Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:38

Туркманбоши ота-онаси ва акалари ёнидан жой олди


24 декабрь куни Туркманбошини дафн этиш маросими бўлиб ўтди. Унинг жасади Ашхобод яқинидаги Қипчоқ қишлоғида жойлашган Ниёзовларнинг оилавий мақбарасига, ота-онаси ва икки акасининг ёнига қўйилди.

Сапармурод Ниёзовни сўнгги манзилга кузатиш учун Ашхободдаги президент саройига узоқ-яқин мамлакатлар ҳукуматлари вакиллари, туркманистонлик минглаб фуқаро ҳозир бўлди. Ашхобод кўчалари ўз доҳийси билан хайрлашиш илинжида бўлган фуқароларга тўлди.



Туркманистон телевидениеси бутун мамлакат буюк сардори хотирасига мотам тутаëтганини узлуксиз намойиш этди.

“Мамлакатимиз чуқур мотамга кўмилган. Буюк сардоримиз томонидан қурилган ва дунëдаги энг чиройли шаҳарларидан ҳисобланмиш Ашхобод мотам тутмоқда. Туркман халқи ва унинг яқин дўстлари мотам тутмоқда”, - деб хабар берди туркман телевидениеси.

Туркманистоннинг табиий захиралари илинжида бўлган Ғарб мамлакатлари ва Россия дафн маросимига юқори мартабали вакилларини жўнатди.

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиë бўйича ëрдамчиси Ричард Баучер ва Россия бош вазири Михаил Фрадков мотам маросимида қатнашди. Шунингдек, Туркманистоннинг газ экспортидаги асосий ҳамкори “Газпром” компанияси раҳбари Алексей Миллер ҳам маросимда ҳозир бўлди.



Президент саройидаги мотам маросими тугагач, С.Ниёзовнинг тобути у туғилган Қипчоқ қишлоғига олиб кетилди ва жасади Ниёзовларнинг оилавий мақбарасида тупроққа топширилди.

С.Ниёзов Туркманистонга 1985 йилдан буён раҳбарлик қилган. Унинг раҳбарлик даврида Совет Туркманистони мустақил давлатга айланди. 1999 йилда С.Ниёзов туркманларнинг умрбод президенти, деб эълон қилинган эди.

20 йилдан ортиқ ҳукмронлиги даврида С.Ниёзов ҳокимиятнинг барча тармоқларини мутлақ назоратига олган эди. Унинг бевақт ўлими кўплаб қийин масалаларни ечимсиз қолдириб кетди.

Туркманбошидан мерос қолган масалалар чигаллиги даражасини унинг ўлими муносабати билан чиқишлар қилган кўплаб кузатувчиларнинг мамлакатнинг кейинги тақдири ҳақида айтаëтган мавҳум башоратларидан ҳам сезиш мумкин.

Давлат бошқаруви дарҳол кўпчилик учун номаълум шахс қўлига – бош вазир ўринбосари Қурбонгули Бердимуҳаммедовга ўтди. Маълумотларга кўра, у марҳум президентнинг қариндошидир.

Аслида Конституцияга биноан давлат бошқарувини парламент раиси Авазгелди Отаев қабул қилиб олиши керак эди. Бироқ президентнинг вафоти эълон қилинган кун унинг устидан жиноят иши очилди.

Туркманистоннинг янги раҳбари мамлакатда президент сайловининг ўтказилиш санаси кейинги ҳафтада эълон қилинишини билдирди.

У имзолаган фармойишга биноан 26 декабрь куни Халқ маслаҳати аъзолари президент сайлови санасини белгилаши шарт.

Фармойишга кўра, икки ой ичида ўтказилиши режалаштирилаётган сайлов демократик руҳда бўлади. Бироқ президентликка номзодлар Халқ маслаҳати аъзолари томонидан маъқулланиши керак. Халқ маслаҳатининг 2,5 мингдан ортиқ аъзосидан ярмидан кўпи марҳум президент Сапармурод Ниёзов томонидан шахсан тайинланган.



Туркманбоши 20 декабрдан 21 декабрга ўтар кечаси юрак хуружидан вафот этди. Гарчи у жиддий касалга чалингани тўғрисида анча аввалдан овозалар тарқаган бўлса-да, Туркманбошини текширган немис врачлари бу хабарларни рад этиб, туркманлар етакчисининг соғлиғи жуда яхшилигини билдирган эди.

1997 йилда айнан немис шифокорлари С.Ниёзовнинг юрагини операция қилганди. Ўшандан буён унинг соғлиғи ҳақидаги маълумотлар мутлақ сир тутиб келинди. Аммо бир неча ой илгари Ашхободда ўтган жаҳон туркманлари анжуманида Туркманбоши унинг соғлиғи ҳақида овозалар тарқалишига йўл очган гапларни айтган эди.

“Ўринбосарларимнинг кўпчилиги рўза тутяпти, мен эса тутмаяпман. Мен юрак оғриғига қарши дори ичяпман. Мени (рўза тутмаётганим учун) айбламанглар”, - деган эди ўшанда Туркманбоши.

С.Ниëзовнинг аҳволидан мунтазам хабар олиб турган немис врачлари сўнгги марта Ашхободга келганида уга яна бир бор операция қилишни таклиф этганди. Аммо Туркманбоши бу таклифни рад этгани сабабли операция келаси йил бошларига кўчирилганди.
XS
SM
MD
LG