Линклар

logo-print

Сирли ва кутилмаган шахс

  • Барно Анвар

Туркманистон президенти вазифасини бажаришни ўз қўлига олган бош вазир ўринбосари, соғлиқни сақлаш вазири Қурбонгули Бердимуҳаммедов шахси ҳам мамлакат, ҳам халқаро жамоатчилик қизиқишини тортмоқда.

Аксар кўпчилик марҳум Туркманбоши ўрнига кутилмаганда ва ноҳақ пайдо бўлганини айтаётган Қурбонгули Бердимуҳаммедов шахси ҳақида.

49 ёшли бу амалдор тиббиёт фанлари номзоди. 1997 йилдан буён соғлиқни сақлаш ва фармацевтика саноати вазири, 2001 йилдан Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари. У, асосан, ижрочи амалдор ва ижро ҳукумати таркибидаги кўплаб технократлардан бири сифатида эътироф этилади.

Вазирлар Маҳкамасида у биринчи бор шу йил баҳорда гапирган ва бунда ҳам уни марҳум президент Сапармурод Ниёзов сўроққа тутган эди.

- Қуш тумови касаллиги бизда йўқ-да?!

- Йўқ, буюк Сардорим, бизда унақа касаллик йўқ, бўлмаган.

- Бундан бемалол бўлиб қолманг, ҳар ҳафтада маълумот бериб туринг!

- Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан иккита эксперт чақирганмиз, улар ишлаяпти, вазият яхши.

- Ғайрат қилинг, бўш келманг!

Бу ўша мажлисда Туркманбоши ва Қ.Бердимуҳаммедов ўртасидаги суҳбатдан парча. Ўшанда туркман телевидениеси Қ.Бердимуҳамедовнинг рухсорини йирик планда туркманистонликларга намойиш қилгани айтилади.

Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, жамоатчиликка деярли нотаниш, технократ амалдор мамлакат президентлигига асосий давогарлардан бири сифатида пайдо бўлди. Туркманистонлик зиёлилар унинг қонунни бузиб ҳукуматга келишининг ўзиёқ мамлакатнинг яқин келажаги марҳум Туркманбоши давридагидан заррача фарқ қилмаслигидан далолатлигини айтмоқда.

“У ҳукумат тепасига қонунни бузиш билан келди. Агар конституцияга амал қилинганда эди, жиноят содир қилгани айтилаётган Мажлис раиси ўрнига Мажлис аъзоларидан бири Мажлиснинг ўзида сайланар эди. Бироқ уни ким ва қачон сайлади — Туркманистон аҳли бундан бехабар. Шу боис ҳам бундан норозимиз ва бунга ҳаққимиз бор”, - дейди туркман зиёлиларидан бири.

Туркман жамоатчилигини ўйлантираётган асосий савол эса соғлиқни сақлаш вазирининг кутилмаганда президент вазифасини бажарувчи бўлиб қолишидир. Аксар манбаларда Қ.Бердимуҳаммедов марҳум президентнинг қариндоши, айрим манбаларда эса ноқонуний фарзанди экани айтилади. Айрим манбалар Туркманбошининг ўлими тасодифий эмаслиги, ҳукумат тепасига кутилмаган одамнинг келиб қолиши шундай шубҳага асос беришини ҳам билдиряпти.

Бироқ Туркманистон ёпиқ мамлакат бўлгани боис, бу тахминларга ойдинлик киритишнинг имкони йўқ. Туркманистон ичидаги муҳитнинг мутлақ ёпиқлигини тасдиқловчи зиёлилардан бири хавотирли сукут ичида қолган мамлакат аҳли ўз эртасидан қаттиқ ташвишда экани таъкидлади.

“Мамлакатнинг эртасидан ҳамма хавотирда. Президент бўлиб қолиши эҳтимоли катта, деб кўрилаётган бу одам биринчи кундан қонунни бузди. Шундай экан, ундан қандай яхшилик кутиш мумкин?! Афтидан Ниёзов даврдаги вазият ўзгаришсиз қолади, балки ундан ҳам оғирроқ бўлади”, - дейди зиёли.

Туркманистон президентлигига ҳозирча ягона номзод ва даъвогар сифатида турган Қ.Бердимуҳамедов эса Туркманистоннинг муваққат раҳбарияти қандай йўл тутажаги ҳақида биринчи куниёқ аниқ айтди:

“Буюк сардоримизнинг сиёсати пухта эди. Сапармурод Ниёзовнинг йўл-йўриқларига асосланган ички ва ташқи сиёсат ўзгаришсиз давом эттирилади”.
XS
SM
MD
LG