Линклар

Бийлик кўйлаги чокини йиртган исён

  • Сарвар Усмон

Қозоғистоннинг энг янги тарихига “Желтўқсон қўзғолони” номи билан кирган воқеа юз берганига шу кунларда 20 йил тўлди. Бу ғалаён Совет Иттифоқи интиҳосининг ибтидоси бўлган эди.

Бундан 20 йил муқаддам миллий иззат-нафсни менсимай тўралик қилган Кремлнинг қилиғига қарши бош кўтариб, Олмаотанинг марказий майдонига чиққан қозоқ ёшлари бу ҳаракати билан Совет Иттифоқи деган сунъий танага кийдирилган кўйлакнинг чокини йиртиб қўйганини билганмиди?

Кремлнинг хурмача қилиқ қилгани, республикани бошқаришга миллати рус Колбинни олиб келиб қўйгани республиканинг туб миллат вакиллари - қозоқ ёшларининг иззат-нафсига оғир ботди. Улар қоринларини эмас, қадрларини ўйлаб бош майдонга бош кўтариб чиқди.

Желтўқсон воқеаси иштирокчиларидан бири, ўша вақтда талаба бўлган Абдилхон Уули бундай эслайди:

“Тўртта чойшабга шиорлар ёзиб олиб, уларни кўтариб чиқдик. "Қозоғистонни қозоқ бошқарсин!", "Қунаев қайтарилсин!" деганга ўхшаш шиорлар эди”.

Халқ билан фақат мажлисларнинг президиумларидан туриб гаплашишга кўниккан бийлик халқнинг бу журъатидан эсанкираб қолди. Қўрқоқ бийлик қўлидаги тўппончага ёпиша қолди. Уни ишга солди. Қон тўкилди. Қама-қамалар бошланди. Ўлим жазосига ҳукмлар ўқилди.

“Бизни Олмаотанинг Тошкент кўчасидаги турмага олиб боришди. 2,5 соат қорнинг устида ўтирганмиз. Кейин тепиб, калтаклаб турманинг ичига олиб киришганди. Қўлимни қайириб синдиришган, бурнимни пачоқ қилишган”, - деб эслайди Абдилхон Уули.

Қозоғистон ССР Компартияси ўша вақтда тайёрлаган ҳисоботда айтилишича, Желтўқсон исёнида 11 минг киши иштирок этган. Улардан 860 киши қамоққа олинган, бир киши ўлган.

СССР тарқагандан сўнг эълон қилинган маълумотларга қараганда эса бу ғалаёнга 40 мингтагача одам чиққан, 5 мингтагача киши қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум қилинган.
XS
SM
MD
LG