддан атиги бир нафари диний уламо эмас.

Айни пайтда, эронликлар шаҳар ва қишлоқлардаги 113 мингта кенгашга аъзо бўлиш учун даъвогарлик қилаётган 233 минг номзоддан ўзларига маъқул бўлган номзодлар учун овоз бердилар. Эрондаги маҳаллий сайловларда 46 ярим миллион фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга экани эълон қилинди.

2003 йилда ўтказилган маҳаллий сайловларда ислоҳотчи мўътадил сиёсатчилар тарафдорлари овоз бериш учун сайлов участкаларига бормагани сабабли мўтадил сиёсатчилар консерваторларга кўп ўринларни бой берган эди. Бу галги сайловда мўътадил сиёсатчилар ўзларининг барча тарафдорларини сайловда фаол қатнашишга даъват қилдилар. Сайловнинг расмий натижалари келаси ҳафта эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG