Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:42

“Ҳамас” ҳаракати Ғазода содир бўлган отишмани Фаластин Бош вазирига суиқасд, дея бахолади


Фаластиндаги “Ҳамас” ҳаракати пайшанба куни Ғазо секторида содир бўлган отишмани ҳаракат раҳбари, айни пайтда Фаластин Бош вазири бўлган Исмоил Хония ҳаётига уюштирилган суиқасд, дея бахолади. Фаластинда миллий бирлик ҳукумати тузиш уринишлари давом этаётганига қарамай, кузатувчилар, Миср чегарасида рўй берган воқеа “Ҳамас” ва “Фатх” гуруҳи ўртасидаги муносабат қанчалик кескин эканини кўрсатади, деган фикрда.

“Ҳамас” ҳаракати Фаластинда ҳокимият тепасига келганидан кейин АҚШ ва Ғарб давлатлари Фаластинга кўрсатаётган ёрдамини тўхтатган эди. Бунга “Ҳамас”нинг Исроил давлатини тан олиш, зўравонликлардан воз кечиш ҳамда Исроил билан олдин имзоланган шартномаларни бажаришни рад этгани сабаб бўлган.

Молиявий ёрдамдан мосуво бўлган “Ҳамас” етакчилари минтақа давлатларида маблағ йиғиш кампаниясини ўтказмоқда. Фаластин Бош вазири Исмоил Хония ана шу мақсадда Мисрга борган эди. У Фаластин халқи учун хомийлардан тўпланган бир неча ўн миллион долларни олиб келаётганда Исроил ҳарбийлари Ғазо чегарасида Хонияни Фаластин ҳудудига киритмади. Исроил расмийлари бу пул экстримистларни молиялаштиришга сарфланиши мумкин деган фикрда, Хониянинг мамлакатга киришига рухсат бермади.

Исмоил Хония чегарадан ўтишга рухсат берилишини етти соат кутганидан кейин охири ўзи билан олиб келган пулларни Мисрнинг “Қоҳира” банкидаги ҳисобга қўйишга рози бўлди. Кейин Исроил расмийлари уни чегарадан ўтишига рухсат берди. Бош вазир текширув пунктидан Фаластин ҳудудига ўтиши билан отишма бошланиб кетди.

Маълумотларга кўра, Бош вазир Исмоил Хония машинада ўтиб кетаётганида “Фатх” гуруҳига тарафдор чегарачилар ва “Ҳамас” ҳаракати жанггарилари ўртасида отишма содир бўлган. Бу отишма нима сабабдан бошлангани ҳозирча маълум эмас.

Қуролли тўқнашув пайтида Хониянинг бир қўриқчиси халок бўлди, унинг ўғилларидан бири яраланди.

Жума куни “Ҳамас” ҳаракати вакили Исмоил Радван содир бўлган отишмани Бош вазирга уюштирилган суиқасд, дея бахолади. У “Фатх” аъзоси Муҳаммад Дахланни суиқасд уюштиришда айблади. Дахлан Фаластин президенти Маҳмуд Аббоснинг яқин дўсти. Ўз навбатида “Фатх” гуруҳи бўлиб ўтган воқеага ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаб, барча айбловларни рад этди. Президент Маҳмуд Аббос нохуш воқеа рўй берганидан афсусланиш билдирди.

Фаластин Бош вазири Исмоил Хония Мисрдан чегарадан кесиб Ғазо секторидаги уйига етиб келганидан кейин бўлиб ўтган воқеа ҳақида журналистларга бундай деди:

“Мисрга ташрифимиз Фаластин халқига нисбатан жорий қилинган адолатсиз қуршовни ёриб ўтишда эришилган муваффақият бўлди. Шунинг учун чегара бир неча соатга ёпиб қўйилиб, қайтишимизга тўсқинлик қилинди”, – деди Фаластин Бош вазири.

Ғазо сектори чегарасидаги отишмадан кейин “Ҳамас”нинг ўн минглаб тарафдорлари жума куни Ғазо шаҳрида намойиш ўтказдилар.

Исмоил Хониянинг минтақа давлатларига сафари давомида хомийлар “Ҳамас” етакчилигидаги Фаластин ҳукуматига 350 миллион доллар маблағ беришни ваъда қилганлари айтилмоқда. Ушбу маблағнинг 250 миллион долларини Эрон ваъда қилган.

АҚШ ва Ғарб давлатлари Фаластинга молиявий ёрдамни тўхтатгани оқибатида “Ҳамас” етакчилигидаги Фаластин ҳукумати давлат идораларининг 165 минг ходимига ўз вақтида маош тўлай олмаётган эди.
XS
SM
MD
LG