Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:37

Тўрткўлликлар норозилиги


Қорақалпоғистон жанубидаги Тўрткўл шаҳрининг Ибн Сино маҳалласи аҳли газ таъминотидаги узилишларга норозилик билдириб, 19 декабрь куни Нукус-Тошкент автомагистрал йўлини бир неча соат давомида тўсиб қўйди.

“Қўшни маҳалладаги аёллар асфалтга ётиб олиб, йўлда жонли тўсиқ ясади”, - деди воқеа гувоҳларидан бири.

Юзага келган газ тақчиллиги тўрткўлликларни шундай норозилик чиқишига мажбур қилган. Аксар қорақалпоғистонликлар қиш мавсумида бу каби ҳолатнинг сурункали муаммога айланиб бораётганлигини айтади.

“Газ йўқлигидан қозон ўчоқда овқат пиширяпмиз. Уйимизни ўтин ёқиб қиздирамиз”, - дейди норозиликда қатнашган аёллардан бири.

Сўнгги ҳодиса газ ва электр тақчиллиги юзасидан кузатилаётган илк норозилик чиқиши эмас. Ўтган ой охири ва шу ой бошларида ҳам Қорақалпоғистонда бу каби чиқишлар бир неча бор бўлиб ўтган.

Ўзини Абдулла деб таништирган йигитнинг айтишича, маҳаллий аҳолини норозиликка чиқишга ундаган нарса фақат газ, электр тақчиллиги бўлмаган.

“Улар ун ва ўсимлик ёғи нархи қимматлигига ҳам норозилик билдирди”, - дейди Абдулла.

Воқеа гувоҳларидан бирининг сўзларига кўра, асосан аёллар ва ёш болалардан иборат ўнлаб намойишчи маҳаллий расмийларни одамларнинг тақдирига бефарқликда айблаган. Тўрткўл ҳокимлиги вакиллари келиб, уларнинг талабини бажаришга ваъда бергандан сўнггина норозилар тинчиган.

Шу ой бошларида Хоразмнинг Туркманистонга чегарадош Шовот туманида яшовчи бир гуруҳ аҳоли ҳам норозилик билдириб, Шовот яқинидан ўтувчи автомагистрални тўсиб қўйганди.

Юзага келган газ ва электр таъминотидаги сурункали узилишлар билан боғлиқ тартибсизликлар шу ҳафта Андижонда ҳам кузатилган.

“Фарғона.Ру” ахборот агентлиги мухбирининг хабар беришича, Андижон шаҳридаги кичик даҳалардан бирида дарғазаб аёллар газ идораси ходимини дўппослаган. Бунга аҳоли қишнинг совуқ кунларида газ, электр энергиясиз яшаётгани сабаб бўлган. 10-15 аёл газ йўқлиги, чироқ тез-тез ўчаётгани ҳақида ўзаро можаро қилиб турган пайтда газ идораси ходимидан яқин кунларда муаммо ҳал бўлмаслигини эшитиш уларнинг сабр-косасини тўлдирган ва йигит дўппосланган. Можарога аралашган эркаклар газ идораси ходимини аёллар қўлидан аранг ажратиб олишга муваффақ бўлган.

Ўзини Дилшодбек деб таништирган андижонлик йигит шу воқеадан кейин ҳам газ ва электр муаммоси ҳал этилмаганини маълум қилди.

“Ҳозир қишлоқларда кўпроқ чироқ ўчиб қоляпти. Газ пасайиб кетяпти. Одамлар совуқ қотяпти. Уларнинг ёш болалари бор, қариялар бор”, - деди Дилшодбек.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида Туркманистондан кейин иккинчи йирик газ захираларига эга. Бироқ Ўзбекистон ўз газининг катта қисмини қўшни давлатларга экспорт қилади ва газ мамлакатга нақд валюта тушуми келтирувчи манбалардан бири ҳисобланади.

Мутахассислар газ экспортининг айнан қиш ойларида кучайиши маҳаллий истеъмолда узилишларга сабаб бўлаётганини таъкидлайди.

Аммо маҳаллий эксперт Комрон Алиевнинг билдиришича, экспортдан ташқари Ўзбекистоннинг ўзида қолаётган газ ҳам мамлакат аҳолисига етиб ортади.

“Шундай экан, бу муаммо сабаблари Ўзбекистонда одамлар эҳтиёжига иккинчи даражали нарса деб қаралиши билан боғлиқ”, - дейди К.Алиев.
XS
SM
MD
LG