Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:41

“Ҳамма душманга қарши курашга” ёки тавба-тазаррулар сири


АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни дин эркинликлари бўйича ўта хавотирли давлатлар сафига киритгани Ўзбекистон раҳбариятини анча хавотирга солган ва дарғазаб қилган кўринади.

Олинган норасмий маълумотга кўра, президент Ислом Каримов Давлат департаментнинг бу хулосасидан ғазабланиб, ҳатто ҳукумат расмийларини ҳам жазолаган. Жумладан, тахминан бир ярим ой муқаддам Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси раҳбарлигидан президентнинг дин ишлари бўйича давлат маслаҳатчи даражасига кўтарилган Шоазим Миноваров ишдан бўшатилган. Унинг ўрнига эса Ўзбекистон Фанлар Академияси ҳузуридаги Қўлёзмалар институти директори, тарих фанлари доктори Баҳром Абдуҳалимов давлат маслаҳатчи вазифасига тайинланган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, бу ҳозирча норасмий манбалардан олинган маълумот.

Ўзбекистоннинг расмий идоралари, одатдагидек, сукутда. Аммо норасмий манбалар, жумладан, “Uznews.net” ахборот сайти Ш.Миноваров айнан АҚШ Давлат департаменти ҳисоботидан сўнг қаҳру ғазабга учраганини ёзди.

Ўзбекистонлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам бу тахмин асосли эканини таъкидлади.

“Албатта, бундай маълумотларни президент девони ёки бошқа расмий идоралардан аниқлаш қийин. Аммо бизгача келган хабарларга кўра, АҚШ Давлат департаменти ҳисоботи натижалари президентни анча дарғазаб қилган ва шундан сўнг Ш.Миноваров лавозимидан бўшатилган. Аслида Ўзбекистонда анча танилган бу одам таниқли ўзбек олими Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг набираси сифатида ҳурмат қилинадиган амалдорлардан бири эди”, - деди А.Ташанов.

Бироқ президент қаҳрига учраган Ш.Миноваров бутунлай четга суриб қўйилмаган кўринади. Унинг ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимига тайинлангани ҳақида маълумотлар бор. Гарчи расмий идоралар бу борада ҳам сукутни афзал кўраётган бўлса-да, Ташқи ишлар вазирлиги сайтида Шоазим Миноваров номи вазир ўринбосарлари қаторида турибди.

Ўзбекистонлик аксар кузатувчилар фикрича, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонни дин эркинликлари масаласида ўта хавотирли давлатлар сафига киритгани мамлакат раҳбарларини анчагина хавотирга солмоқда. Буни аввалига пойтахт, кейин эса вилоятлардаги оммавий ахборот воситаларида Давлат департаменти хулосасининг аксини исботлашга уринилган оммавий чиқишлар кампанияси ҳам далиллайди.

Куни-кеча Наманган телевидениеси вилоятда анчагина танилган ва муқаддам ваҳҳобийлик диний оқимига алоқадорликда айбланиб 17 йилга қамалган ва тез орада озод қилинган таниқли маҳаллий дин пешвоси Абдулаҳад Барноевнинг тавба-тазарруси ифодаланган кўрсатувни намойиш этган. Кўрсатувда Ўзбекистон ҳукумати мунтазам равишда экстремист, террорчи ташкилот раҳбарлигида айблаб келадиган Тоҳир Йўлдош, Жума Намангонийнинг номи тилга олинган. Сўнгра уларнинг “бузғунчилик, мамлакатдаги барқарорликни издан чиқаришга қаратилган” мақсадларига алданган шахс сафида Абдулаҳад Барноев тақдим қилинган.

А.Барноев шахсини яхши биладиган наманганлик суҳбатдош бу кўрсатув ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашиб: “Бу одам 1990 йиллар бошида ҳам сиёсий, ҳам диний арбоб сифатида танилган эди. Қайта қуриш даврида кўтарилган демократик жараёнларда ҳам фаол иштирок этган. Кейинчалик 17 йилга қамаб юборилди, бироқ қамоқдан келгандан сўнг у бирдан телевидениеда чиқиш қилди ва тавба қилиб, кечирим сўради. Абдулаҳад ўз қўшнилари ва яқинларига кўнглини очиб, шундай чиқиш қилиб беришга мажбур бўлганини айтган. Одамлар эса бунақа кўрсатувларга ишонмай қўйган. Чунки халқнинг сиёсий саводи ҳам анча ошиб қолган ҳозир”, - деди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов эса давлат оммавий ахборот воситалари орқали тавба қилаётган бу фуқаролар аксар ҳолларда шунга мажбур қилингани ҳақида ўзида маълумотлар борлигини билдирди.

“Телевизорни кўриб турган томошабинлар, табиийки, буни яхши билади. Чунки бунақа гап ерда ётмайди. Қийноққа солиниб, тавба-тазарруга мажбур қилинган фуқаролар ва уларнинг яқинларидан шунга мажбур этилгани ҳақида кўрсатмалар бор”, - деди С.Икромов.
XS
SM
MD
LG