Линклар

logo-print

КХДР музокараларни талаб қўйишдан бошлади

  • Барно Анвар

Пекинда Шимолий Кореянинг ядровий дастури масаласида қарийб бир йил олдин тўхтаб қолган олти томонлама музокаралар бошланди. Томонлар КХДР ядровий қурол синови ўтказгандан 2 ой ўтиб, илк бор шундай учрашувга тўпланди.

Пекинда ёпиқ эшиклар ортида бошланган музокаралар аввалданоқ кескин тус олди. Чунки Шимолий Корея ўз ядровий дастурини тўхтатиш эвазига кутилгандан каттароқ талабларни ўртага қўйди. Ҳозирча бу талаблар борасида аниқ маълумот берилаётгани йўқ. Бироқ музокара жараёнидан яхши хабардор дипломатларнинг айтишича, КХДРнинг бу талаблари томонларга хуш келмаган ва бунга жавобан АҚШнинг махсус вакили, давлат котиби ўринбосари Кристофер Ҳилл “Вашингтоннинг сабр-косаси тўлди”, деган мазмунда огоҳлантириш берган. Бироқ К.Ҳилл бу Вашингтон муаммони музокаралар йўли билан ҳал қилишни истамаётганидан дарак эмаслигини қўшимча қилган.

АҚШ, Хитой, Япония, Россия, Шимолий ва Жанубий Корея иштирокида бошланган музокараларнинг бу босқичидан кўзланган асосий мақсад ҳамон ўша, 2005 йил сентябрь ойида ўртага ташланган таклиф, яъни хавфсизлик ва иқтисодий ёрдам эвазига КХДРни ядровий дастуридан воз кечишга кўндиришдир.

Ҳозирданоқ бу музокараларда катта натижага эришиш маҳоллиги ҳақида фикрлар билдирилмоқда. Хусусан, Жанубий Корея расмийлари музокаралар жуда суст бораётгани, бу аҳволда мақсадга етиб бўлмаслигини айтмоқда. Япония мудофаа вазири Фумио Кйума эса расмий Пхенян танқидларни мутлақо кутилмаган тарзда қабул қилиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

“Ҳозирги вазиятида Шимолий Корея Иккинчи жаҳон урушидан аввалги Японияни эслатади. Яъни Шимолий Корея бу танқидларни таҳдид, деб тушуниши мумкин ва шу туфайли унинг кейинги қадами қандай бўлишини олдиндан айтиш қийин”, - деди Ф.Кйума.

Аксар кузатувчилар эса олти томонлама музокараларда гўёки томонлар бир қарорга келгандек, аммо аслида Шимолий Кореяни яккалаб қўйишга уриниш билан масала ҳал бўлмайди, деган фикрда. Бу борада самарали чора сифатида Шимолий Кореяга Хитой босим ўтказиши керак, деган таклиф илгари сурилмоқда. Яъни Шимолий Кореянинг иқтисоди жуда оғир аҳволда ва у ташқаридан олинадиган энергетик ва иқтисодий ёрдамга муҳтож. Бироқ Шимолий Кореяга нисбатан таъсир доираси кучлилигича қолаётган Хитой унга қаттиқ босим ўтказишни унчалик хоҳлаётгани йўқ.

Шимолий Кореяга нисбатан кучли таъсир қила олиши мумкин бўлган яна бир давлат - АҚШда эса, аксар таҳлилчилар фикрича, бу борада аниқ, муайян механизм йўқ. Бироқ Вашингтонда мавжуд бир реал имконият бор, бу Шимолий Кореянинг савдо ҳамкорлари бўлган давлатларни унга нисбатан чекловлар қўллашга кўндиришдир. Бир йил аввал АҚШ бунга муваффақ бўлган ва миллионлаб доллар маблағни музлатишга эришган эди.
XS
SM
MD
LG