Линклар

logo-print

Янги қонун бюджетни бойитадими ёки чўнтакни?

  • Сарвар Усмон

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон президенти мамлакатдан чиқиш ва унга кириш ҳамда чет эллик фуқароларнинг Ўзбекистон ҳудудида бўлиш тартибини кучайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади.

Ҳужжатга биноан Ўзбекистоннинг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига тегишли ўзгартишлар киритилади.

Илгари чет эллик фуқаро Ўзбекистон ҳудудига кириш тартибини бузса, энг кам иш ҳақининг 50 дан 100 бараваригача бўлган миқдорда жарима тўлаши ёки 3 йилдан 5 йилгача қамалиши мумкин эди. Янги қонунга кўра эса тўланадиган жарима миқдори кўпайтирилиб, энг кам иш ҳақининг 200дан 400 бараваригача миқдорга кўтарилди. Озодликдан маҳрум қилиш муддати ўзгаришсиз қолди.

Янги қонун моддаларидан бирининг моҳияти шу.

Мазкур ҳужжат талабларини бажаришга бевосита масъул идораларнинг бир нечаси “Озодлик” мухбирига бу ўзгаришлар тўғрисида шарҳ беришдан бош тортди.

Ўзбекистонга кириш, ундан чиқиш, республика ҳудудида юриш президент имзолаган янги қонунгача ҳам, юмшоқроқ айтганда, осон бўлмаган.

Ҳатто ўзаро визасиз борди-келди мавжуд Қозоғистон чегарасидан ўтишда ҳам аллақанча қийинчиликлар бор.

“Ўзбекистондан ўтиш бироз қийин бўляпти. Бироқ йўлини қиляпмиз, тирикчилигимиз ўтяпти”, - дейди ўзбек-қозоқ чегарасидан тез-тез ўтишига тўғри келадиган савдогар аёл.

“Йўли” қандай қилиниши тўғрисида чегарадан ўтганларнинг мутлақ кўпчилиги жуда яхши билади.

“Йўлдаги мелисалар, божхоначию чегарачиларнинг халтаси тўляпти холос, ҳаммаси олади, ҳаммаси шилади”, - дейди яна бир савдогар аёл.

Чегарадан ўтиш тартиби тўғрисидаги қонунда белгилаб қўйилган жарималар милиция ходимлари, чегарачилар, божхоначиларнинг таъмагирлиги, фуқароларни қўрқитиб пул олиш учун бир восита холос, дейди таҳлилчилар.

Чегараолди ҳудудларидаги миллатлараро муносабатлар бўйича мутахассис, қирғизистонлик Светлана Гафарованинг айтишича, бу муносабатларга икки давлат ўртасидаги чегара масканларидаги аҳвол ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатяпти.

“Ҳар икки томон чегарачилари ҳам порахўрликда бир-биридан қолишмайди. Чегарачилар, такрор айтамизки, фуқароларнинг пулини одатда қонунлар билан қўрқитиб олади. Президент Каримов ўтган ҳафтада имзолаган қонун эса қўрқитиш воситасини янада кучайтириши аниқ”, - дейди қирғизистонлик таҳлилчи.

Хўш, нима учун Ўзбекистон раҳбари жарималар миқдорини 2-3 баравар оширди? Балки ўша жарималар давлат бюджетининг киримлар қисмини кўпайтириш воситасидир?

Ўзбекистонлик таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, чиндан ҳам жарималар миқдори кўтарилиши ортида бюджетни бойитиш мақсади ётган бўлиши мумкин.

“Лекин, менимча, бу ҳам навбатдаги хомхаёлдир. Чунки янги қонун чегарада ўтирган амалдорларга яна бир қулайлик яратади, холос. Шу пайтгача 10 доллар эвазига чегаранинг истаган жойидан, истаган пайтингизда ўтиб кетаверишингиз мумкин эди. Энди ўша 10 доллар бир неча бараварга кўпаяди. Бюджетга жарималарнинг 10 фоизи тушсаям катта гап”, - дейди Т.Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG