Линклар

“21” Туркманбоши учун бехосият рақам бўлди

  • Абдулла Искандар

Тақдирнинг ўйиними, тарихнинг эврилишими, оддий ҳаётий тасодифми, хуллас, Сапармурод Ниёзовнинг ўлими у Туркманистон раҳбари этиб тайинланган кун – 21 декабрга тўғри келди.

С.Ниёзов 1940 йил февралда Ашхободда туғилган. 1948 йилги даҳшатли зилзилада онаси ва укасидан ажралиб, етим вояга етган бўлажак Туркманбоши бундан 21 йил олдин, 1985 йилнинг 21 декабрида КПСС Марказий қўмитаси қарори билан 45 ёшида Туркманистон компартияси биринчи котиби этиб тайинланганди.

Етимхонада улғайиб, рус аëлига уйланган, Тошкент олий партия мактабини тугаллаган С.Ниëзов Кремль талабларига мос келадиган раҳбар эди.

Ўша пайтда Туркманистон компартияси Марказий қўмитасида ишлаган Александр Додонов С.Ниëзов лавозимга тайинланган кунни яхши эслайди.

“Ўша куни ҳаво роса айниди. Шамол турди. Айни пленум бошланган пайтда осмону фалак қоп-қора булут билан қопланди. Қум бўрони бошланди. Бу одам бехосият, шекилли, деган фикр кўнглимдан ўтди”, - дейди А.Додонов.

1990 йилнинг октябрь ойида С.Ниëзов ўз лавозими номини президент, дея ўзгартирди. Кейин ҳажга бориб, ҳожи бўлди.

Ўша пайтда Туркманистонда юқори лавозимларда ишлаган, бугунга келиб туркман мухолифатининг ўзагини ташкил қилувчи беш-олти мулозим С.Ниëзовга садоқат билан хизмат қилишга қасамëд этган. Улар орасида ўша пайтда Туркманистон ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган Авди Қулиев ҳам бор.

“У Туркманистонни талади, туркман халқини гадога айлантирди”, - дейди А.Қулиев.

1993 йилда Туркманистон Халқ маслаҳати қарори билан С.Ниëзов бир умрлик президентга айланди.

90-йилларда Туркманистонда ижтимоий таъминот вазири бўлиб ишлаган Нурмуҳаммад Ханамовнинг айтишича, сўнгги 20 йил ичида Туркманистон ижтимоий таназзулга юз бурди.

“Совет даврида юртимиз озод бўлмаса ҳам тўқ эди. Хор-зорлик, очлик, нашавандлик, ишсизлик, бир бурда нон учун танасини сотиш каби иллатларни айнан С.Ниëзов даврида кўрдик. 20 йил давомида С.Ниëзов бизни 20-асрдан 21-асрга эмас, балки ўрта аср қаърига улоқтирди”, - дейди Н.Ханамов.

Бундан бир йил аввал Ашхободнинг бош майдонида С.Ниëзов раҳбарлигининг 20 йиллиги тантанали нишонланган эди. Орадан бир йил ўтиб бу майдондаги байроқлар мотам муносабати билан туширилди. Бундан олдин Туркманбоши шаънига алëрлар айтган туркман оинаи жаҳонидан мотам садолари таралмоқда.

2004 йилда Халқ маслаҳати йиғинида чиқиш қилган Туркманбоши ўз ўрнини ëшларга бўшатиб бериш ҳақида ҳам гапирган эди.

“Азиз одамлар, етмиш ëшга етганимдан кейин менга рухсат беринглар, чунки умрлик зот йўқ. Мана, ўғлонлар етишиб келмоқда”, - деганди Туркманбоши.

Туркманбоши ўшанда 2008 йилдан сўнг мамлакатда президент сайлови ўтказишга ваъда берганди.

С.Ниëзовнинг орқасида рафиқаси Муза Ниëзова, ўғли Мурод, қизи Ирина ва икки набираси қолди.
XS
SM
MD
LG