Линклар

logo-print

Ургут тумани ҳокими Холмуҳаммад Нуруллаевнинг қиш совуғида печка ёқиб, ундан чиққан заҳарли газлардан бўғилиб ўлгани газ таъминоти муаммоси Самарқанд вилоятида қанчалик жиддийлигини кўрсатади

  • Озодлик

Тасдиқланмаган хабарларга кўра, бу воқеа мамлакат президентини ҳам ҳайрон қолдирган ва у ҳокимнинг ўлимини текшириш учун Самарқандга Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов ва ички ишлар вазири ўринбосари етакчилигида махсус гуруҳ жўнатган.

Юқори мартабали меҳмонлар Самарқандга келиб кетгандан сўнг эса маҳаллий телевидение Ўзбекистон-Эрон қўшма корхонаси ишлаб чиқарадиган печкадан фойдаланмаслик ҳақидаги реклама роликларини эфирга узата бошлаган. Чунки Ургут ҳокими айнан шу корхона ишлаб чиқарган печкадан чиққан заҳарли газдан бўғилиб ўлгани айтилади.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг декабридан Самарқанд шаҳридаги деярли барча хонадон табиий газ билан таъминлана бошлаган.

Расмий маълумотларга қараганда, ўтган йили Самарқанд шаҳри аҳолисининг 30 фоизи газ тақчиллигидан азият чеккан. Бу йили эса шаҳарликлар икки қўлини очиб, шаҳар газ таъминоти идорасини дуо қилмоқда.

Ўтган йили қаҳратонда уйи исимагач, қишдан эсон-омон чиқиш учун шаҳарнинг бошқа қисмига вақтинчалик кўчишга мажбур бўлгани Самарқанд ҳокимини газ муаммосига эътибор қаратишга мажбур қилди. Натижада шаҳар газ идораси раҳбари жиноий жавобгарликка тортилиб, давлатга тегишли маблағни ноқонуний ўзлаштириш айби билан саккиз йилга қамалиб кетди.

Гарчи шаҳарликлар ўз хонадонларига табиий газ кириб келганидан хурсандлигини яширмаётган бўлса-да, вилоятнинг айрим туманларида вазият ҳамон ачинарли. Ургут ҳокимининг кутилмаган ўлими ҳам бу муаммонинг нақадар жиддийлигидан далолат.

Бугун вилоятда яшовчиларининг аксарияти ўтин ëқиб ёки электр печкаларда (электр таъминоти ҳам барқарор эмас) уй иситаётгани кўпчиликка сир эмас.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган Назира исмли қиз газ фақат шаҳарда борлиги, туманларда эса газ йўқлигини билдирди.

“Фақат электр плиталардан фойдаланамиз, чой дамлаётганда унга кўз тикиб ўтирамиз. Уйимизда фақат битта хона исийди. Шунинг учун отам, бобом, мен ва укам - ҳаммамиз бир хонада ухлаймиз. Ақл бовар қилмайди. Бу ҳеч қайси маданиятга тўғри келмайди”, - дейди Назира.

Аммо ургутлик Фурқат бу туманда газ катта муаммо эканини рад этади. Унинг айтишича, совуқ тушган вақтда газ бор-йўғи икки марта ўчирилган, ҳозир эса муаммо йўқ.

Мавзу юзасидан “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган Самарқанд вилояти газ таъминоти бош бошқармаси ходими газ билан боғлиқ муаммолар борлигини яширмади, аммо бу муаммо мавжудлигига истеъмолчиларни айблади.

“Ҳақиқатан ҳам айрим маҳаллаларда газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар бор. Чунки кўпчилик газни тўлалигича ëқиб қўяди, уйи исиб кетса, ойналарни очиб қўяди. Натижада газ тармоқ охиридаги хонадонларга етиб бормайди. Туманлардаги айрим хонадонларда газ йўқлигига уларнинг четда жойлашгани сабаб”, - деди газ идораси ходими.
XS
SM
MD
LG