Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:15

Расмий Тошкент ЕИ вакилларини ҳуқуқ ҳимоячиларидан “асради”


Европа Иттифоқи экспертлари гуруҳининг Андижон воқеаларини муҳокама этиш учун Ўзбекистонга сафар қилгани маҳаллий инсон ҳуқуқ ҳимоячилари учун яна бир аччиқ синовга сабаб бўлди.

“Ўн бир кун давомида ортимдан кузатиб юришди, уйимни ўраб қўйишди, ўзимни худди қамал ҳолатида ҳис қилдим. Ҳозир бу қамал бекор бўлиб, эркин нафас олдим”, - дейди жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиëр Ҳамроев.

Жиззахлик яна бир ҳуқуқ ҳимоячиси Маъмуржон Азимов ҳам 11 кун давомида уй қамоғида ўтиргани, назорат қилувчилар ундан ҳеч қаерга қимирламасликни, шундай топшириқ борлигини айтганини билдирди.

Инсон ҳуқуқлари фаолларининг кучли кузатувга олиниши ва бу кузатувнинг 17 декабрь куни бекор бўлиши нафақат Жиззахда, балки Фарғона ва Тошкентда ҳам кузатилди.

Қамоқдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг Марғилондаги яқинлари ҳам шаҳардан ташқарига чиқарилмади. Унинг Тошкентда яшайдиган акаси Расулжон Тожибоевнинг ҳар бир қадами кузатув остида бўлди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ўзларининг бундай кучли назоратга олинишини ЕИ делегациясининг Тошкентга сафари билан боғламоқда.

“Маъмуржон Азимовга кузатув сабабини кузатаëтганларнинг ўзи айтиб берган ва кузатув бекор бўлгани ҳақида ҳам унга телефонда хабар қилишган”, - дейди Б.Ҳамроев.

Р.Тожибоев ҳам ЕИ делегацияси кетгандан сўнг кузатув бирдан тўхтаганини маълум қилди.

Б.Ҳамроев айни пайтда назорат бекор қилинганини билдириб, бу вақтинчалик экани, яна бирор делегация келса, кузатув қайтадан бошланишини таъкидлади.

“У ëки бу ташриф олдидан барча мамлакатларда хавфсизлик чоралари кўрилади, аммо расмий Тошкентнинг бу қадамини хавфсизлик тадбири, деб бўлмайди. Бу ҳуқуқ ҳимоячилари оғзини ëпишга қаратилган ҳаракат. Бу ўзбек расмийларининг дунë ҳамжамиятидан ва ўзбек халқидан ҳақиқатни яширишга навбатдаги уринишидир”, - дейди “Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти вакиласи Алисон Гилл.

Гилл хоним Тошкентга сафарлари чоғида ҳуқуқ ҳимоячиларининг уйи қамал қилинганига бир неча бор гувоҳ бўлганини айтди.

“Уй махсус хизмат ходимлари ва маҳалла посбонлари воситасида қамал қилинади. Уйдан чиққан ва уйга кирган кишилар назоратга олинади. Буни уй қамоғи, деб тарифлаш мумкин. Биз бу ҳақда, яъни ҳуқуқ ҳимоячилар уйи қамал қилингани ҳақида ЕИ давлатларига маълум қилдик”, - деди у.
XS
SM
MD
LG