Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:47

Ўзбекка Мисрда ҳам тинчлик йўқ


Пайшанба куни Қоҳирада Миср хавфсизлик идораси ходимлари Шоҳрух Халиқулов исмли ўзбек қочқинини ҳибсга олди. Ш.Халиқулов 2005 йилнинг 10 октябрида Ўзбекистонни тарк этган эди.

Ўзбекистонда унга нисбатан ваҳҳобийлик диний оқимига аъзолик бўйича жиноят иши қўзғатилгач, у БМТ қочқинлар идорасининг Мисрдаги бўлимига ўзига қочқин мақомини беришни сўраб мурожаат этган ва шу пайтгача БМТ ҳужжати асосида Қоҳирада истиқомат қилиб келган.

“Ҳозир мени полиция бўлимига олиб келишди. Нима мақсадда келганим, Ўзбекистонда нима муаммо бўлгани ҳақида сўрашди. Ҳозир ҳам ушлаб туришибди”, - деди Ш.Халиқулов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

У Ўзбекистонда ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва Ўзбекистонга қайтарилса, қамоққа олиниши хавфи борлигини айтди.

Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина ҳам Ш.Халиқулов ҳақида билишини маълум қилди.

“Мен бу йигитча ҳақида эшитганман. Янгийўлда унинг Интернет-кафеси бўлган. Кейинчалик хавфсизлик ходимлари ўша кафега ташриф буюрувчилар рухсат этилмаган сайтларга киришини иддао қилган ва ўшандан кейин кафега доим келувчи саккиз шахс қўлга олинган ва улар Ш.Халиқуловга қарши кўрсатма берган”, - деди Е.Рябинина.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов Ш.Халиқулов ваҳҳобийлик оқимига алоқадорлик айби қўйилганини учун Мисрдан бошпана сўраганини тасдиқлар экан, Янгийўлда шу айб билан қамалган саккиз йигитга қўйилган айб судда ўз исботини топмаганини таъкидлади.

Ҳозир Мисрда ҳибсда ушлаб турилган Ш.Халиқуловнинг Ўзбекистонга депортация қилиниши қанчалик эҳтимолга яқин, буниси қоронғу. Аммо Е.Рябинина Миср ҳукумати халқаро қонунчилик доирасида иш юритишига ишонади.

“Шу ёшгина йигитчами ёки бошқа шахсга қандай айблов қўйилишидан қатъий назар, ҳеч ким Ўзбекистонга қайтариб берилмаслиги керак. Чунки Ўзбекистонда қийноқлар кенг қўлланилиши ҳаммага аён”, - деди у.

“Озодлик” мухбири Ш.Халиқулов масаласида кўпроқ маълумот олиш учун БМТ қочқинлар идорасининг Қоҳирадаги бўлимига қўнғироқ қилди. Бироқ жума Мисрда иш куни бўлмагани сабабли бу ҳақда маълумот олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG