Линклар

Жаслиқдан яна аянчли садо келди

  • Алишер Сиддиқ

Ўзбекистоннинг иқлим шароити ўта оғир Устюрт ҳудудидаги Жаслиқ қишлоғи яқинидаги қамоқхона маҳбусларининг даҳшатли қийноқларга солинаётгани яна жамоатчиликка ошкор бўлди.

Жаслиқ маҳбусларнинг бу қийноқлар ҳақида ёзган мактублари уларнинг яқинлари орқали “Uznews.net” ахборот сайти ходимларига етиб келди.

“Бизнинг қўлимизда бу маҳбусларнинг қандай қийноққа солинаётгани ҳақидаги маълумотлардан ташқари ҳар бир маҳбуснинг исм-шарифи ва уй манзили ҳам бор. Жаслиқдан бу хатни маҳбуслардан бирининг отаси олиб чиққан ва ўғлининг аҳволи ҳақида йиғлаб гапириб берди. Мактубдан шуни тушуниш мумкинки, уларни қийноққа солиш тўхтамаяпти, фақатгина қийноқ усуллари такомиллашиб бормоқда. Диний-сиёсий айблар билан қамалган маҳбусларни нафақат қамоқхона ходимлари, балки махсус ёлланган жиноятчи маҳбуслар ҳам калтакламоқда. Қиш ойларида эса маҳбуслар совуқда ечинтирилиб, устидан муздек сув сепилар экан”, – дейди “Uznews.net” сайти раҳбари Галима Бухорбоева.

Ўзбекистондаги қийноқлар масаласи аслида йиллар давомида Ўзбекистон раҳбарияти ва халқаро жамоатчилик ўртасидаги энг асосий мунозарали масала бўлиб келган. Аммо Андижондаги қонли воқеалар Ўзбекистондаги қийноқлар борасида жамоатчилик эътиборини пасайтиргандек бўлди.

Фақат Ўзбекистон расмийлари қийноқларни ўтмишда қандай инкор қилган бўлса, бугун ҳам шундай қатъий бир тарзда рад этмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси мулозими Фарруҳ Муҳаммедов мамлакатда қийноқларнинг олдини олишга қаратилган қатор чоралар кўрилганини айтар экан, Жаслиқ қамоқхонасида жазони ўтаётганларга нисбатан қийноқларнинг қўлланилишига оид хабарлар асоссиз эканини билдирди.

“Айнан ўша чоралардан сўнг жазони ижро этиш тизимимиз мутлақо очиқ. Бу жойларни халқаро ташкилотлар тез-тез бориб кўради ва қийноқларнинг қўлланилиши мутлақо бартараф этилган”, – деди Ф.Муҳаммедов “Озодлик” радиосига.

Халқаро қизил хоч ташкилотининг Ўзбекистонда вакиллари кўп бора мамлакат қамоқхоналарини бориб кўришга имкон топгани рост. Аммо маҳбуслар уларнинг кўз ўнгида қийноққа солинмаслиги табиий. Ташкилот вакиллари маҳбусларнинг яшаш шароити билан танишади. Аммо қийноқлар масаласида тергов ўтказа олмайди.


БМТнинг қийноқлар бўйича амалдаги махсус маърузачиси Манфрэд Новак Ўзбекистонга бора олмаётган эса-да, бу мамлакатдан олинаётган кўплаб маълумотлар жиддий хавотирланишга асос бўла олишини айтган эди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда қийноқларнинг олдини олишга қаратилган чоралар вазиятни унча ўзгартирмаган.

“Ўзбекистон маълум тавсияларни тадбиқ этмоқда. Қонунчиликка баъзи ўзгартиришлар киритилди. Лекин амалда Ўзбекистон қийноқлар ҳали ҳам кенг қўлланилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Вазиятни ўз кўзим билан кўриш мақсадида Ўзбекистон ҳукуматига мени мамлакатга таклиф этишни сўраган эдим. Аммо ҳозирча Ўзбекистон ҳукумати мурожаатимга жавоб қайтаргани йўқ”, - деди Манфрэд Новак.
XS
SM
MD
LG