Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:48

Ўзбекистон яқин келажакдаги ташқи сиёсати йўналишларини эълон қилди


Ўзбекистон шу вақтгача амал қилиб келган анъаналарини бузиб, мустақилликдан буён илк бор ўзининг яқин келажакдаги ташқи сиёсатининг устивор йўналишларини эълон қилди.

Мустақиллик қўлга киритилгандан бери расмий Тошкентнинг ташқи сиёсати жуда ўзгарувчан бўлиб келди. Аввалига Ўзбекистон Туркия, кейинроқ АҚШ билан яқинлашишга жиддий уринди. Андижон воқеаларидан кейин эса АҚШ билан муносабатларга дарз кетди. Шундан сўнг Ўзбекистон ташқи сиёсатининг вектори Россия ва Хитойга қаратилди.

Шу пайтгача ташқи сиёсатдаги устивор йўналишларини бир неча бор ўзгартирган Ўзбекистон Янги йил арафасида кутилмаганда яқин келажакда юритмоқчи бўлган сиёсати ҳақида эълон қилиб қолди.

“Бизнинг раҳбариятимиз шу вақтгача радикал ташқи сиëсат олиб борди, - дейди сиёсий таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев. - Аввал Россияга қарши Ғарб, араб мамлакатлари, Туркия билан яқинлашди. Эндиликда эса бунинг аксини кўриш мумкин ва унинг фақатгина салбий самараси бор, холос. Туркманбоши ҳаëтдан кўз юмгандан кейин Ўзбекистон раҳбариятининг хавотирлари кўпайиб қолди. Ҳозир Ўзбекистон узоқ хориж давлатлари билан алоқаларини яхшилашга ҳаракат қиляпти. Бунга Германия дипломатияси ҳам маълум даражада рол ўйнаяпти. Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва АҚШга уларга билан муросали сиёсат юритиши мумкинлиги ҳақида ишора бермоқда”.

Агар эълон қилинган маълумотларга асосланилса, расмий Тошкент ташқи сиëсатининг дастабки устивор йўналиши ён қўшнилари билан муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилади.

Таҳлилчилар фикрича, Марказий Осиë давлатлари орасида иқтисоди кучли ва истиқболли ҳамкор бўлган Қозоғистон билан ҳар томонлама муносабатларни тиклаш Ўзбекистон ташқи сиëсатининг устивор йўналишларидан биридир.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Носир расмий Тошкент истаганида Остона билан иқтисодий ҳамкорликларни аллақачон йўлга қўйган бўлиши, бугунги кунда эса Қозоғистон билан савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантириш ҳақидаги баёнотлар остида эса сиëсий ўйинлар ëтган бўлиши мумкинлигини айтди.

“(Ўзбекистон) Қозоғистон билан алоқаларни ривожлантиришни истаганида бу иш аллақачон амалга оширилган бўларди. Аммо ҳозир қандайдир сиëсий ўйинлар кетмоқда. Аслида Қозоғистон билан иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон учун фақат катта плюс бўлади”, - дейди Носир.

Тошпўлат Йўлдошев ҳам айни фикрларга қўшилишини билдирар экан: “Агар Ўзбекистон Қозоғистон билан иқтисодий алоқаларини ривожлантириш истагида бўлганида эди, чегараларни очар, фуқароларнинг эркин ҳаракатланиши йўлга қўйилган бўларди ва бу битта буйруқ билан қилинарди. Шунинг учун бу ерда сиëсий ўйинлар кетаëтганини инкор этиб бўлмайди. Ўзбекистоннинг чегарани очишга ҳеч қандай имконияти йўқ. Агар очгудек бўлса, ҳукуматнинг фуқароларга қанчалик зиëн етказаëтгани шундоқ аëн бўлади”, - деди.

2006 йил давомида Россия билан сиëсий ва иқтисодий алоқаларини фаол ривожлантириб келган Ўзбекистон келаси йили ҳам шу йўлда давом этмоқчи.

