Линклар

logo-print

Туркманбоши ўлиб ҳам мамлакатини муаммолар қуршовига ташлаб кетди

  • Сарвар Усмон

Мамлакат ҳаётининг ҳар бир соҳасини мутлақ ўзи назорат қилиб келган Туркманистон президенти Сапармурод Ниёзов бевақт ўлимидан сўнг ҳам ечими қийин бўлган кўплаб масалаларни қолдириб кетди.

Туркманбошидан мерос қолган масалалар чигаллиги даражасини унинг ўлими муносабати билан чиқишлар қилган кўплаб сиёсатчи ва сиёсатшунослар, таҳлилчи ва кузатувчиларнинг аниқ бир фикр билдиришга қийналганидан ҳам сезиш мумкин.

Президентнинг ўлимидан (ёки бу ҳақда расман эълон қилингандан) сўнгги бир неча соат шуни кўрсатдики, Туркманбошининг иддаою фироқларидан келиб чиқиб қурилган режим бирдан қулаб тушмади.

Давлат бошқаруви дарҳол муайян шахс қўлига – бош вазир ўринбосари Қурбонгули Бердимуҳаммедовга ўтди. Маълумотларга кўра, у марҳум президентнинг қариндошидир.

Аслида Конституцияга биноан давлат бошқарувини парламент раиси Авазгелди Отаев қабул қилиб олиши керак эди. Бироқ президентнинг вафоти эълон қилинган кун унинг устидан жиноят иши очилди.

21 декабрь куниёқ юз берган мана шу икки воқеа кўп нарсани тушунишга ёрдам беради.

Хўш, яқин келажакда нима бўлади?

“Озодлик” радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Даниэль Киммиж фикрича, бу саволга Туркманистон конституциясидан келиб чиқиб жавоб бериб бўлмайди. Чунки Туркманбоши даврида мамлакатнинг Бош қонуни шунчаки чиройли матн ёзилган қоғоз эди. Ҳокимият учун кураш эса ёпиқ эшиклар ортида ўтади.

Туркманбошининг ўлимидан сўнг оддий туркманистонликларнинг ҳаёти қай томонга ўзгариши мумкин?

Д.Киммиж бу саволга жавоб берар экан: “Шу кунда ҳар бир киши президентнинг ўлими ўзига хос ислоҳотлар эшиклари очилишига, сиёсий тизим юмшашига, умуман кўплаб ижобий ўзгаришлар юз беришига сабаб бўлади, деб умид қиляпти. Лекин мамлакатда олдиндан белгилаб қўйилган бирор сиёсий курс йўқлигини унутмаслигимиз керак. Диктарорнинг ўлими ҳар доим ҳам демократик ислоҳотлар бошланиши дегани эмас”, - деди.

Ҳар ҳолда Туркманбоши ўлимидан кейинги ўзгаришлар кўп жиҳатдан унинг ортида қолган амалдорларга боғлиқлиги аниқ гап. Туркманистон бўйича мутахассис, Очиқ жамият институтининг Туркманистон бўйича лойиҳаси раҳбари Эрика Дейли бу амалдорлар ўртасида ҳозирданоқ кураш бошланганига ҳайрон бўлмаётганини билдирди.

“Ниёзовнинг вафот этгани тўғрисидаги хабар пайдо бўлиши биланоқ унинг атрофида бўлган кучлар турли йўллар билан ҳокимият учун курашни бошлаб юборганига ҳайрон қолмасаям бўлади. Айни пайтда мамлакатдан ташқаридаги мухолифат ҳам ватанга қайтишга шайланиб турибди. Бундан ташқари, ўзи учун қулай бўлган шахсни ҳокимиятга олиб келишни мўлжаллаётган, газ ва нефть савдосига алоқадор уюшган жиноий гуруҳлар ҳам бор”, - дейди Эрика Дейли.

Туркманистоннинг мухолифатдаги Республикачилар партияси раиси ўринбосари Чори Эшонниёзов мухолифатчилар биринчи имконият пайдо бўлиши биланоқ ватанга қайтишга шай турганини маълум қилди.

“Туркманистондан ташқаридаги мухолиф кучларнинг юртга қайтиш вақти етиб келди”, - деди Чори Эшонниёзов.
XS
SM
MD
LG