Линклар

logo-print

Ироқ вице-президенти АҚШ ҳарбийларининг қаттиққўллигини танқид қилди

  • Сарвар Усмон

Нью-Йоркда Ташқи алоқалар кенгашида чиқиш қилган Ироқ вице-президенти Ториқ Ҳошимий зўравонликлар авж олаётганига, баъзиларнинг Ироқда фуқаролар уруши чиқиб кетиши мумкин, деб хавфсираётганига қарамай, ўз мамлакати келажагига некбинлик билан қарашини билдирди.

Т.Ҳошимий амалдаги ҳукуматни шакллантирган сунний мусулмонлар партияларидан бири - Ироқ исломий партияси етакчисидир. Унинг айтишича, Бағдоддаги кўплаб сиёсатчилар АҚШ ҳукуматининг Ироқ бўйича янги сиёсати эълон қилинишини кутмоқда.

Т.Ҳошимий Америка ҳарбийларининг Ироқдаги ҳозирлигини қўллаб-қувватлар экан, айни пайтда уларни мамлакатдан олиб чиқиш стратегияси ишлаб чиқилиши кераклигини ҳам таъкидлади.

Нью-Йоркда қилган чиқиши чоғида у Вашингтондан мутлақо янги стратегия кутаётганини айтиб ўтди.

Вице-президент америкаликлар Ироқда шу пайтгача қўллаган усуллар самарали бўлмаганини айтар экан, айниқса, АҚШ ҳарбийларининг қаттиққўллик қилиб келганини танқид қилди.

“Янги стратегияни ишлаб чиқиш вақти келди. “Ал-Қоида”нинг Ироқдаги ресурслари минг кишидан ортмайди. Америка маъмуриятининг шу пайтгача қўллаган усуллари мазкур хавфга мутаносиб бўлмади. Бу сиёсат ўзгартирилиши лозим, чунки ундан самара чиқмади”, - деди Т.Ҳошимий.

У ўтган ҳафтада Оқ уйда Жорж Буш билан учрашди. Ироқ вице-президентининг айтишича, учрашув пайтида у АҚШ президентига ўз қарашларини яна бир бор билдирар экан, АҚШ маъмурияти Ироқ халқи олдидаги мажбуриятларига риоя қилиши кераклигини уқтирган.

“Хавфсизликни таъминлаш йўлидаги муаммолардан бири Ироқда қўшинлар етишмаслигидир. Коалиция спектри доирасидаги 135 минг аскардан 20-25 минггигина жанговар аскар эканини, қолган аскарлар бошқа ишлар бандлигини айтсам, балки ҳайратга тушарсиз”, - деди T.Ҳошимий.

“Шуниси ачинарлики, - давом этди Ироқ вице-президенти,- ҳукуматнинг мамлакатдаги тартибни қайта тиклаш йўлида хорижий ҳарбийларга таяниши ўз ҳарбийларининг заифлиги оқибатидир”.

Унинг сўзларига кўра, Ироқда ал-қайдачилар билан исёнчилар аниқ фарқланиши даркор. Исёнчилар сиёсий жараённинг ҳақиқий иштирокчилари бўлиши зарур.

“Сиз буни исён, деб атайсиз, биз эса қаршилик ҳаракати, деймиз. Биз уларга бажаришлари мумкин бўлган салмоқли лойиҳа таклиф этсаккина улар сиёсий жараёнга ўз ҳиссасини қўшиши ва унда иштирок этиши мумкин ва улар шунга тайёрдир. Мен ўтган ҳафталар давомида уларга ўйин қоидалари ўзгарганини, янгича иш юритиш пайти келганини уқтиришга уриндим. Уларнинг талаби нимадан иборат эканини, улар нималарни орзу қилаётганини билиш ва уларни ҳамкоримизга, сиёсий жараённинг иштирокчиларига айлантириш учун даврамизга чорлашимиз зарур”, - деди Т.Ҳошимий.

У АҚШга сафари арафасида исёнчи гуруҳларнинг бир неча вакили билан учрашгани, улар мамлакатдаги сиёсий жараёнга қўшилишга тайёр эканини АҚШ ҳукуматига етказиб қўйишни сўраганини ҳам айтиб ўтди.
XS
SM
MD
LG