Линклар

АҚШдан қутулиб, Россияга тутулиб...

  • Барно Анвар

Россия оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, Россия ҳарбий ҳаво кучлари форс-мажор ҳолатларда Ўзбекистоннинг Навоийдаги янги авиабазасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди.

Россия ҳарбий ҳаво кучлари бош қўмондони ўринбосари Айтеч Бижевнинг маълум қилишича, ноябрь ойи бошларида Россия Мудофаа вазирлиги расмийлари Ўзбекистонга сафар қилган вақтда шундай келишувга эришилган.

А.Бижев Россия ОАВ вакилларига берган интервьюсида шахсан ўзи бу аэродромда бўлгани ва у собиқ иттифоқ давридан буён деярли тўкис ҳолда сақлаб келинаётгани ҳақида гапирди.

“Шу йил ноябрь ойи бошларида биз у ерга бордик ва Ўзбекистон мудофаа вазири билан учрашганимизда шу мавзуда гаплашдик. Илгари МДҲнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича бирлашган тизимидан чиққан Ўзбекистон ҳозир биз билан ҳамкорлигини яна фаоллаштиряпти. Яқин орада Ўзбекистоннинг МДҲ бирлашган мудофаа кучлари таркибига қайтиши ҳам эҳтимолдан холи эмас”, - деди А.Бижев.

Унинг қўшимча қилишича, 2007 йил апрель ойида ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг қўмондонлик штаб машқлари ўтказилади ва бу машқлар чоғида А-50 радиолокацион қидирув самолётлари текширувдан ўтказилади. Навоийдаги аэродром эса ана шундай оғир турдаги ҳарбий самолётларни қабул қилишга мослашган йирик ҳарбий базадир.

А.Бижев Россия томони аэродромдан фойдаланиш эвазига уни қўшимча аэронавигация техникаси ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими билан жиҳозлашни ваъда қилганини билдирди.

Унинг айтишича, келажакда Ўзбекистонда МДҲ ҳаво ҳужумидан мудофаа бирлашган кучларининг Марказий Осиё бўйича ягона минтақавий тизими штабини ташкил этиш ҳам режа қилинмоқда.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев Россия расмийлари айтаётган бу аэродром Учқудуқдаги авиабаза бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.
“Навоийда учта аэродром бор. Бири Навоий шаҳри ёнида, бири Зарафшонда, яна бири Учқудуқда. Учқудуқдаги аэродром анча катта ва оғир турдаги ҳарбий самолётларни қабул қила олади. У ерда самолётларининг учиш-қўниш йўлаклари 4 километргача боради ва бир вақтнинг ўзида кўплаб ҳарбий самолётларни қабул қилиши мумкин. Фикримча, бу аэродром кейинчалик КХШТ доирасидаги асосий ҳарбий базалардан бирига айланиб қолса керак”, - дейди Т.Йўлдошев.

Сиёсатшуноснинг фикрича, Россия билан ҳамкорликни, хусусан, ҳарбий алоқаларни мустаҳкамлаш Ўзбекистон раҳбарияти учун янада муҳим масалага айланиб боряпти, Туркманистондаги вазиятдан сўнг ҳар икки давлат ҳукуматлари учун бу масала янада муҳим нуқтага кўтарилган.
XS
SM
MD
LG