Линклар

logo-print

ЕИ экспертлари хулосаси оммага ошкор этилмайди

  • Барно Анвар

Европа Иттифоқи экспертларининг ўтган ҳафта Ўзбекистонга қилган сафари тафсилотлари ва натижалари деярли сир тутилаётган бўлса-да, “Озодлик” бу борадаги айрим маълумотларни қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Сафар давомида ЕИ экспертлари Ўзбекистон ҳукумати расмийлари билан мулоқотда бўлди, уларга Андижон воқеаларида айбланиб қамалган маҳбуслар билан учрашиш ва Андижонга сафар қилиш имкони берилди.

Аммо бу сафар тафсилотлар деярли тўлалигича сир тутилди ва делегацияга бошчилик қилган Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги мулозими Пекке Хойнонен сафар натижалари яқин-атрофда маълум қилинмаслигини ҳам очиқ айтди.

Бироқ узоқ уринишлардан сўнг ЕИ ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари комиссари Ҳавьер Солананинг матбуот котиби Кристина Галлаҳ “Озодлик” радиосига сафар мақсади ва тафсилотлари ҳақида сир тутилаётган айрим маълумотларни билдиришга рози бўлди:

- ЕИ экспертлари кимлар билан учрашди ва бу учрашувларда қандай мавзулар кўтарилди?

- Экспертларимиз бир кун Тошкентда ва бир кун Андижонда ишлади. Ўзбекистоннинг бир неча расмийлари, адвокатлар ва маҳбуслар билан учрашди. Сафар натижалари ҳақида хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон ҳукумати расмийлари Андижон воқеаларининг биринчи босқичи, жумладан, давлат идораларига қарши қуролли ҳужумлар уюштирилгани ҳақида керакли маълумотлар берди. Бироқ улар ўтган йил 13 май куни содир бўлган намойишлар, тартибсизликлар ва тинч аҳолининг ўлдирилиши ҳақида атрофлича маълумот бермади.

- Галлаҳ хоним, Ўзбекистон аҳли, шу билан бирга, халқаро жамоатчилик ЕИ экспертлари аниқлашга муваффақ бўлган маълумотлар билан қизиқяпти. Шу боис, навбатдаги савол – делегация хулосалари билан қачон танишишимиз мумкин?

- Делегация хулосалари таҳлил қилиниб, ҳисобот кўринишида ЕИнинг тегишли органларига тақдим этилади. Бу ички ҳисобот бўлади. Ҳозирча уни оммага ошкор қилиш ниятимиз йўқ. Узил-кесил хулоса чиқаришдан олдин уни чуқур таҳлил қилишимиз лозим. Шундан сўнг миссия аъзоларининг таҳлилдан кейинги таклифлари муҳокама этилади. Сўнг Андижон воқеалари борасида Ўзбекистон ҳукумати билан қандай муносабат ўрнатиш масаласи кўриб чиқилади. Бу биз кўзлаган мақсаднинг биринчи босқичи. Ҳозирча фақат шуларни айта оламан.

- ЕИ экспертларининг Ўзбекистонга сафарини аслида қандай атасак тўғри бўлади? Ўзбекистон ҳукумати халқаро текширув ўтказишга розилик бермай келмоқда, аммо ташкилотингиз экспертларини мамлакатга таклиф қилди?..

- Юқорида айтиб ўтганимдек, бу миссия халқаро текширув ўтказиш ёки янги фактлар топишни мақсад қилган эмас. Мутахассислар Андижон воқеалари ҳақида мавжуд маълумотларни Ўзбекистон расмийлари билан муҳокама қилди. Биз улар ўз фикрларини билдиришини кутяпмиз. Сўнг уларнинг Андижон воқеалари ҳақида хулосалари ЕИнинг барча аъзоларига тақдим этилади.
XS
SM
MD
LG