Линклар

БМТ Хавфсизлик кенгаши Эронга нисбатан санкциялар жорий этганига жавобан расмий Теҳрон уранни бойитиш ишларини давом эттириш учун Натанздаги ядровий марказга 3000га яқин центрифуга ўрнатади.


Бу ҳақда Эроннинг ядровий масалалар бўйича бош музокарачиси Али Ларижоний маълум қилди. Шанба куни БМТ Хавфсизлик кенгаши ядровий дастуридан воз кечишни истамаган Эронга нисбатан санкция жорий этган эди. Унда Эрондан уранни бойитишни тўхтатиш ва ядровий қурол яратиш йўлидаги барча тадқиқотлардан воз кечиш талаб қилинган. Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот Хавфсизлик кенгаши резолюциясини “бир парча қоғоз чиқиндиси”, деб баҳолади. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Али Ҳусайний эса резолюцияни “адолатсиз”, деб атади.
“Резолюция қабул қилиниши сиëсий ҳаракатдир ва бу ҳаракат ортида адолатсизлик ëтади. Ваҳоланки, бу резолюция ядровий қуролни тарқатмаслик келишувига қўл қўйган ва ундаги моддалар ҳамда Атом энергияси халқаро агентлиги қоидаларига бўйсунадиган мамлакатга нисбатан жорий этилди”, - деди Али Ҳусайний.
Исроил бош вазири Эҳуд Олмерт резолюцияни маъқуллар экан, бу ҳужжат Эроннинг ядровий дастурини тўхтатишга ёрдам беришига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG