Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:02

Дуо ўқиб, кинна солиб тузатиб бўлмайдиган “эскича” касаллик


Шу кунларда Жиззах вилояти прокуратураси қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида амалга оширилган жиноятлар бўйича кенг кўламли текширув-тергов ишларини олиб бормоқда.

Бу ҳақда хабар берган норасмий манбанинг айтишича, прокуратура қўшиб ёзишда айблаб, Учтепа пахта тозалаш заводи директори ва бошқа бир қанча масъул лавозимли хизматчиларни ҳибсга олган, завод билан ҳамкорлик қилган фермерларни чақириб, сўроқ қиляпти.

Қўшиб ёзиш бундан 15 йил аввал тарқаб кетган Совет Иттифоқининг томирларини кесиб ташлаган “болта”лардан бири эди.

Юқоридаги раҳбарга яхши кўриниш учун қўшиб ёзиш орқали нафақат рамақижон бўлиб қолган иқтисодиёт кўрсаткичларини сунъий равишда кўтарганлар, балки мўмайгина пул ҳам ишлагандилар совет даврида.

Кейинроқ бу ҳодиса ҳақли равишда “маъмурий буйруқбозлик тизими”нинг характеридан келиб чиқадиган иллат сифатида қораланган эди.

Жиззахлик фермер Азимжон аканинг айтишича, советлар тузумига учун ҳос бўлган ўша иллат мустақил Ўзбекистон шароитида ҳам сақланиб қолган.

“Масалан, вилоят ҳокими туман ҳокимларидан қандай бўлмасин пахта планини бажаришни талаб қилади. Туман ҳокимлари эса фермерларга тазйиқ ўтказади. Пахта планини бажарасанлар, акс ҳолда ерни тортиб оламиз, дейишади. Шундан кейин планини бажара олмаган фермерлар пахта заводи директори, тарозибонлари билан келишиб, планига етмаган пахтани сотиб олади. Пулни олишгач, фермерларга “шунча тонна пахта олиб келди”, деб қўшиб ёзиб беришади”, - деб тушунтирди фермер.

Демак, пахтанинг ўзи йўқ. Қоғозда эса бор, режа бажарилаверади.

Азимжон аканинг билдиришича, айни кунларда прокуратура Жиззах туманидаги Учтепа пахта заводида содир этилган иқтисодий жиноятларни текширмоқда.

“Пахта заводи директори қамоққа олинган. Заводнинг тарозибони, товаршуноси ҳам қамоқда. Айтишларича, мазкур заводда 1 миллиард сўмдан зиёд камомад аниқланган”, - дейди жиззахлик фермер.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов қўшиб ёзиш жинояти мустақил Ўзбекистон шароитида ҳам сақланиб қолганини ўзи ўрганган бир конкрет иш мисолида далиллайди.

“2003 йили Жиззахда бир жиноят ишида ҳимоячи сифатида қатнашган эдим. Жиззахдаги 8-ун комбинатининг 5-6 ходими жавобгарликка тортилган ва мен уларни ҳимоя қилиш билан шуғулланганман. Мен ҳимоя қилганлардан бири бир неча минг тонна буғдойни ўзлаштиришда айбланаётган эди. Жиноят иши 48 томдан иборат эди. Ишнинг биринчи томи ярмисини ўқибоқ 2001,2002,2003 йиллар давомида Жиззахда дон маҳсулотлари жуда катта миқдорда қўшиб ёзилганини исботладим. Мен "исботладим", деган сўзимни таъкидлаб қўймоқчиман. Исталган пайтда қўлимдаги ҳужжатларни кўрсата оламан. Ишни олиб бораётган Жиззах вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси терговчиси менинг масала моҳиятини, ўша қўшиб ёзишнинг фойдасини вилоят раҳбарлари кўрганини тушуниб қолганимни сезиб, мени ишдан четлатиб юборди”, - дейди Т.Ёқубов.

Қўшиб ёзиш жиноятига қарши шу кунларда Жиззах вилоятида олиб борилаётган кураш доирасида юқоридаги суҳбатдошимиз – жиззахлик фермер Азимжон ака ҳам вилоят прокуратурасига чақирилган.

“Кеча бордим, - дейди у, - чақирган терговчи иш жойида йўқ экан, кутиб-кутиб қайтиб кетдим”.

Лекин Азимжон ака қўрқаётгани йўқ.

“Чунки қўшиб ёзмаганман. Бундай ишни биринчи марта кўраётганим йўқ. 2004 йили ҳам худди шундай иш бўлиб ўтган эди. Ўшанда вилоят прокуратурасининг катта терговчиси чақирган, 10 дақиқа савол-жавоб қилган, кейин мени умуман чақирмаган эди”, - дейди жиззахлик фермер.
XS
SM
MD
LG