Ўзбекистонлик айрим кузатувчилар Владимир Путиннинг Ислом Каримов билан юқори оҳангда гаплашаëтгани Ўзбекистон раҳбарига ëқмаëтгани ва шу сабаб расмий Тошкент яна Ғарб ва АҚШга ҳамкорликка тайёрлиги ҳақида ишора юбораётгани ҳақида фикрлар билдиряпти.

Москвадаги Карнеги жамғармаси ходими Андрей Малашенко В.Путин И.Каримов билан мўътадил оҳангда гаплашаётгани, ҳамма билан шу оҳангда гаплашишини айтар экан, Ўзбекистон яна Ғарбга интилаётганини инкор этмади.

“Ҳақиқатан ҳам Каримовнинг бу ишораларини айрим мамлакатлар қабул қилмоқда. Ҳозир ҳамма Туркманистон ҳақида гапиряпти. Туркманбоши раҳбар бўлган вақтда мамлакатда инсон ҳуқуқлари поймол этилаëтганига қарамай, Ниëзовнинг Ғарб билан алоқа қилишига халақит бермас эди. Менимча, Туркманистон ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар Ислом Каримовни илҳомлантириши мумкин”, - деди А.Малашенко.

Ўзбекистон ўзининг яқин келажакдаги ташқи сиёсатида АҚШ ва Ғарб давлатлари билан ҳамкорлик масаласига ҳам катта эътибор қаратишни белгилаган.

“Агар ЕИ ҳақида гапириладиган бўлса, Ўзбекистон бу тузилманинг ўзига нисбатан иккиюзламачилик сиëсати олиб бормаслигини истайди. Гап Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳақида кетмоқда”, - дейди таҳлилчилар.

Ўзбекистоннинг Жанубий Осиë ва Тинч океани минтақаси давлатлари билан алоқаларида Хитой биринчи ўринга қўйилган. Ундан кейин эса Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон ва Покистон туради.

2007 йили Ўзбекистоннинг Яқин ва Ўрта Шарқ минтақасидаги асосий ҳамкорлари сифатида Эрон, Туркия, Саудия Арабистони, Миср, Иордания¸ Тунис, Марокаш, Малайзия ва Индонезия санаб ўтилган.

Ўзбекистон ҳукумати, шунингдек, постсовет республикалари иштирокида тузилган ташкилотлар билан кейинчалик ҳам ҳамкорлик қилишини айтган. Булар сирасига Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти киритилган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг режасида ШҲТ, БМТ, ЕХҲТ ва НАТО билан ҳамкорлик ҳам бор.

Албатта, Ўзбекистоннинг БМТ ва ЕХҲТдан хафа бўладиган жойи бор. Бу хафагарчиликларнинг аксариятига Андижон воқеаларидан сўнг юзага келган вазият сабаб. Ғарб давлатлари ҳалигача расмий Тошкентдан Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказишга рухсат беришни талаб қилади.

Ўзбекистон НАТО билан “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастури доирасида ҳамкорлик қилишга тайëр.

Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатининг устивор йўналишларини белгилашда йирик молиявий тузилмаларни ҳам ëддан чиқармаган. Тошкент Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиëт банки, Осиë тараққиëт банки билан ҳамкорлик қилишга тайëрлигини билдирган.

2005 йил охирларига келиб Ўзбекистондаги сиëсий вазиятнинг ëмонлашиб бораëтгани муносабати билан ЕТТБ мамлакатдаги барча лойиҳаларини ëпиш масаласини муҳокама қилаëтгани ҳақида хабар тарқатган ва ўшанда Жаҳон банки ҳам Ўзбекистонга берадиган молиявий ëрдамларини тўхтатиш масаласини кўриб чиқаëтганини маълум қилган эди.

2003 йилги саммит арафасида қўйилган сиëсий шартлари И.Каримов томонидан рад этилгач, 2004 йил апрелда ЕТТБ ҳукумат билан ҳамкорликни камайтиришга қарор қилган эди. Андижон воқеаларидан сўнг эса И.Каримов режимига маблағ ажратишни буткул тўхтатганди.
XS
SM
MD
LG