Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:39

Қорақалпоғистонликлар газ ва электр таъминотидаги узилишлардан норози


Сўнгги ҳафталарда Қорақалпоғистоннинг бир неча ҳудудларида газ ва электр таъминотидаги сурункали узилишлардан қаттиқ норози бўлган аҳолининг чиқишлари кузатилди.

Жумладан, Амударё туманининг Чўйкўл қишлоғи аҳолиси ўз норозилигини Манғит-Нукус автомобиль йўлини тўсиб олиш орқали билдирди.

“Хўжайлида ҳам аҳоли тўртта жойда йўлларни тўсиб қўйган. У ердаги намойишда беш мингга яқин одам қатнашди. Улар Қорақалпоғистонни Россиянинг жанубий вилоятлари ва Қозоғистон билан боғловчи автомагистрал йўлни тўсиб қўйган. Одамлар газ таъминотини яхшилаш, аҳолини ун билан таъминлаш ва бензин нархини туширишни талаб этган”, - дейди воқеаларни кузатган қорақалпоғистонлик журналист.

Қорақалпоғистонда бу йил қиш анча эрта бошланди. Ноябрь ойи ўрталаридаёқ бу ерда 15-20 даража совуқ қайд этилган.

Қиш чилласида уйларига электр ва газ берилмаётган аҳолининг эса кўчага чиқиб норозилик билдиришдан бошқа чораси қолмади.

“Бундай аҳвол одамларни кўчага чиқишга ундади. Асосан, улар автомагистрал йўлларни тўсиш билан ўз норозилигини билдирди”, - дейди маҳаллий журналист.

Аксарияти аёллар ва ёш болалардан иборат ўнлаб намойишчилар маҳаллий расмийларни одамларнинг тақдирига бефарқликда айблаган. Улар газнинг умуман йўқлиги ва электр таъминотидаги кундалик узилишлар одамларни шундай қадамга мажбур қилганини айтган.

Аксар қорақалпоғистонликлар қиш мавсумида бу каби ҳолатнинг сурункали муаммога айланиб бораётганлигини айтади. Ўтган йилларда ҳам шу муаммо туфайли Қорақалпоғистонда аҳолининг норозилик чиқишлари кузатилган.

“Ҳатто баҳорда, нисбатан иссиқ мавсумда ҳам Амударё туманида шундай чиқишлар кузатилган эди. Бобур посёлкаси аҳолиси автомобиль йўлини тўсган эди ўшанда”, - дейди маҳаллий журналист.

Шу ой бошларида Қорақалпоғистонга қўшни Хоразм вилоятида ҳам қиш чилласида аҳолига газ етишмаётгани норозиликларга сабаб бўлган, Шовот туманида аҳоли норозилик билдириб йўл тўсган эди.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида Туркманистондан кейин иккинчи йирик газ захирасига эга. Бироқ Ўзбекистон ўз газини, асосан, қўшни давлатларга экспорт қилади ва у мамлакатга нақд валюта тушуми келтирувчи манбалардан бири ҳисобланади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, газ экспортининг айнан қиш ойларида кучайиши маҳаллий истеъмолда узилишларга сабаб бўлади.
XS
SM
MD
LG